Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:50

Ёшлар йили хавотир уйғотади...ми?


Ўзбекистон президенти Ислом Каримов “Ёшлар йили тўғрисида”ги давлат дастурига имзо чекди. Бу дастурга кўра, 2008 йилда ўзбекистонлик ёшларнинг ижтимоий муаммоларини ҳал қилишга катта аҳамият берилади, уларнинг ўқиши ва ишлаши учун имкониятлар яратилади.

Ëшлар муаммоларини ўзида қамраб олган давлат дастурига кўра, бу соҳанинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, ёшларнинг соғлом турмуш тарзига бўлган муносабатларини шакллантириш, ҳарбий хизматдан бўшаган ёшларни иш билан таъминлаш ва ёш оилаларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш 2008 йилда қилиниши лозим бўлган энг муҳим ишлардир.

Бир оғиз гап билан айтганда, ёшлар муаммоларини ҳал қилишга қаратилган бу давлат дастури. