Линклар

logo-print

Қозоғистонлик ўзбек хонандасининг куйинишлари


Адҳамбек Йўлдошев жанубий қозоғистонлик ўзбек, Қозоғистонда хизмат кўрсатган артист. Сўнгги пайтларда баъзи ўзбекистонликларнинг “ўзбек эстрадасини ёппасига қуршовга олаётган хонанда” сифатида таърифлашига сабаб бўлган инсон.

Аслида санъаткорларнинг бошқа давлатларга бориб концерт дастурлари билан иштирок этиши одатий ҳол ҳисобланади, аммо Ўзбекистонда бир неча бор яккахон концерт берган А.Йўлдошевни ўзбекистонликлар турлича қабул қилди. Хонанда ҳақида халқ орасида юрган турли гапларга эса “Озодлик” А.Йўлдошевнинг ўзидан ойдинлик киритишга ҳаракат қилди.

Аввалига у журналистларга интервью бермаслигини айтиб, бироз қайсарлик қилган бўлса-да, охир-оқибат “Озодлик” мухбири билан суҳбатлашишга рози бўлди.

Озодлик: А.Йўлдошев нимагадир сўнгги пайтда Ўзбекистон эстрадасига кенг кўламли ҳужум қиляпти, у шунчаки концерт бериб кетиш эмас, балки ўша ерда ўрнашиб қолиш истагида, деган гаплар бор. Бунга муносабатингиз қандай?

А.Йўлдошев:
Тирик экан сендан қутулмас одам,

Гўрга ҳам борасан вижирлаб-қайнаб,



Ҳеч ўлмайин дейман, бўлсин деб алам,



Чунки қабримда ҳам тинч қўймайсан, гап.

Бу гаплар ғийбат. Мен сизларни (ўзбекистонликларни демоқчи) қўллаб-қувватлаб, ёрдам бергим келяпти. Нега одамлар буни тушунмайди? Ўзбекистон-Қозоғистон ўртасидаги муносабатларни яхшилаш учун ҳиссамни қўшгим келади. Қандай элат-миллат бўлишидан қатъий назар, мен ҳаммани яхши кўраман, ҳурмат қиламан, уларни қўллаб-қувватлайман. Фақат мен Қозоғистонда яшайман. Мен бу ердан ҳеч қаерга кетмайман. Чунки мен ота-онамни шу ерга кўмганман, ака-укаларим шу ерда. Мен қандай қилиб бу ердан кетиб, Қозоғистонимни яхши кўрмаслигим мумкин? Тузимни берганнинг тузлуғига тупуришми бу?

Озодлик: Концертингиздан тушган пул хайрия ишларига сарфлангани ростми?

А.Йўлдошев: Жула кўп раҳматномалар олдим. Мен концертимнинг билетларни ҳаммага тарқатиб юбордим. Концертдан тушган пулларни хайрли ишларга сарфлайлик, уни халқ олсин, ногиронларга тарқатиб юборинглар, дедим.

Озодлик: Одамлар Юлдуз Усмонованинг Туркияга чиқиб кетгани Адҳамбекка ўрнини бўшатиб бериш учун қилган иши, дейишяпти?

А.Йўлдошев: Ёлғон бу гаплар, бизнинг орамизда қариндошлик муносабатлари бор. Унинг қизи мени қизим, меники эса уники.

Озодлик: Нега унда Юлдуз Туркияга кетди?

А.Йўлдошев: У Туркияда ишламоқчи экани, уни у ерда ҳам билишларини исташини айтди. Шу сабаб у ўша ерда ишлаяпти. Аммо у ҳеч кимдан хафа эмас, уни ҳам ҳеч ким хафа қилгани йўқ. У жуда ажойиб одам. Ўзбекистонни бутун дунёга танитяпти. Мен ҳам Чимкентда яшаб туриб шу ишни қилмоқчи эдим, кўринг қанча иғво, гап-сўз... Лекин антиреклама ҳам реклама.

Озодлик: Ўзбекистонда концерт бериб келганингиздан кейин дилингиз оғриганга ўхшайди. Яна борасизми у ерга?

А.Йўлдошев: Агар ҳурматимни қилиб чақиришса, бораман. Ўз йўналишимда. У ерда қавму қариндошларим, жигарларим, яхши дўстларим бор. Ўзи ҳар бир элатнинг яхши-ёмони, аччиқ-чучуги бор. Агар одамлар ҳурматимни қилиб чақирса, маъқул кўрсам бораман, маъқул кўрмасам бормайман.

Озодлик: Тўйга чақиришса ҳам бормайсизми?

А.Йўлдошев: Нега тўйга боришим керак? Мен отарчи эмасман-ку.

Озодлик: Лекин кўп таниқли хонандалар тўйма-тўй юради...

А.Йўлдошев: Ҳа, улар боради. Тўйма-тўй юргандан кўра, мен ҳалол йўл орқали керак бўлса, бетон қуйиб пул топаман. Қанақадир менга ўхшаган бир банда менга қўлини кўтариб, эй, мана бу қўшиғингни айт, дейишини хоҳламайман.

Озодлик: Ижодингиз энди бошланаётган пайтда Чимкентда сиз тўйма-тўй юргансиз. Бу ростми ё яна одамлар иғвосими?

А.Йўлдошев: Мен тўйма-тўй юрмаганман. Фақат қавму қариндошларимнинг тўйларига борган пайтларимда иккита қўшиқ айтиб, тўëнасини бериб, чиқиб кетган Адҳам акаман мен.

Ўзбекистонда 3 марта концерт берган ва концертдан тушган маблағни хайрия ишларига сарфлаган А.Йўлдошев ўзбекистонликларнинг кўнглини шунчаки бир савоб учун овлаш нияти бўлгани, аммо етарли даражада қадрланмагани учун кўнгли қолганини айтади.

А.Йўлдошев: 3 марта концерт бердим. Ҳокимликдан битта раҳматнома ҳам беришгани йўқ. Айтингчи, Ўзбекистонни қайси томондан мақташим керак?! Ўзбекистонлик хонандалар бизникига шунчаки бир тўйга келса, бош-оёқ сарпо қиламиз. Ўзбекистонликлар кўнгил учун битта раҳматнома ҳам олиб келиб бермади-ку.
XS
SM
MD
LG