Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 07:04

ЭСДАН ЧИҚМАЙДИГАН ҚИШ


Бу йилги қиш нафақат ўз аёзи, балки берилган қурбонлар сони билан ҳам анча йилларгача одамларнинг эсидан чиқмайдиган бўлди. Бу йилги қаттиқ совуқ оқибатида Ўзбекистоннинг вилоят ва туманларида кўплаб қорамолларнинг совуқдан ҳаром ўлгани, аҳоли яшайдиган жойларда асосий иссиқлик манбаи бўлган газ қувурларининг ёрилиб кетгани, ҳаттоки уйлар ичидаги иситиш қувурлари совуққа дош беролмай ишдан чиққани, баъзи жойларда эса одамлар мутлақо иссиқликсиз қолганлари ҳақидаги бир-биридан нохуш ва совуқ хабарлар аҳоли ўртасида доимий муҳокама мавзусига айланди. Бироқ булар қаҳратон қиш етказган талафотларнинг ҳаммаси эмас.

«01» хабар қилади

Кечагина “Тошкент” телеканалининг Тошкент шаҳар ИИБ ЁХБ маълумотларига асосланиб тарқатган хабарига кўра, биргина Тошкент шаҳрида йил бошидан буён 268 та ёнғин ҳолати қайд этилган ва бу ёнғинлар оқибатида ҳалок бўлганлар сони 17 тага етган. Ҳуқуқ-тартибот идоралари маълумотларида яна айтилишича, ушбу ёнғинлар, асосан, электр иситиш мосламалари, газ ускуналаридан нотўғри фойдаланиш ёки лоқайдлик оқибатида келиб чиққан. Шунингдек, С. Раҳимов туманидаги бир хонадонда АГВ (дудбуроқ) иситиш мосламасидан фойдаланилган пайтда юқори босимли газ портлаши оқибатида тўрт хонадон кетма–кет ёниб, кули кўкка соврилгани юзасидан тасвирга олинган лавҳалар эфирга узатилди ва бундай ёнғинларнинг нечоғли даҳшатли оқибатларга олиб келиши мумкинлиги яна бир бор эслатди.

“Қиш ўчоғи тор...”

Биз пойтахтда 40 кун ичида содир бўлган ёнғинлар юзасидан аҳоли фикрини ўрганишга ҳаракат қилдик. Суҳбатдошларимизнинг таъкидлашича, кўп қаватли уйларда ўрнатилган иситиш тизими бу йилги совуқ оқибатида жуда ёмон ишлаган, маҳаллаларда эса газ қуввати кескин камайгани кузатилган. Суҳбатдошларимизга кўра, катта-катта оилалар бу йилги совуқ жабридан хонадонда мавжуд бўлган ёки яқинда харид қилинмиш иситиш мосламаси ўрнатилган бир хонада жон сақлашга мажбур бўлганлар.

Печкачининг куни туғди

Мавзу юзасидан аҳоли фикрини ўрганарканмиз, суҳбатдошларимиз бу йилги қиш мавсумида иситиш мосламаларининг нархи кескин кўтарилиб кетганини ва бунинг натижасида хавфсизлик талабларига мутлақо жавоб бермайдиган қўлбола ускуналар бир оз арзонлиги ҳисобига жуда харидоргир бўлганини алоҳида таъкидладилар.

Иссиқхоналар даромад ўрнига зарар-заҳмат келтирди

Баъзи пойтахтликларнинг фикрича, аксар ёнғинлар ҳовлисида иссиқхоналари бўлган шаҳарликлар хонадонларида рўй берган.
Қишнинг айни аёзли кунларида кўплаб оилаларнинг бошпанасиз қолишига сабаб бўлган ёнғинлар нега бу қадар кўпайиб кетгани хусусида кузатувчи Абдураҳмон Қосимов ўз фикрини билдирди. Унинг таъкидлашича, Ўзбекистонда бирорта ОАВда тилга олинмаган, бироқ қиш бўйи аҳоли ўртасида тинимсиз муҳокама қилинган “қаҳратон қурбонлари” ҳақидаги гап-сўзларнинг аксари ҳақиқатга яқин ва улар сони жуда кўп.

Фалокатлар сабаби аҳолининг ночорлигида

Суҳбатдошимизнинг маълум килишича, бундай фалокатлар, қурбон беришлар ортида яна аҳолининг иқтисодий ночорлиги муаммоси ётади.
Қосимовнинг фикрича, ўзбекистонликларнинг аксарияти коммунал тўловлардан жуда катта қарз бўлиб қолганлар. Шундай бўлса-да, қарздорлар ҳам бу йилги қишдан омон чиқиш учун газ ва электр қувватидан қўшимча фойдаланишга мажбур бўлганлар. “Табиийки, - деди Абдураҳмон Қосимов, - улар бу хизматлардан имкон қадар ноқонуний фойдаланиш чораларини излаганлар”.

Кузатувчининг айтишича, арзон ва кафолатсиз мосламалар сотиб олиш, ишлатилган электр қуввати ёки газни камайтириб кўрсатишга уриниш, ноқонуний электр ва газ манбаларини кашф қилиш ва албатта, баъзи оилаларда катталарнинг рўзғор ташвиши деб вояга етмаган фарзандларни уйларда қаровсиз, ёлғиз ташлаб кетишлари – буларнинг бари охир-оқибат ёнғинлар келиб чиқишига сабаб бўлган.
XS
SM
MD
LG