Линклар

ТАЛОНГА ҚОЛГАН КУНЛАР

  • Озодлик

Уруш йилларида нон ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари талонга тарқатилганини киноларда кўп кўрганмиз. Совет Иттифоқи тарқалиши олдидан мамлакатда юзага келган танглик пайтида эса талон асосида навбат билан маҳсулот харид қилиш қанақа бўлишини ўзимиз ҳам кўргандик. Аммо бу кунлар ўтиб кетгандек эди. Мустақилликдан сўнг тупроғидан олтин унадиган “озод ва обод юрт” фуқаролари бундан буён йўқчилик кўрмайдигандек туюларди. Лекин ундай бўлиб чиқмади. Ўтган йилнинг август ойидан бошланган қимматчилик “келажаги буюк давлат” фуқаросининг шундоқ ҳам осон бўлмаган тирикчилигини янада қийинлаштириб юборди. Озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари кескин кўтарилиб кетгани боис одамларнинг куни яна талон тизимига ўхшаш тартибга қолди. Бу ғалла йиғиб олиш бўйича мисли кўрилмаган натижаларга эришилган йили рўй берди. Бу миллионлаб тонна пахта етиштирадиган, пахтадан олинган ёғ билан аҳолисини бемалол таъминлаши мумкин мамлакатда юз берди.

“Сизнинг айвон бизнинг айвон эмасму?..”

Ўзбекистондаги озиқ-овқат дўконларида пахта ёғининг 1 килограмми 3000–3200 сўм атрофида сотилаётган бир пайтда давлат тасарруфидаги дўконларда аҳоли учун бу маҳсулот килограмми бир оз арзонроқ, яъни 1700-1900 сўмдан сотилмоқда. Лекин бу нархдаги ёғни истаган одам истаган пайтда бориб харид қилолмайди. Бу иш фақат маҳалла раислари, кўп қаватли уйларда эса йўлак бошлиқлари томонидан амалга оширилиши мумкин. Улар ёғни юқорида тилга олинган дўконлардан олиб, рўйхат асосида аҳолига тарқатадилар. Бироқ бундай имтиёзли нархдаги пахта ёғи баъзи жойларда ҳар бир оила учун 1 литрдан, бошқа жойларда эса 2-4 литрдан тарқатилаётгани кўпчиликнинг норозилигига сабаб бўлмоқда ва ҳатто баъзи жойларда ўзаро жанжалларни келтириб чиқармоқда.

“Айб сендаму, айб мендаму энди, ёр?..”

Энг аввало, бундай имтиёзли нархдаги пахта ёғининг қандай меъёр асосида тарқатилаётгани билан қизиқдик. Биз қўнғироқ қилган маҳалла раиси дўкондан берилган ёғни ҳамма оилалар учун тенг тақсимлаётганини айтган бўлса, у мой оладиган дўкон сотувчиси маҳалла раиси олиб келган рўйхат бўйича керакли миқдорда пахта ёғи бераётганини айтди. Қизиқ, раис ёғни тенг тақсимлаётган бўлса, дўкондор эса маҳсулотни етарли миқдорда бераётган бўлса, нега одамлар норози? Балки айб “борига шукр қилмаётган” одамлардадир? Балки улар керагидан ортиқ нарсани талаб қилаётгандирлар? Умуман, улар қанча ёғ олишга даъво қилишлари мумкин?
Бу саволни биз Тошкент шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя килиш бошқармаси ходимига бердик.

“Ҳар кима ўз миқдорича бор эҳтиёж...”

Саволларимизга жавоб берган масъул ходимнинг айтишича, қадоқланган пахта ёғининг бир килограмми 1670 сўмдан ортмаган нархда тарқатилиши лозим. Суҳбатдошимизнинг таъкидлашича, бунда ҳар бир оила ёки киши бошига ёғ фалон килограммдан тарқатилади, деган меъёр йўқ. Мутасадди ходимнинг маълум қилишича, арзонлаштирилган пахта ёғи пойтахтдаги ҳар бир оиланинг моддий аҳволи-ю эҳтиёжига ҳамда Тошкент шаҳрида доимий турар-жой руйхатидан ўтган шахслар сонига қараб тарқатилиши лозим. Камдан-кам ҳоллардагина ёғ дўконга етказиб берилган заҳирани ҳаммага етадиган қилиб тақсимлаш асосида тарқатилади.

“Эски паттанг ярамайди!”

Айрим пойтахтликларга кўра, арзонлаштирилган нархдаги пахта ёғи тарқатилган пайтда улар уйда бўлмасликлари ёки бехабар қолишлари мумкин. “Бироқ биз ўзимизга тегишли бўлган миқдордаги маҳсулотни кейинроқ бориб олмоқчи бўлганимизда, ёғ тарқатувчи масъуллар бунинг иложи йўқлигини, ўтиб кетган ойлар учун маҳсулот берилмаслигини айтадилар”, дея нолийдилар улар.
Биз Тошкент шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бошқармаси масъулидан айни ҳолат юзасидан фикр сўраганимизда, у бундай тартиб–қоида йўқлигини, яъни фуқаролар ўзлари учун ажратилган миқдордаги пахта ёғини истаган маҳал олишлари мумкинлигини маълум қилди.

“Ҳар не истарсен, ўзунгдин истагил...”

Мавзуни ўрганиш чоғида кузатувчилардан бири аслида бу каби муаммолар юзага келишига одамларнинг бефарқлиги сабаб бўлаётганини айтди. “Одамлардан бу ҳақда фикр сўраганингда, ноҳақликдан нолийдилар-да, кейин эса кундалик ташвишларни баҳона қилиб, уни унутиб юборадилар – муаммони ҳал қилиш йўлларини изламайдилар, ўз ҳақларини талаб қилишни билмайди. Агар ҳамма одамлар ҳамжиҳат бўлиб, ўз ҳақларини талаб қилсалар эди, бу каби муаммоларнинг ҳал бўлиши осонлашарди. Ривожланган мамлакатларда одамлар тараққиётга фақат меҳнатсеварликлари учунгина эмас, ўз ҳақларини вақтида талаб қилишни ўринлатганлари учун ҳам эришганлар”, деди у.
XS
SM
MD
LG