Линклар

Шошилинч хабар
05 май 2024, Тошкент вақти: 04:04

Менинг Интернетим мени қўриқлайди


Интернет кафеларидан бири манзараси.
Интернет кафеларидан бири манзараси.

Ўзбекистонда Интернетдан фойдаланувчиларнинг асосий қисмини ёшлар ташкил этади. Уларнинг ҳам аксар қисми Интернет тармоғидан электрон почта ёки чат (гурунгхона) орқали мулоқот қилиш, реферат ёки мусиқа кўчириб олиш учун фойдаланадилар. Фақат оз сонли фойдаланувчиларгина ўзларини қизиқтирган мавзулар бўйича қидирув сайтлари хизматидан истеъфода этадилар. Аммо Ўзнетда мавжуд бўлган чекловлар туфайли улар ҳар доим ҳам ўзлари истаган маълумотларни топиб ўқиш имкониятига эга бўлолмайдилар.

Расмийлар бу каби чекловлар нима учун жорий этилмаса бўлмаслигини вақти-вақти билан ўз назоратлари остидаги айрим ОАВлар тили билан баён қилиб турадилар. Ташвиқий-дидактик характердаги бу материалларда асосий урғу “огоҳликка даъват” бўлиб, уларда ўзбекистонликларга “киши аҳлоқига салбий таъсир кўрсатадиган зарарли ғоялар ва материаллар”дан сақланиш тавсия қилинади.

«Бу ҳовлида мен режиссёр…»

«Ўзбекистонда Интернет тармоғининг хизмат кўрсатиш доираси ўта чекланган», - дейди суҳбатдошларимиздан бири. Унга кўра, Ўзбекистонда мамлакат расмийлари учун хуш кўрилмаган маълумотларни чоп этувчи ахборот сайтлари деярли очилмайди.

“Авваллари прокси-серверлар ёрдамида баъзи хорижий сайтларни очиш имконияти мавжуд эди, бироқ ҳозирда проксилар ҳам очилмайдиган қилиб қўйилган», дейди у.
Айрим суҳбатдошларимиз эса Интернет хизматидан фойдаланилаётган пайтда мониторда «сиз сўраётган URLни топишда хатога йўл қўйилди» ёки «яна бир марта уриниб кўринг» қабилидаги ёзувлар пайдо бўлишини қайд этадилар. Бироқ, уларнинг таъкидлашларича, бунақа пайтда куни билан уринсангиз ҳам бирон натижага эришолмас экансиз.

Биз суҳбатлашган ўзбекистонликлар Интернетдан фойдаланишда қизиқ бир ҳолатга дуч келиш мумкинлигини ҳам қайд этиб ўтдилар. Россия сайтлари ёки исталган хорижий онлайн-нашрда Ўзбекистонга алоқадор қизиқроқ маълумот чиқиб қолгудек бўлса, саҳифадаги бошқа мамлакатларга дохил хабарлар бемалол очилгани ҳолда, айнан Ўзбекистонга оид ўша маълумот мутлақо очилмайди, қизиқувчан кишилар эса фақат сарлавҳани ўқиш билангина кифояланишларига тўғри келади, дея таъкидлайдилар суҳбатдошларимиз.

«Кирсам мумкинми, домла?..»

Мавзу юзасидан саволларимизга жавоб олиш чоғида талаба респондентларимизнинг кўпчилиги ўзлари ўқийдиган олийгоҳларда ташкил этилган интернет хоналари хизматидан норози эканликларини ҳам яширмадилар. Суҳбатдошларимизнинг фикрича, бундай хоналарда хизмат кўрсатиш вақти жуда чегараланган, қолаверса, талабанинг айнан қандай хизматдан, қайси сайт маълумотларидан фойдаланаётгани институт масъуллари томонидан тўла назорат қилинади. Талабалар бу хоналарда фақат ўзлари ўқийдиган таълим дастурлари маълумотларинигина қидириш ва ўқишга ҳақлилар. Бошқача айтганда, талаба фақат дарсга кеч қолганидагина эмас, ўқитувчилар рухсат берган сайтлардан бошқасига кириш учун ҳам изн сўраши лозим. Респондентларимизга кўра, бу тахлит эркни чеклаш уларни мутлақо қониқтирмайди.

Тиббиётга оид маълумотлар давлат сирими?

Биз билан суҳбатда бўлган бир зиёли аёл уни Ўзбекистондаги соғлиқни сақлаш тизимига оид маълумотлар қизиқтиришини, бироқ Ўзнетда бу соҳага оид маълумотларни қарийб топа олмаслигини афсус билан қайд этди. “Бу нарса четдан қараган кишига Ўзбекистонда гўё аҳоли саломатлигини муҳофазалаш ва тиклаш йўлида фаолият юритаётган ташкилотлар йўқдек кўрсатади ҳамда бу тизим маълумотлари ўта махфий ва таъқиқлангандек туюлади”, дея фикр билдирди у.

Мавзу юзасидан сўзлашганимиз бошқа респондентлар эса Ўзнетнинг ўзбек тилидаги саҳифалари жуда ғариблигини, исталган соҳа бўйича маълумотлар киритилмаганини, давлат тилидаги сайтлар бармоқ билан санарли бўлгани учун маълумотни саралаб, танлаш олиш имконияти мутлақо йўқлигини маълум қилишди.

“Огоҳ бўлсам бўлди, шоҳлик истамам...”

Сўз аввалида бугунги кунда Ўзбекистонда жуда урф бўлган “огоҳликка даъват” бирикмасини эслатгандик. Парадоксал жойи шундаки, аслида бугунги кунда бутун дунёни қамраб олаётган Интернет тармоғи кўпчилик кишилар, айниқса, ёшлар учун маълумот олишнинг, яъни “огоҳ бўлиш”нинг энг муҳим манбаига айланиб бормоқда. Демак, агар “даъватчи”лар ўз тавсияларида самимий бўлсалар, Ўзбекистонда Интернетни чеклаш билан эмас, аксинча, кенг ёйиш билан шуғулланишлари мантиққа мувофиқроқ бўларди. Улар ўз нашрларида ҳазрат Навоийнинг “Эрурсен шоҳ, агар огоҳсен сен, Агар огоҳ сенсен, шоҳсен сен...” мисраларини бот-бот такрорлаб турадилар. Балки айнан шу нарса уларни чўчитаётгандир? Балки уларда “мабодо ҳар бир ўзбекистонлик ёш йигит-қиз ҳамма нарсадан огоҳ бўла бошласа, хаёлида шоҳ бўлишдек “феодализм иллати” бўй бера бошлар...” деган хавотир бордир?

Аслини олганда, бундай хавотирга мутлақо ўрин йўқ. Чунки, биринчидан, “шоҳлик” чиндан ҳам, улар ўйлагандек, “феодализм сарқити” бўлиб ҳисобланади, иккинчидан, ҳар бир ёшга биттадан “тахт” топиб беришнинг имкони йўқ. Балки уларни хотиржам қилиш учун ёшлар: “Огоҳ бўлсам бўлди, шоҳлик истамам...” дейишлари керакдир? Балки шунда Ўзнетдаги ўринсиз чекловларга ҳожат қолмас?..
XS
SM
MD
LG