Линклар

Дилмурод Муҳиддинов амнистияга тушди


Ўзбекистонлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси, “Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамиятининг Марҳамат тумани бўлими раиси Дилмурод Муҳиддиновнинг амнистияга тушгани маълум бўлди.

Дилмурод 22 февраль куни қамоқхонадан ота-онасига қўнғироқ қилиб, амнистияга тушганини ва яқин орада озодликка чиқарилиши мумкинлигини хабар қилган.

Бу ҳақда Дилмуроднинг отаси Ҳамиджон Муҳиддинов “Озодлик”ка маълум қилди.

Озодлик: Дилмурод қачон телефон қилди?

Ҳамиджон Муҳиддинов: Кеча телефон қилди.

Озодлик: Қанча гаплашдингизлар?

Ҳамиджон Муҳиддинов: 5-6 минутча гаплашдик.

Озодлик: Қачон чиқишини айтмадими?

Ҳамиджон Муҳиддинов: У қачон чиқишимни билмайман, деяпти. Озгина қолди, хавотир олманглар, лекин қачон чиқишим номаълум, деди.

Озодлик: Амнистияга тушмабдими?

Ҳамиджон Муҳиддинов: Амнистияга тушганман, деди. Қачон чиқишини ҳали айтишмабди.

Озодлик: Демак, яқин орада келиб қолса керак?

Ҳамиджон Муҳиддинов: Билмадим энди. Ўзим ҳам ниҳоятда сиқилиб, зерикиб кетдим. Бир келинглар, дейди. Бизнинг эса боришга ҳеч нарсамиз йўқ. 7 ойдан бери ҳали кўрганимиз йўқ.

Д.Муҳиддинов Андижондаги қонли воқеалардан бир ҳафта ўтиб, 2005 йил 20 майда ҳибсга олинганди. 2006 йил 12 январда суд қарорига кўра, Дилмурод конституциявий тузумга тажовуз қилиш, жамоат тартиби ва хавфсизлигига таҳдид солувчи материаллар тайëрлаш ва тарқатишда айбдор топилиб, беш йил муддатга озодликдан маҳрум қилинганди.

“Ҳьюман райтс уотч” ташкилоти шу йилнинг 5 февраль куни Дилмурод Муҳиддиновнинг амнистияга мувофиқ озодликка чиқарилганини хабар қилганди. Бироқ кейинчалик ташкилот бу хабар тасдиқланмагани ва унинг ҳамон тутқунликда қолаëтганини маълум қилганди.

Дилмуроднинг ҳам авф қилингани хақидаги хабарлар пайдо бўлгач, ўғлининг уйга келмаётганидан хавотир олиб онаси Муҳаббат аянинг қон босими ошиб, соғлиғи ёмонлашганди. Ўғли билан телефонда гаплашгач, ўзини анча яхши ҳис қилаётганини айтади Муҳаббат ая.

Муҳаббат Муҳиддинова: Кеча соат 4лар атрофида телефон қилди.

Озодлик: Нима дейди?

Муҳаббат Муҳиддинова: Сизни соғиндим, тушимга киряпсиз, қишда нимага келмадингиз, дейди. Қор кўп, иложим бўлмади болам, дедим. Энди иложи борича келинг, мен сизни соғиндим, кечалари ухлай олмаяпман, дейди. Мартнинг охиригача бораман, мен сизнинг касал бўлганингизни биляпман, дейди.

Озодлик: Телефонда гаплашиб хурсанд бўлдингизми?

Муҳаббат Муҳиддинова: Ҳа, анча яхши бўлдим. Ўтган йил ҳам шунақа бўлган эди. Бориб кўриб келганимдан кейин кўнглим жойига тушган. 25 августда туғилган куни эди. Биз байрамда йўллар бекилиб қолмасин, олдинроқ борайлик деб, 17 августда йўлга чиқдик. Ўшанда ремонт бўляпти, деб бизни киргизишмади. Шундан бери касалга ўхшаб юрибман. Ўшанда кўрганимда яхши бўларди. Қамоқхона нозири олиб кириб хоналарни кўрсатди. Ҳақиқатдан ремонт экан. Битта молимиз бор эди. Ҳозир у ҳам йўқ. Мен 2,5 йилда 3 марта борганман.

Ёш ҳуқуқ фаоли Дилмуроднинг ҳисбга олинишига асосий сабаб унинг Андижондаги қонли воқеаларни кескин танқид қилувчи баëнотлари экани таъкидлаб келинмоқда.
XS
SM
MD
LG