Линклар

logo-print

Манзура опа: “Калтакдан думбалари оқиб ётибди”

  • Замира Шукур

Ўзбекистон қамоқхоналаридаги қийноқлар кўриниши манзараси.

Ўзбекистон қамоқхоналаридаги қийноқлар кўриниши манзараси.

“Озодлик” радиоси Ўзбекистон қамоқхоналаридаги сиëсий ва диний эътиқоди учун қамалган маҳбуслар ҳақида уларнинг аëллари билан ўтказаётган туркум суҳбатларнинг навбатдагиси қамоқда ётган минглаб мусулмонлардан бирининг тақдирига оид.

Бу галги суҳбат қаҳрамони, мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ҳисоб-китобига кўра, Ўзбекистон қамоқхоналарига ташланган 7 мингдан ошиқ мусулмондан бири. У машина тузатиш билан шуғулланган, мунтазам равишда мачитга – нaмозга бориб юрган.

Авввалига, яқинларининг айтишича, серқатнов нaмозхонлардан бири сифатида ҳукуматнинг қора рўйхатига тушган. Кўп ўтмай, чўнтаги ва уйига “Ҳизб ут-таҳрир” гуруҳига тегишли, деб топилган варақа ташланиб, қамоққа олинган.

2004 йил бошида суд ҳукмига кўра, Жиноят кодексининг 159-моддаси, яъни конституциявий тузумга тажовуз қилганликда айбланиб, 7 йилга озодликдан маҳрум этилган.

Унинг турмуш ўртоғи Манзурахон эрининг ҳалол-пок мусулмон экани, эътиқоди учун қамалиб, яна шу диний эътиқоди учун қамоқда ҳам муттасил азобларга дучор бўлаëтганига ишонади.

Манзура опа: Зарафшондаги қамоқхонадалар. 2007 йил сентябрь ойида оëқларини синдириб, жуда бўлмагандан кейин қамоқхона тиббий бўлимига олиб келишган.

Озодлик: Уриб синдиришганми?

Манзура опа: Ҳа. Буйрак ишламасдан қолиб, қон босими тушиб кетгандан кейин ўзларидан қўрқиб, тиббий бўлимга олиб келишган. Самарқанднинг Каттақўрғон шаҳрида буларнинг изолятори бор экан. Ўша ерга олиб келиб тергов қилишган ва ўшанда уришган. Ҳамма ери моматалоқ бўлиб, урганларидан думбалари ëрилиб кетган. Умуман дабдала қилиб ташлашган.

Озодлик: 2004 йилда суд ҳукми билан 7 йил беришган бўлса, 2007 йилда яна нимага тергов қилишди?

Манзура опа: Тазйиқ давом этяпти. Ҳозир ҳамма ëқни остин-устун қиляпти булар. Айниқса Зарафшондагиларни. Фақатгина 159-модда билан қамалганларни шунақа қилишаëтган экан. Бошқаларга тегмас экан. Бунга сиëсатга қарши дейиларкан.

Озодлик: Қамоқда буларни нима мақсадда қийнашяпти?

Манзура опа: Кечирим ëзсин, деб қийнашяпти.

Озодлик: Ëздиларми кечирим хати?

Манзура опа: Ҳа, ëздилар. Қамоқхона нозирларининг мақсади буларни қўлга олиб олиш. Бордик. Бир хилларининг думбалари урганидан оқиб ëтибди. Бир хиллари зулмга чидай олмай, томдан ўзини ташлаган. Шунақа ноҳақликлар бўляпти. Бир-бири билан гаплаштирмайди. Ҳаммасини ечинтириб бир хонага олиб кириб қўйишади. Устидан муздек сувлар қуйишади.

Озодлик: Хўжайинингизни охирги марта қачон кўрдингиз?

Манзура опа: Январда. 3-4 марта изоляторга кириб чиққанидан кейин учрашдик.

Озодлик: Нима учун изоляторга ташлар экан?

Манзура опа: Чиқармаслик учун. Минус бўлса, чиқармаслик учун яхшироқ экан.

Озодлик: Буларга амнистия қўлланилмайдими?

Манзура опа: Йўқ. Мен чиққанларнинг биттасини ҳам эшитганим йўқ.

Озодлик: Амнистияга тушишига ҳаракат қилдингизларми?

Манзура опа: Бормаган жойимиз қолмади. Ҳатто келиб боқувчиси йўқ экан, ота-онаси нафақахўр экан, деб ëзиб ҳам кетишди. Биз билиб турибмиз барибир. Уларнинг чиқаришлари ҳақида мен умуман ўйлаëтганим йўқ.

Озодлик: Муддатлари тугагандан кейин чиқишларига ишонасизми?

Манзура опа: Мен шунга ҳам ишонмаяпман. Мана, қўшнимизга чиқишига 2 ой қолганда 3 йил қўшиб берди. Мана, ҳозир 4 йил ўтаëтган бўлса, бекордан-бекорга ўтиришибди. Ëзмаган жойим қолмади. Фойдаси йўқ. Тепа нимадир деб тургандан кейин.

Озодлик: Тепадан буларни чиқарма, деган буйруқ борми?

Манзура опа: Шунақага ўхшаяпти. Булар ҳам буйруқ шунақа, деб туришибди. Намоз ўқиш ҳам мумкинмас, дейишибди. Бир-бирларингиз билан умуман учрашманглар, дебди.

