Линклар

“Россияда бир-бирини шилишга тайёр ўзбеклар кўп”

  • Абдулла Искандар

“Одамнинг боши Аллоҳнинг тоши”, дегандай бундан 16 йил бурун Андижоннинг Асакасида яшаган Нилуфархон бир кун келиб Шимолий муз океани қирғоқларидаги Мурманск вилоятига бориб қоламан, деб ўйламаганди.

“Билим юртида ўқиб юрган пайтимда бир кун келиб корхонада ëки ательеда чевар бўлиб ишлайман, деган гап калламга ҳам келмаган,- дейди Нилуфар. -Турмушга чиққанимдан кейин барибир ҳамма нарса ўзгариб кетди. Шу билан 1993 йилда Мурманскка келдим. Мен севиб турмуш қурганман. Бизнинг севгимиз жуда кучли бўлган. Ҳозир 14 яшар қизим бор. У ўзбекчада ҳам, русчада ҳам гапиради. Ҳозир инглиз тилини ўрганяпти. Инглиз тилини ҳам сал-пал билади”.

Нилуфар Россияда миллатчи тақирбошлар ҳужумидан қўрқиб яшайди.

“Ростини айтсам, қизим, укаларим, сингилларим учун жуда ҳам қўрқаман. Чунки бунақа одамлар ростдан ҳам бор бу ерда. Қизим мактабда тушдан кейин ўқийди. Вақтим бўлганда кўчага чиқиб ўзим кутиб оламан. Мен кутиб олмаган пайтда ўзи келгандан кейин менга телефон қилиб келганини билдиргунча кўнглим жойига тушмайди. Телефон қилишини кутиб ўтираман. Мен троллейбусда келяпман, деса ҳам троллейбусдан тушиб телефон қил, дейман. Бу тақирбошлар жуда ҳам қўрқинчли. Ўйлашимча, тақирбошларни, асосан, ëшлар ташкил қилади. Улар ҳаëт, одам, ҳурмат нималигини умуман билмаса керак”,- дейди Нилуфар.

Тақдир ўйинини қарангки, Нилуфар ўз туғилиб ўсган юрти Асакада ўрис, деб калака қилинган. Аслида ҳам унинг онасининг онаси, яъни бувиси рус бўлган. Ўзи ҳам Андижонда рус синфида ўқиган.

“Мактабдан уйга келаëтганимизда маҳалладаги кўп ўзбек болалари бизни ўрис, деб орқамиздан тош отиб, калака қиларди. Уйга келиб: “Ойи, нимага шунақа”, деб йиғлар эдим. Ойим: “Нима қилай энди? Улар тушунмайди кўп нарсани. Индамасдан қўявергин”, дерди. Ўзбекистонда мени руссан, деб калака қилишарди. Бу ерда эса тескариси. Мен бу ерда ўзимни ўзбек ҳисоблайман”,- дейди Нилуфар.

Нилуфар Россияга ишлашга келган ўзбеклар сони кундан-кунга кўпайганини айтади.

“Укамнинг ëнига ëрдам сўраб келган болалар ишлашни хоҳламай, дискотекага бориб, қизлар билан танишади. Уларни алдаб, клафилин қуйиб, тилла тақинчоқларини ечиб, телефонларини ўғирлаб кетади. Шунақа болалар қўлга ҳам тушган. Булар шунақа ишлар ҳам қилиб юрибди. Ўзга жойга келганингдан кейин ҳамма нарсанг жойида бўлса, ўз ишингни қилиб, хотинингга, ота-онангга пул жўнатиб, ишлаб юравер”,- дейди Нилуфар.

Озодлик: Кўчада ўзбекларни дарров таниб оласизми?

Нилуфар: Ҳа, таниб оламан. Улар мени кўришса таниб, ўзларини сал бошқача тутишни бошлашади.

Озодлик: Иккита ўзбек учрашиб қолса, саломлашадими?

Нилуфар: Агар таниш бўлса, салом беради. Таниш бўлмаса, йўқ. Лекин бир-бирининг ëнида атайлаб ўзбек тилида гаплашишади. Худди мен ўзбекман, деб айтмоқчидай.

Озодлик: Россияда кўчада қор супуриб юрган, қўлида сумка кўтариб юрган ўзбекларни кўрганингизда ичингиздан қандай туйғулар кечади?

Нилуфар: Ростини айтсам, биринчи навбатда, раҳмим келади. Иккинчи навбатда, ўйлаб қарасам, улар ўзлари учун шу ҳаëтни танлаган. Бугун ишим бўйича магазинга кирдим. Магазинга кириб мудирни кутиб турганимда ўзбек аëли кирди. У мени кўрди. Кўзимиз кўзимизга тушганида у кўзини мендан олиб қочди. Мен қани нима қилар экан, деб кузатиб турдим. У аëл ўзини эркин ҳис қилмади. Магазиннинг у томонига бориб турди, бу томонига бориб турди. Охири битта сотувчининг ëнига бориб истеъмол қилиш муддати ўтиб кетган қатиқнинг нархини сўради. Истеъмол қилиш муддати ўтиб кетган нарсалар ўз нархидан 50 фоиз арзон сотилади. У аëл шу қатиқни олиб магазиндан чиқиб кетди. Биринчидан, бу аëлнинг сарсон бўлиб яшаëтганига раҳмим келди. Иккинчидан, шунақа ҳаëт билан шу ерда яшаб нима қилади, Ўзбекистонда шу аëлнинг ота-онаси, ака-опалари бордир, деб ўйладим. Шунақа ўзбекларга жуда ҳам раҳмим келади.

