Линклар

Долларнинг қадрсизланиши ҳам ўзбекларнинг ташвишини оширяпти


Жаҳон бозорида АҚШ доллари қийматининг тобора тушиб бораётгани бошқалар қатори оддий ўзбекистонликлар турмушига ҳам ўз салбий таъсирини ўтказмай қолмаётир.

Ўзбекистон иқтисодиётининг барқарор суръатлар билан йилига ўртача 5 фоиз ўсаётганини деярли барча молиявий ташкилотлар эътироф этади. Шунга қарамай, АҚШ долларининг қадрсизланиши оддий фуқаролар турмуш тарзига катта зарба берганини кузатиш мумкин.

Поликлиникада ишлайдиган суҳбатдошнинг айтишича, долларга ҳисоблаганда 75-80 доллар атрофида маош олади. Шахсий корхоналарда ишлаб эса 200-300 доллар топса бўлади. Лекин бу ҳам, масалан, 4 кишилик оиланинг ўртача турмуш кечиришига етмайди.

“Биз ҳам оилада 4 кишимиз. Ойлигим фақат коммунал хизматларни қоплайди. Келиним ҳам, ўғлим ҳам ишлайди. Шу ҳисобидан зўрға ҳаёт кечирамиз. Ҳозир киши ҳисобига 200 долларча маош олса, яхши яшаш мумкин”,- дейди суҳбатдош.

Унинг сўзларига кўра, бундан ярим йил аввал 25 минг сўмга бир ҳафталик бозорлик қилиш мумкин эди. Ҳозир эса камида 50 минг сўм олиб чиқиш керак. Бу фақат озиқ-овқатга кетадиган маблағ.

“Доллар қадрсизланяпти. Лекин давлат корхоналарида ойликлар эски ҳолича қоляпти. Бу эса аҳолининг янада қашшоқлашига олиб келяпти”,- деди суҳбатдош.

АҚШ долларининг қадрсизланиши савдо соҳасида ишлайдиганларнинг ҳам ишига тўсиқ бўлаётир.

Тошкентда ўз дўконига эга бўлган Дилшодбекнинг таъкидлашича, одамлар кийим-кечак, озиқ-овқат ва бошқа нарсаларни олишга қийналяпти. Чунки товарларнинг аксарияти хориждан долларга олиб келинади. Қимматчиликдан ҳамма норози.

“Бизнинг ҳам савдомиз юришмаяпти. Чунки одамларда пул йўқ. Бир-ярим йил аввалгига қараганда харидорлар камайиб кетди”,- дейди Дилшодбек.
XS
SM
MD
LG