Линклар

Россияликлар янги президент сайлади

  • Алишер Сиддиқ

Россияда президент сайлови ўтказилди. Унда амалдаги президент Владимир Путин танлаган ворис Дмитрий Медведев ғалаба қозониши, В.Путиннинг ўзи эса бош вазир сифатида давлат бошқарувида қолиши кутилмоқда.

Сайловда тўрт номзод иштирок этди. Булар Коммунистик партия раҳбари Геннадий Зюганов, популист ва миллатчи сиёсатчи, Либерал демократик партия етакчиси Владимир Жириновский, унча танилмаган сиёсатчи Андрей Богданов ва ниҳоят Дмитрий Медведевдир.

Кремлдаги вазиятдан яхши хабардор бўлганлар сайловда бош вазирнинг биринчи ўринбосари ва “Газпром” компанияси раҳбари Д.Медведев ғалаба қозонишига заррача шубҳа қилаётгани йўқ.

Москва марказидаги 50-мактабда ташкил этилган сайлов участкасида овоз бериш жараёни эрталабдан жадаллик билан бораётган эди. Сайловларчилар орасида ёшлар кўринмасди.

Сайлов участкаси ташқарисида икки милиционер, ичкарисида эса яна уч милиционер одамларни металл детектордан ўтказар, сумкаларини текширарди.

Сайлов участкаси раҳбари ўзининг жуда ҳам бандлигини айтиб, “Озодлик” мухбири билан суҳбатлашишдан бош тортди. Мухбир гаплашган сайловчиларнинг деярли барчаси эса Д.Медведевга овоз берганини билдирди.

“Мен мавжуд битта номзодга овоз бердим. Тўрт номзод бўлишига қарамай, аслида битта номзодни кўряпман. Кечирасиз-у, Зюгановга неча марта овоз бериш мумкин? Агар коммунистлар бошқа номзодни қўйганида унга овоз беришим мумкин эди. Богданов умуман ҳеч ким эмас. Масхарабоз (Жириновский) эса ҳамманинг жонига тегиб бўлди”,– дейди сайловчилардан бири.

Умуман олганда, Д.Медведевдан бошқа номзодга овоз берганини айтганлар жуда кам бўлди.

“Мен коммунистларга овоз бердим. Сабабини билмайман, лекин фикримча, улар (коммунистлар) муносиб одамлардир. Медведевни яхши билмайман. Менимча, у шу жойга олиб келинган юзаки бир одам”, – дейди сайловчи аёл.

“Озодлик” мухбири сайлов варақасини атайин бузган норози сайловчига ҳам дуч келди.

“Мен ҳеч кимга овоз бермадим. Мутлақо. Нима учун овоз беришим керак экан. Мен барча исмларни ўчирдим. Чукин ҳеч бир номзод арзигулик одамлар эмас”,- деди у.

Россиядаги президент сайлови давомида ҳеч бир номзод сайловчиларнинг 50 фоиз овозини ололмаса, сайловнинг иккинчи давраси ўтказилади. Лекин бундай ҳолатнинг рўй бериши эҳтимолдан йироқ.

Сўров натижаларига кўра, Д.Медведев сайловчиларнинг 60 фоиздан кўп овозини олиши кутиляпти.

Дастлабки сайлов натижалари 2 март куни Москва вақти билан соат 21:00 эълон қилиниши кутилмоқда. Расмий натижалар эса кейинроқ - ҳафта давомида маълум қилинади.

Сайловни Европа Иттифоқи кенгашининг оз сонли кузатувчилар гуруҳи кузатмоқда. Ҳозирнинг ўзида улар Россиядаги сайловда танлаш имкони берилмаганини айтаётир. Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти эса Россиядаги сайловни бойкот қилди.
XS
SM
MD
LG