Озодлик: Яқинда ўзининг 3 ойлик қизини сотмоқчи бўлган Хадича Парпиева деган аëл тўғрисида Россия матбуотида хабар чиқди. Хабарингиз борми?

Нилуфар: Йўқ.

Озодлик: Ўзбеклар болаларини сотиб, йўлкира қилиб кетаëтган экан.

Нилуфар: Эй Худо. Мен шунга ўйлаяпман, нима қилишади бу ерда шунақа ҳаëтни яшаб. Укам бу ерда катта ресторанда бош ошпаз бўлиб ишлайди. Укамнинг ëнига бу ердаги кўп ўзбеклар ëрдам сўраб келади. Нима қилишаркин бунақа ҳаëтни дейман. Барибир уларнинг бу ëққа келиб рўйхатдан ўтиши учун пул керак. Улар эса пулсиз келади. Булар бу ерда арзон ишчи кучи бўлгани учун ҳуқуқсиз. Ойлик беришмайди. Мен бир ой ишладим деса: “Кечирасан, сен ишингни қилиб бўлдинг. Энди хайр”, дейди. Нимага ойлигимни бермаяпсан, деса: “Ҳозир миграция хизматига телефон қиламан, сени депортация қилади. Кейин бу ерларга 5 йил кела олмайсан”, деб айтади. Шунинг учун бу ëққа келадиган ўзбекларга келишдан олдин ўйланиб кўринглар, демоқчиман. Улар Россияга бораман, кўчадан миллионлаб пулларни супуриб, бой бўлиб келаман, деб ўйлашади.

Озодлик: Секин-секин топишаëтган экан. Ойига 800 доллар жўнатаëтганлар бор экан...

Нилуфар: Шунақалар ҳам бордир. Жўната олмасдан бу ерда йўқолиб кетаëтганлари кўпроқ.

Озодлик: Ўзбекча қўшиқлар эшитасизми?

Нилуфар: Мен ўз ҳамшаҳрим Шерали Жўраевнинг “Қора кўзли санамжон” ашуласини ҳар кун эшитаман ва эшитган сайин йиғлагим келади. Энг яхши кўрган ашулачим Шерали Жўраев.

Сочларингни сариққа бўяб нима қиласан,
Соч остидан мулойим қараб нима қиласан,
Қора кўзли санамжон, ўзинг яхши биласан,
Кўксимдаги дардимни сўраб нима қиласан.

Нима десам экан. Менинг юрагим бардош бера олмайди ва йиғлаб юбораман. Ҳар куни ишдан келиб Юлдуз Усмонова ва Шерали Жўраевнинг дискларини олиб компьютерда эшитаман. Кичкиналигимизда биз мактабдан келган пайтимизда бувам Ш.Жўраевни эшитиб ўтирар эдилар. Биз нима қиласиз буни эшитиб, деб жанжал қилар эдик. У пайтда янги чиққан Тоҳир Содиқовни қўйиб эшитар эдик. Ўзимнинг ëшим катта бўлиб қолди шекилли, ўзга юртларга келиб, Ш.Жўраевнинг ашулалари маъноларини тушуниб эшитиб ўтираман. Қизим мактабдан келиб: “Ойи, нимага буни эшитяпсиз? Келинг, бошқасини эшитайлик”, дейди. Ҳаëт секин-секин барибир ўзгариб, ўз жойига тушаркан.

Озодлик: Шерали Жўраевнинг “Гадонинг душмани гадо бўлади” ашуласини эшитганмисиз?

Нилуфар: Бу гапингиз шу ерда ҳақиқат. Бу ердаги ўзбеклар бир-бирини қандай қилиб алдасам, қандай қилиб пулини олсам, қандай қилиб ўрнига туриб олсам, деб юради. Бунга ўзим ҳам гувоҳ бўлдим. Шу тарзда яшайди улар.

Озодлик: Тарихдан билсангиз, ўтган асрнинг 30-йилларида Россияда очарчилик бўлган пайтда Ўзбекистон уларни қабул қилган. Кейин уруш пайтида қабул қилган. Энди ҳозир русларнинг Ўзбекистонда Каримов режими остида бўлаëтган иқтисодий қийинчиликлар туфайли Россияга бораëтган ўзбекларни ўлдириши, уриши инсофдан бўлмаса керак.

Нилуфар: Албатта, инсофданмас. Мен бу ердаги ҳамма одамлар шунақа, демоқчи эмасман. Ëмон одамлар ҳамма жойда бор. Лекин яхши одамлар дунëда кўпроқ. Москвада холам истиқомат қилади. 1999 йилда Москвага икки ойга таътилга борган эдим. Москвада одамлар менга ëқмади. Чунки у ëқда биров бировга ëрдам бермайди, биров бировга гапирмайди. Чунки у ерда катта шаҳар бўлгани учун алдаб, чўнтагини кесиб кетадиганлар жуда ҳам кўп. Мен яшайдиган шаҳарда унақа одамлар жуда кам.

Озодлик: 2005 йилги Андижон воқеалари пайтида қаерда эдингиз?

Нилуфар: Мен шу вақтда Андижонда эдим. Укам телефон қилиб: “Опа, яхшимисан, нима бўлди”, деб сўради. Шундан кейин мен кетвордим.
XS
SM
MD
LG