Линклар

Малакали врачларнинг хорижга кетиб қолиши Ўзбекистон учун муаммо эмас...ми?

  • Фаррух Юсуфий

Ўзбекистон ОАВ ва расмийлари мамлакатда соғлиқни сақлаш соҳасида мисли кўрилмаган ўзгаришлар юз бераётгани ҳақида оғиз кўпиртираётганига қарамай, кўплаб малакали ўзбек шифокорлари бошқа давлатларга иш излаб кетмоқда.

Айни пайтда бу ҳолат Ўзбекистон тиббиёт соҳасининг воқелигига айланмоқда, дeйиш мумкин.

“Ҳозир бизнинг жуда кўп малакали шифокорларимиз араб давлатларида, Африкада ва Туркиянинг айрим шаҳарларида ишлаб келяпти”,- дейди Андижон вилояти туманларида ҳамшира бўлиб ишлайдиган Шоҳида.

Ҳафта бошида Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг расмий сайтида соғлиқни сақлаш вазири Феруз Назиров номидан эълон қилинган мақолада ўтказилаётган ислоҳотлар ўзбек шифокорлари шароитини анча яхшилагани, уларнинг маошлари қарийб икки ярим баробар ошгани ёзилади.

Умуман вазир мақоласидаги тезислар Ўзбекистон президенти Ислом Каримов шу ойнинг бошроғида қилган чиқишидаги фикрларга уйғундир. И.Каримов ҳам бюджет соҳаси ишчилари, жумладан, тиббиёт ходимларининг бугунги ҳаёти энг тараққий этган мамлакатларникидан қолишмаслигини таъкидлаган эди.

“Буларнинг барчаси пировард натижада одамларга тиббий хизмат кўрсатишни тубдан яхшилаш, халқимизнинг ҳаëт сифатини юксалтириш ва умр кўриш даражасини оширишга қаратилгани билан, айниқса, эътиборлидир”,- деган эди И.Каримов.

Президент ва соғлиқни сақлаш вазири гапларида жон борлигини айтади андижонлик ҳамшира Шоҳида. Лекин шунга қарамай, малакали врач яхшироқ ҳаёт илинжида Африка ва Яқин Шарқ давлатларига кетиб қолмоқда.

“Малакаси яхши ва ҳар доим изланишда бўладиган врачлар Меҳнат вазирлиги орқали Африкага, араб давлатларига бориб ҳам малакасини ошириб келяпти, ҳам ишлаб келяпти. Кейинги 3 йил давомида кўп врачлар кетди”,- дейди Шоҳиста.

Бугунги кунда қўшни Қозоғистон ёки Россияда ҳам ўзбекистонлик шифокорларнинг тиббий амалиёт билан шуғулланаётгани кам учрайдиган ҳолат бўлмай қолди. Бундан ташқари, ўзбек шифокорлари секин-аста Американи ҳам забт этмоқда. Умаржон ана шундай олий тоифали шифокорлардан бири.

“Ўзининг тестлари бор. Шу тестларни топширасиз. Кейин сизга Америкада докторликка киришга рухсат берилади. 3 йил ўқисангиз, Америкада сизга тажриба қилишга лицензия беради”,- дейди Умаржон.

Суҳбатдошларнинг таъкидлашича, чет элга ишлагани, асосан, саралаб олинган энг малакали шифокорлар кетмоқда.

Умаржон тиббиётнинг бир соҳасидаги мутахассисни чиқариш учун давлат ҳар бир талабани 7 йилдан 10 йилгача ўқитишини айтади.

“7 йил ичида умумий амалиëт врачи бўлади. У ëғи эса соҳасига қараб 7 йилга қўшимча 3-4 йил ўқиш керак”,- дейди Умаржон.

Ўзбекистон тиббий жамоатчилигини “олтин бошлар” тарк этишининг асосий сабаби тўғрисида гапирар экан, ҳамшира Шоҳида маошнинг тирикчилик қилишга етишмаслиги, кундалик ташвиш билан ўралашиб қолган тиббиёт ходимларининг ўз малакаларини ошириш ва ҳатто борини ҳам сақлаб қолишга шароит қолмаётганини билдирди.

“У ëқларда ҳам малака оширишяпти, ҳам яхши ойлик олишяпти. Масалан, 100 минг сўм ойликка битта оилани тебратиш мумкинми? Айтмоқчиманки, улар ҳаракат қиляпти”,- деди Шоҳида.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутасадди расмийлари юқори малакали шифокорларнинг хорижга чиқиб кетаётгани хусусида “Озодлик” билан гаплашишни истамади. Бу идоранинг ўз исмини айтишни истамаган ходими эса “олтин бошлар”нинг кетиб қолиши ҳозирча Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизими учун катта муаммо эмаслигини билдирди.

Лекин нима бўлганда ҳам, бугун турмуш қийинчиликлари туфайли хорижга чиқиб кетган миллионлаб ўзбек мардикорлари жамоасида юқори малакали тиббий ходимлар қатлами пайдо бўлганини айтиш мумкин.
XS
SM
MD
LG