Линклар

Қамоқхоналарда қийноқлар давом этяпти


Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи айни пайтда Навоий вилоятидаги қамоқхонада сақланаётган 27 ёшли Шуҳрат Одилхоновга нисбатан қийноқлар қўлланилаётгани ҳақида хабар тарқатди.

Тошкент вилояти судининг 2000 йил 4 февралдаги қарорига кўра, Шуҳрат Одилхонов “Ҳизб ут-таҳрир” ташкилотига алоқадорликда айбланиб, биринчи марта 6 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган. Кейинчалик Олий суд кассация тартибидаги шикоят аризасини ўрганиб, қамоқ муддатини 1,5 йилга қисқартирган.

Шуҳрат 2001 йил 13 майда озодликка чиқарилган. Лекин орадан бир йил ўтиб у конституциявий тузумга тажовуз қилиш ва тақиқланган диний ташкилотга алоқадорликда айбланиб яна ҳисбга олинган ва узоқ муддатли қамоқ жазосига хукм қилинган.

“Шуҳратни онаси Қурбонбиби қамоқҳонага бориб кўрибди. Ўғли оëқларини кўрсатиб, уриб қийнашаëтганини айтибди. Субҳонов Алишер ва уни ўринбосари Усмонов Шавкат буни жуда қаттиқ қийноққа солган”,- дейди Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромов.

Мазкур гуруҳ Навоийдаги қамоқхонада маҳбусларга нисбатан турли қийноқлар қўлланилаётгани, бу ерда намоз ўқиган ёки Қуръон тиловат қилган маҳбуслар жазога тортилаётганини ҳам хабар қилди.

Виждон тутқунларини озод қилиш қўмитаси раҳбари Баҳодир Намозовнинг таъкидлашича, Ўзбекистонда қийноқлар мунтазам давом этаётир.

“Яқинда 17-19 ёшли йигитчаларнинг бир суди бўлди. Бечораларни қилмаган ишини қийнаб, бўйнига олдиришган. Судда улар бошига газдан ҳимоя қилиш мосламаси кийдиришиб, нафас оладиган жойини ëпиб қўйишганини айтди”,- дейди Б.Намозов.

Суръат Икромов эса қийноқлар, асосан, сиёсий ва диндор маҳбусларга нисбатан қўлланилаётганини билдирди.

“Ҳамма қамоқхоналарда буларнинг алоҳида рўйхати бор. Шу рўйхатга мувофиқ қийноқ олиб борилади. Қийноқнинг ҳар хил турлари бор. Масалан, оëғи тагига резина тўқмоқлар билан уриш, ички кийимда ҳовлига чиқариб қўйиш, баданнинг кўкармайдиган жойларига уриш”,- деди С.Икромов.

Ўзбекистон ҳибсхоналарида бир муддат қамоқ жазосини ўтаган 71 ёшли Ёдгор Турлибеков айни кўринишдаги қийноқларга шахсан гувоҳ бўлганлигини айтади.

“Мен тергов изоляторида қарийб 2 ойча ўтирдим. 1 ойча мен билан бир камерада Фурқат Саъдиев деган йигит ëтди. Уни фоҳиша қизни ўлдирдинг, деб қамашди. У бола кўраëтган азобларидан ўлиб қолишига сал қолди. Ҳар куни уриб, судраб олиб келиб ташлаб кетишар эди. 2-3 кунда терговчи келади. Улар тунги соат 1, 2, 3 да келади. Мана бунга қўл қўясан, деб уришни бошлайди. Калтак еявериб, боланинг кўкармаган жойи қолмади. Кишанга солинган қўлларидан кўтариб ерга урганда унинг ичидаги жигарлари эзилиб кетади. Қўл билан ўзини ҳимоя қила олмайди. Арматурани қиздириб оëқларига босишди. Тирноқларини юлиб олишди шу болани. Шу бола 14 йилга қамалиб кетди”,- дейди Ё.Турлибеков.

Ўзбекистонлик ҳуқуқ фаолларининг таъкидлашича, уларнинг қийноқлар борасидаги чиқишлари маҳаллий ва халқаро ташкилотлар томонидан деярли эътиборсиз қолдирилмоқда.
XS
SM
MD
LG