Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 13:02

Германия Ўзбекистонга “устозлик” қилиш ниятида эмас


Германиянинг Тошкентга сафар қилган нуфузли делегацияси Ўзбекистон ҳукумати вакиллари билан учрашиб, уларни мамлакатда сиёсий ва иқтисодий ислоҳотлар ўтказишга чақирди.

Германия иқтисод ва технология вазири Михаэл Глос 26 февраль куни Ўзбекистон бош вазири Шавкат Мирзиёев билан учрашувида унга “қонун устиворлиги ва инсон ҳуқуқлари Германия ва европаликларни қизиқтирган асосий мавзу экани”ни уқтирганини билдирди.

“Лекин Ўзбекистон ҳукуматини кенг қамровли ислоҳотлар ўтказишга чақирсак-да, бу ерда устоз ролини ўйнаш ниятимиз йўқ”,- деди М.Глос.

“Рейтер” агентлиги немис ҳукуматининг мулозими бу фикрларни сешанба куни Тошкентда бўлиб ўтган бизнес форумда айтганини хабар қилди.

Германия Европа Иттифоқининг Марказий Осиёга нисбатан янги стратегиясининг асосий муаллифи ҳисобланади. Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари немислар таклиф қилган ва реалполитик сиёсатига асослангани айтилган бу стратегияни инсон ҳуқуқлари ва демократик қадриятларни стратегик манфаатлар учун қурбон келтириш, дея атаб қаттиқ танқид қилиб келади.

Бундан ташқари, Германия Андижон воқеаларидан кейин Ўзбекистон ҳукуматига қарши жорий этилган санкцияларнинг бекор қилиниши ғоясини ЕИнинг бошқа аъзолари ўртасида илгари суриб келгани бу танқидларни янада кучайтирган.

М.Глоснинг “биз устозлик қилмоқчи эмасмиз”, деган фикрларини ҳам Ислом Каримов ҳукуматининг кўнглини олишга уриниш, дейиш мумкин.

“Биз ҳеч кимнинг олдида ўзимизни оқлашни истамаймиз. Биз ҳар доим барча масалалар, жумладан, инсон ҳуқуқларига оид масалаларда очиқ мулоқотга тайёрлигимизни изҳор қилиб келганмиз. Яъни бу ҳолда устоз ва шогирд ёки етакловчи ва эргашувчи вазияти бўлмаслиги лозим”,- деган эди Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Владимир Норов ўтган йили ЕИ расмийлари билан учрашувдан кейин.

Германиялик Марказий Осиё бўйича журналист Бернҳард Глассен немис вазирининг мулозамат қилгани “реалполитик сиёсатнинг” асл моҳиятини кўрсатишини айтади.

“Германия ҳукумати учун иқтисодий манфаатлар ва Ўзбекистонда немис ҳарбий базасининг қолиши масаласи инсон ҳуқуқларидан муҳимроқдир. Шунинг учун немис ҳукумати Тошкент режимига нисбатан олиб бораётган сиёсатнинг энг устивор йўналиши иқтисод, бизнес ва ҳарбий база манфаатларидан иборатдир. Албатта, улар инсон ҳуқуқларига оид масалага ҳам эътибор қаратиши мумкин, лекин бу масала унчалик муҳим эмас. Айтмоқчиманки, агар инсон ҳуқуқлари ва иқтисодий манфаатлар ўртасида танлов бўладиган бўлса, Германия ҳеч иккиланмай иқтисодий манфаатлар йўлини танлайди”,- дейди Б.Глассен.

Афсуски, дея қўшимча қилади у, ЕИнинг етакчи аъзоларидан бўлмиш Германия Ислом Каримов ҳукуматидек мустабид режим олдида чекиниб, унга мулозамат қилиш акс натижа беришини тушунишни истамайди.

Кейинги бир неча ой ичида Тошкент ҳукумати Андижон воқеаларидан кейин қамалган ҳуқуқ ҳимоячиларидан баъзиларини озод этди. ЕИ буни Ўзбекистон ҳукумати билан ўрнатилган инсон ҳуқуқларига оид мулоқот натижаси, дея олқишлади. Бунинг ортидан эса 13 май воқеалари боис, Тошкент ҳукуматига қарши жорий этилган санкцияларнинг бекор қилиниши мумкинлигига оид хабарлар ҳам пайдо бўлди.

Айни пайтда Ўзбекистон турмаларида ўнлаб сиёсий маҳбуслар қолмоқда, диний сабабларга кўра қамалганлар эса мингларни ташкил қилади. Нуфузли немис делегациянинг Тошкентга ташрифи арафасида эса яна ўн тўрт киши диний экстремизм айбловлари билан узоқ муддатларга қамалди.

Ўзбекистонлик мустақил сиёсатшунос ва собиқ дипломат Тошпўлат Йўлдошев бу ҳолатни Ғарбнинг Каримов ҳукуматига нисбатан позицияси анча юмшаганининг натижаси сифатида кўради.

“Ислом Каримов сиëсий жиҳатдан ҳеч қандай ëн босилмайди, деб 14 та диндорни делегация келиш олдидан худди уларга рўкач қилгандай қамаб юборди”,- дейди Т.Йўлдошев.

Михаэл Глос етакчилигидаги делегация юздан ортиқ немис тадбиркорлари, сиёсатчилари ва журналистлардан иборат бўлди. Икки томон вакиллари иштирокида сешанба куни бўлиб ўтган бизнес форумда М.Глос “яқин келажакда санкцияларнинг бекор қилиниши, Ўзбекистон ҳукумати билан мулоқотнинг давом этиши ва барча соҳаларда ижобий натижаларга эришилиши”га умид билдирди.
XS
SM
MD
LG