Линклар

logo-print

Ф.Муллажонов бир йилдан сўнг нима бўлишини айтишни тақиқлади

  • Фаррух Юсуфий

Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг “Тижорат банкларида аҳоли омонатларининг шартларини либераллаштириш ҳамда кафолатларини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони эълон қилинганига бир ҳафтдан ошиб қолди.

Оддий тилга кўчирганда, фармоннинг асосий мақсади ўзбекистонликларнинг банкларга қўйган пуллари сир сақланиши ва бу пуллардан истаганча фойдалана олишини кафолатлашдан иборатдир.

Жаҳоннинг кўплаб давлатлари каби Ўзбекистонда ҳам банк сири расман кафолатланган. Яъни мазкур фармонсиз ҳам мижознинг ҳисоб рақамидаги омонат ҳақида банк маъмурияти ҳеч бир идорага маълумот бермаслиги керак, аниқроғи беришга ҳаққи йўқ.

“Лекин Ўзбекистон шароитида банк сири ҳеч қачон ишламаган,- дейди ўз исми ошкор этилмаслиги шарти билан гапирган Ўзбекистон Халқ банкининг собиқ ходимларидан бири. - Президентнинг янги фармони эълон қилинишига ҳам ана шу сабаб бўлди, яъни давлат раҳбари тижорат банклари ва ўзбекистонликлар ҳисоб рақамларини текшириш билан шуғулланадиган идоралар, жумладан, Солиқ қўмитаси, ҳуқуқ-тартибот идоралари, биринчи навбатда, Миллий хавфсизлик хизматига банк сири сақланиши ҳақида мужда юбормоқчи, шекилли. Лекин Ўзбекистон шароитида банк сирини сақлаш имкони юзасидан шубҳаларим бор”.

Президент фармонидаги банк мижозлари учун энг жозибадор пунктнинг фақат бир йил амал қилиши аниқ кўрсатилгани ҳам шубҳаларга сабаб бўлди.

Фармонда айтилишича, 2008 йилнинг 1 апрелидан 2009 йилнинг биринчи апрели оралиғидаги даврда истаган киши ўз депозит ҳисоб рақамини очиши, унга миллий ва хорижий валютада чекланмаган миқдорда истаганча пул қўйиши мумкин. Бунда бу пулни қаердан олдинг, уни ҳалол топганингни тасдиқловчи ҳужжат борми, деб ҳеч ким сўрамайди.

Бугун Ўзбекистондаги хориж билан олди-сотди қиладиган кўплаб йирик фирма ва корхоналар ўз даромадларини ошкор қилмайди ва пулларини хориж банкларида, тадбиркорлар тили билан айтганда, “оффшор” ҳисоб рақамларида сақлайди. Гапнинг лўндасини айтганда, Ўзбекистон иқтисоди учун ишлаши мумкин бўлган бу пуллар қаердадир ўлик юк бўлиб ётибди.

Ўзбекистонлик таниқли иқтисодчи Виктор Ивонин президент фармонининг асосий мақсади балким миллиардлаб АҚШ долларини ташкил этиши мумкин бўлган ана шу пулларнинг Ўзбекистонга қайтариш эканини айтади.

“Ҳақиқатан ҳам, тадбиркорлар Ўзбекистон банкларига катта шубҳа билан қараб келган. Шу сабабдан хориждаги банкларда ётган пулларнинг миқдори мисли кўрилмаган даражада ошиб кетган бугун. Энди эса президент ўз фармони билан бу вазиятга ечим топмоқчи, яъни: “Йигитлар, пулларни ўзимизнинг банкларга қўйинг, биз сизни ҳар хил текширувлардан озод қиламиз, бу пулларни қаердан, қандай топганингизни ҳам, уларни қандай сарфлашингизни ҳам сўраб-суриштирмаймиз”, деб таклиф қиляпти”,- дейди Виктор Ивонин.

Халқ банкининг собиқ ходими ҳам президент фармонининг бу шарти жуда яхши ва “оффшор” ҳисоб рақамларидаги катта пулларни Ўзбекистонга қайтаришга қаратилгани шубҳасиз эканини билдирди.

Лекин, дейди у, бир йил ўтиб, 2009 йил 1 апрелидан кейин нима бўлади, деган савол туғилади. Тадбиркорлар қайтарган пулларнинг “хавфсизлиги” кафолати фақат бир йил амал қилиш ошкор соддадилликдан бошқа нарса эмасми?

“Озодлик” мухбири президент фармони лойиҳасини ишлаб чиққан Ўзбекистон Марказий банкига “бир йилдан кейин нима бўлади”, деган савол билан мурожаат қилди.

Марказий банк мутасаддиси сўзларига кўра, банк раиси Файзулло Муллажонов “бир йилдан кейин нима бўлади” саволи ва фармонга оид бошқа саволларга жавоб беришни тақиқлаб қўйган.
XS
SM
MD
LG