Линклар

Тузумнинг ашаддий ҳимоячиларидан бири ишдан кетди

  • Алишер Сиддиқ

http://tbn0.google.com/images?q=tbn:y1lhDkns9tMUaM:http://www.centrasia.ru/im-news/2004/10/1099033200.jpg Ўзбекистон бош вазири Шавкат Мирзиёевнинг матбуот котиби Шерзод Қудратхўжаев лавозимидан озод қилинди. Каримов тузумининг ашаддий ҳимоячиси ва карьерист сифатида танилган Ш.Қудратхўжаев ўз хоҳишига кўра ишдан кетганини айтмоқда.

Ш.Қудратхўжаев сўнгги 10 йил давомида Ўзбекистон ҳукуматининг нуқтаи назарини ва сиёсатини ҳимоя қилиб, Ғарб журналистлари билан очиқ мулоқот қилишга журъат этган оз сонли матбуот вакилларидан бири бўлди. Унинг лавозимидан четлатилиши ҳукуматнинг аввалгидан кўра ёпиқроқ сиёсат юргизиш ниятида эканини кўрсатади.

Ш.Қудратхўжаев куни-кечагина “Озодлик” радиосига ўз шефи Шавкат Мирзиёевнинг лавозимидан четлаштирилгани ҳақидаги хабарларни инкор этганди. Бу унинг матбуот котиби сифатида берган сўнгги баёноти бўлди.

“Озодлик” билан суҳбатда Шерзод ўзининг ишдан кетганини инкор этмади, лекин бу ҳақда унинг умуман гапиришни истамаганини пайқаш қийин бўлмади.

Ш.Қудратхўжаев ўз аризасига асосан ишдан кетган бўлса ҳам уни яқиндан таниганлар бунга ишонмайди.

Маълумоти бўйича журналист бўлган Шерзод 1994 йилда Ўзбекистон телевидениесига ишга кирди ва тўрт йилдан сўнг телевидениенинг халқаро каналига раҳбарлик қила бошлади. “Ахборот +” ва “Таҳлилнома” дастурлари муаллифи сифатида Ш.Қудратхўжаев президент девони назарига тушди. 2000 йилда у Марказий сайлов комиссияси матбуот вакили, кейин президент Ислом Каримов матбуот котибининг ўринбосари ва ниҳоят 2005 йилдан шу бугунга қадар бош вазирнинг матбуот котиби лавозимида хизмат қилди.

Энди эса у тўсатдан илмий-педагогик фаолият билан шуғулланиш ниятида эканини айтмоқда. Аслида Ш.Қудратхўжаев ҳукумат мулозими сифатидаги карьерасини сиёсий найранглар сабабли тўхтатган бўлиши мумкин. Ҳукумат таркибида ўз манбалари борлигини даъво қиладиган мустақил журналист Сергей Ежков Шерзод ўз фаолияти сабабли ҳукуматдан четлаштирилган бўлиши мумкинлигини айтади.

“Соғлом фикр юритган ва масъулиятни ўз бўйнига ололган охирги одамни ишдан олишди. Давлатимизда масъулиятни ўз бўйнига олган одам ўзини хавф остига қўяди. Шунинг учун барча матбуот котибларимиз тилларини тийиб ўтиришни маъқул кўради. Оғзига талқон солиб ўтирган матбуот котиблари орасида Шерзод ажралиб турарди”,- деди С.Ежков.

Матбуот котиби сифатида Ўзбекистон ҳукуматидан четлаштирилган кўплаб мамлакали кадрлар манзарасида Шерзоднинг кетиши ҳеч нарсани англатмаслиги мумкин.

Журналист Абдураҳмон Ташановнинг фикрича, мустақил журналистлар Шерзод Қудратхўжаевнинг кетишини ижобий хабар сифатида қабул қилади.

“Карьерага интилувчи ëш мутахассис сифатида Шерзод Ўзбекистон матбуотига цензорлик фаолиятида бўлган ўзига хос шахслардан бири эди. Албатта, бу маҳаллий матбуотчилар, ҳеч бўлмаса ижтимоий танқидларни чиқаришга уриниб юрган журналистлар учун хурсанд бўларли ҳол. Лекин ҳукумат учун, менимча, маълум маънода мафкуравий жиҳатдан Шерзоднинг кетиши ютқазишдир”,- деди Абдураҳмон Ташанов.

Энди Ўзбекистон ҳукуматида матбуот котиби лавозими бўш қолди. Айни пайтда Ўзбекистон президентининг матбуот котиби ҳам тайинланмаган.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигида оммавий ахборот воситалари билан мутлақо мулоқот қилмайдиган Азиз Обидов эгаллаб турган матбуот котиби лавозимини ҳам вакант, деб ҳисоблаш мумкин. Ўзбекистонда бу лавозимларнинг барчаси рамзий бўлса ҳам матбуот котибларининг йўқлиги ҳукуматнинг ОАВга муносабатини кўрсатади.
XS
SM
MD
LG