Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 04:43

Ижобий қадамлар ҳақида гапиришга ҳали эрта


“Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамиятининг Зомин тумани бўлими раҳбари Улуғбек Каттабеков йил бошидан бери Ўзбекистонда қамоқдан озод қилинган ҳуқуқ ҳимоячиларининг олтинчиси бўлди.

У.Каттабеков 2005 йилнинг июлида таъмагирликда айбланиб, уч ярим йилга қамоққа ҳукм қилинган эди.

Жиззахлик ҳуқуқ ҳимоячиси Бахтиёр Ҳамроевнинг билдиришича, У.Каттабеков 3 февраль куни озодликка чиққан, лекин номаълум сабабларга кўра, унинг ҳамкасблари бу воқеадан ўтган ҳафта охирларида хабар топган.

Европа Иттифоқи расмийлари баъзи ҳуқуқ ҳимоячиларининг озод этилишини Ўзбекистон ҳукумати билан олиб борилаётган мулоқотларнинг дастлабки ижобий натижалари ўлароқ кўрмоқда. ЕИнинг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Пьер Моррл Тошкентнинг бу қадамларини олқишлади.

“Менда Ўзбекистон ҳукумати кўраётган чораларнинг барчаси ҳақида батафсил маълумотлар бўлмаса ҳам Тошкентдаги ижобий ўзгаришлардан хабарим бор ва вазиятни яқиндан кузатмоқдамиз. Нима бўлганда ҳам Тошкентнинг ижобий қадамларидан хурсандмиз. Лекин бу ҳақда тўлиқ тасаввурга эга эмасман ва расмий муносабат билдира олмайман”,- деди Пьер Морел.

Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ўзбек қамоқхоналарида бошқа ўнлаб сиёсий маҳбуслар қолаётгани сабабли Ўзбекистон ҳукуматининг ижобий қадамлари ҳақида гапириш ноўрин эканини айтаётир.

Қароргоҳи Парижда жойлашган Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари Надежда Отаева Европа расмийлари айтаётган “ижобий қадам” мустақилликнинг дастлабки йилларида қамоққа ташланган сиёсий маҳбусларни четлаб ўтгани таассуфли эканини таъкидлади.

“Афсуски, бу амнистия узоқ йиллардан бери қамоқ жазосини ўтаётган, ҳатто жазо муддати тугаб, озодликка чиқа олмаётган сиёсий тутқунларга қўлланмади. Мен, биринчи навбатда, Тошкент режимининг ҳақиқий мухолифлари бўлган Аҳмаджон Одилов, Мамадали Маҳмудов, Мурод Жўраев, Муҳаммад ва Рашид Бекжонлар ва бошқаларни назарда тутяпман. Менимча, ЕИ асосий эътиборини ана шу сиёсий маҳбусларга қаратиши керак ва улар озод этилгандагина ижобий қадамлар ҳақида гапирса арзийди”,- деди Н.Отаева.

Бундан ташқари, унинг айтишича, бу йилги амнистияда озодликка чиққан фаоллар сони ўтган йилгига қараганда камлиги инобатга олинса, расмий Тошкентнинг ижобий қадамлари ҳақида гапириш ўзини ўзи алдашдан бошқа нарса эмас.

ЕИнинг Ўзбекистон билан инсон ҳуқуқларига оид мулоқоти доирасида озод этилиши талаб қилинаётганлар рўйхатида, асосан, Андижон воқеаларидан кейин қамалганларнинг исмлари бор. Н.Отаева тилга олган тоши оғир маҳбуслар номи бу рўйхатларда одатда кўрсатилмайди.

ЕИ расмийси Пьер Морел бу ҳақда изоҳ беришдан бош тортди. Н.Отаева фикрича эса бунинг маълум сабаблари бор.

“Чунки айнан шу маҳбусларнинг исмлари Каримовнинг ғашини келтиради ва ЕИ бу режим билан мулоқотида мазкур масалада эҳтиёткорлик қилмоқда. Биласизми, бугун Каримов нафақат Ўзбекистонни, бошқаларни ҳам ўзининг кайфиятига кўра ҳаракат қилишга мажбурлаяпти. Ўзбекистон ҳукуматига қарши жорий этилган санкцияларни бекор қилиш учун баҳона қидираётган ЕИ эса Ўзбекистонда вазият яхши томонга ўзгаряпти, деган гапларга нафақат ўзини, бошқаларни ҳам ишонтиришга ҳаракат қиляпти”,- дейди Н.Отаева.

Андижон воқеалари ортидан расмий Тошкентга қўлланган санкциялар ҳозирда вақтинча бекор қилинган. Жазо чораларининг кейинги тақдири ЕИ кенгашининг икки ойдан кейин Брюсселда бўлиб ўтадиган мажлисида Ўзбекистондаги вазиятга асосан ҳал этилади.
XS
SM
MD
LG