Линклар

Амнистиями ёки қопқон?

  • Абдулла Искандар

http://tbn0.google.com/images?q=tbn:W1xrQ9QeBhfjFM:http://pics.utro.ru/utro_photos/2006/09/28/3big.jpg 29 февралдан бошлаб Москва шаҳрида рўйхатдан ўтмасдан яширин равишда мардикорлик қилиб юрган муҳожирларга амнистия эълон қилинди. Амнистия бир ой муддатга амал қилади.

Бу қарор 28 февраль куни Москва шаҳри минтақалараро алоқалар ва миллий сиёсат қўмитасининг миллатчилик кайфиятидаги ёшлар гуруҳларига қарши курашга бағишланган ёпиқ мажлисида қабул қилингани айтилмоқда.

“29 февралдан бошлаб Москвадаги ҳар бир чет эллик фуқаро қўрқмай Федерал миграция хизматига келиб, машруъ мақомга эга бўлиши мумкин. Биз унга муҳожирлик карточкаси ёзиб берамиз ва уни рўйхатга оламиз. Бунинг учун у 2000 рубль тўлаши керак бўлади. Бу қоида роппа-роса бир ой давом этади”, - деди ФМХ Москва шаҳри бошқармаси бошлиғи Фёдор Карповец.

Москва шаҳрида мардикорлик қиладиган ўзбекистонлик Ҳамидулла учун бу қарор хушхабар бўлди.

“Гапнинг очиғи, 2000 рубль билан битадиган бўлса, яхши. Чунки бу ерда болалар меҳнат қилиб, 2000 рублни топяпти. Ўз ватанида шу пулни топа олмайди улар. Муҳожирлар 2000 рубль тўлаб беради. Бошқа иложи қанча. Ватанида куни ўтмаяпти”,- дейди Ҳамидулла ва шу пайтгача Россияда мардикор ишчи мақомини олиш учун бормаган идораси қолмаганини қўшимча қилади.

Бу қарор Ҳамидулла каби минглаб ноқонуний муҳожирларга Москвада яшил чироқ ëқилганини англатадими?

“Бу меҳнат мигрантларини фойдасини ўйлаб эмас, ўзларининг фойдасини ўйлаб қабул қилинган. Россия ҳукумати бюджетида ноқонуний юрганларни чиқариб юборишга пул йўқ. Булар 2000 рубль олиб, қўлига ҳужжат берса, бу ҳам пул ишлашнинг бир йўли. Лекин муаммо бошқа жойда. Бу ҳар тарафлама ўйлаб қилинаëтган иш. Ўйлашимча, Москва ҳукумати бу ишни меҳнат муҳожирлари ҳуқуқини ҳимоя қилиш мақсадида қилаëтгани йўқ”,- дейди Москвадаги “Мемориал” ташкилоти фаоли Баҳром Ҳамроев.

Россиядаги аëл мардикорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилаëтган ўзбекистонлик Гулсум бу қарор мардикорларни овлаш учун қўйилган қопқон бўлиши мумкинлигини билдирди.

“Бу қарордан мақсад меҳнат муҳожирларини қонунийлаштирамиз, деган ниятда уларнинг сонини билиб олишдир. Бундай қарор қабул қилингани билан четдан келадиган мардикорлар учун белгиланган квота бор. Айтишдики, Россия ҳудудида ўзбеклар сони 600.000дан ошмаслиги керак”,- дейди Гулсум.

Унинг сўзларига кўра, мазкур қарор мардикорларга енгиллик яратиши мумкин, аммо Ўзбекистондан ëпирилиб келаëтган мардикорлар оқими олдида Москва ҳокимлиги иложсиз қолаверади.

Б.Ҳамроевнинг таъкидлашича, Москва шаҳри мардикорларсиз бир кун ҳам яшай олмайди.

“Россияни гуллатиб-яшнатаëтган қурилишларни, Москвадаги тозаликни тутиб турганлар Ўзбекистон ва Тожикистон фуқароларидир. Москвада меҳнат муҳожирлари бир кун иш ташласа, Москва қай аҳволга келишини мен тасаввур қила оламан. Биргина Москва шаҳри ва вилоятида 700 мингдан зиëд ўзбек мардикори бор”,- деди Б.Ҳамроев.

Аммо Карповецнинг бу гапидан сал ўтмай Россия федерал миграция хизмати бошлиғи генерал-полковник Константин Ромодановский номашруъ мардикорлар учун ҳеч қандай амнистия йўқ, дея матбуотга баëнот берди.

Ромадановскийнинг гапидан маълум бўлишича, айбига иқрор бўлиб келган қоидабузар муҳожирга жарима солиниб, бир ой ичида ковуши тўғриланади.
XS
SM
MD
LG