Линклар

logo-print

“Газпром” Украинага газ етказиб беришни қисқартирди


Россиянинг “Газпром” ширкати Украинага етказилиб берилаётган газ ҳажми 3 мартдан бошлаб 25 фоиз қисқартирилганини маълум қилди.

“Украинада Россия билан келишилмаган ҳолда газ истеъмол қилиш ҳолатлари ҳануз давом этмоқда. Шунингдек, газ соҳасидаги ҳамкорлигимизга оид янги шартнома ҳам имзолангани йўқ. Бу вазиятда “Газпром” ўз иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида Украинага етказиб берилаётган газ ҳажмини 25 фоиз қисқартирди”,- деди “Газпром” ширкати матбуот котиби Сергей Куприянов.

Унинг билдиришича, Украинанинг Россия олдидаги ҳозирги қарзи қарийб 600 миллион АҚШ долларини ташкил этади. Бироқ расмий Киев Россия билан барча қарз масалаларини ҳал этиб бўлганини билдириб келмоқда.

Украинанинг “Нафтогаз” компанияси эса Россия томони газ ҳажмини яна қўшимча 10 фоиз қисқартирганини маълум қилди. Мамлакат президенти Виктор Юшченко икки давлат ўртасида газ можароси қайта авж олмаслиги учун “Газпром” раҳбарияти билан музокаралар ўтказишга чақирди.
XS
SM
MD
LG