Озодлик: Демак, хўжайинингиз тақдирини ҳал қиладиганлардан умидингиз қолмади?

Манзура опа: Мен буларни ҳеч қачон чиқармаса керак, деб ўйлайман. Бу қатағонларнинг давоми. Газеталарда Гдлян даври ҳақида ўқидим. “Пахта иши”, деб шунақа қийноқлар қўллашган экан, энди асти қўяверасиз. Одамларга нажасигача едирган экан. Ҳозир эса ундан баттар бўляпти. Немисларнинг киноси ҳам ҳолва бўлиб қолди ҳозир. Майли, энди Аллоҳнинг ўзи кўрсатар уларга. Аллоҳга солишдан бошқа иложимиз қолмади.

“Ҳизб ут-таҳрир” диний оқимига алоқадорлик ва конституциявий тузумга тажовуз қилганликда айбланиб қамалган минглаб ўзбекистонликлардан бирининг рафиқаси бўлмиш Манзура опа бундай маҳбусларнинг тиканли симнинг бу ëғида қолаëтган аëлларига ҳам муносабат ëмонлигини ҳикоя қилади...

Манзура опа: Ҳатто болаларнинг пулини ҳам бермайди. Чиқсам, ишлашинг керак, ундай қилишинг керак, дейди. Қизимнинг мазаси йўқ. Машина уриб кетган. Боши оғрийди. Уйга келгандан кейин овқатини бериш керак. Уларни тарбияси ўзимизнинг бўйнимизда бўлгандан кейин ишлай ҳам олмаяпман.

Озодлик: Қанақа қилиб кун кўрасиз?

Манзура опа: Бир амаллаб. Уйда тикаман.

Озодлик: Маҳалланинг муносабати қанақа?

Манзура опа: Ўртача. Унақа кирди-чиқди бўлмайди.

Озодлик: Ҳеч ким кириб чиқмайдими?

Манзура опа: Йўқ.

Озодлик: Нимага? Хўжайингизнинг диний айб билан қамалганидан қўрқишадими?

Манзура опа: Менимча, шунақа бўлса керак.

Озодлик: Сиз ҳам қаердадир рўйхатда турасизми?

Манзура опа: Йўқ. Тушунмовчилик бўлиб бир-икки марта олиб кетишди. Қаëқдаги аëлларни олиб келиб, бўйнимга у-бу нарса қўйишмоқчи эди, бўлмади. Эрталаб олиб кетиб, кечгача олиб ўтиришди. Сени таниркан 2000 йили сенинг уйингга келган экан. Фақат шу гап. Бошқа гап йўқ. Мен танимайман бу аëлни десам, йўқ, сени таниркан, дейишди. У аëлга мени танийсизми, десам иккиланиб қолди. Шунақа бўлган эди.

Озодлик: Сизни ҳам диний экстремизмда айблашмоқчи бўлишдими?

Манзура опа: Ҳа. Ҳар куни кечқурун келишарди. Ўзимни ўзим ўлдирсам қутуламанми энди, дедим. Хўжайинимнинг ëнига борганимда менга: “Энди қамалган мусулмонларнинг аëлларига ҳужум қилишади. Эҳтиëт бўлгин”, деган эдилар. Хўжайиним тўғри айтган экан. Синов энди бизларга келибди.

Озодлик: Ўзингиз ва эрингизнинг бошига тушган бу савдоларни синов, деб биласизми ë...

Манзура опа: Пешона деб биламан. Худонинг хоҳиши. Мана, ҳозир хўжайиним азоб чекяпти. Битта чумолига озор берганлар қанча азобланади. Булар қўли билан инсонларга қанча азоб беряпти. Ҳисоб-китобли дунë-ку. Фақат ўшанга ишонаман. Кун ўтяпти. Инсон биринчи навбатда ўзининг ризқи билан. Булар ҳисоб-китобда жавоб бериш ҳақида ўйламаяпти.

Озодлик: Эртага буларга ҳам Худони жазоси бор, дегани сизга таскин берадими?

Манзура опа: Шунақа. Ҳақиқат йўқ бўлгандан кейин битта Худодан нажот сўрайсиз. Ëздим, қанча югурдим. Иложи бўлмагандан кейин нима қиласиз? Азоб чекканлар ажрини олса керак, деб ўйлайман. Худо учун ўтирибди-ку. Қўшнимиз наркоман. Бир чиққан эди, яна кириб кетди. Булар кираверади, чиқаверади.

Озодлик: Йиғи-сиғи қиласизми ë кўникиб кетдингизми?

Манзура опа: Касал бўлиб, ҳатто болаларимга овқат беришга тура олмадим. Агар бир нарса ўзгарадиган бўлса, сиқилсангиз бўлади, туну кун йиғласангиз бўлади. Пешонада боридан қочиб қутулиб бўлмас экан. Энди олға қадам қўйиб яшаш керакми, яшаш керак, деб ҳаракат қиляпмиз.

Озодлик: Болаларингиз дадалари нимага қамалганини билишадими?

Манзура опа: Жуда яхшигина билиб, тушуниб олишган. Иккаласи ҳам аллақачон балоғатга етди. Ҳаëтда ўзлари кўришяпти-ю нима гап, нима сўз. Билишдики, дадаси намоз ўқир эди. Ўғирлик қилмас эди. Товламачилик қилиб, бировнинг ҳаққини емас эди. Яхши одам эди. Булар ҳам оқ-қорани яхшигина ажратиб олишди.
XS
SM
MD
LG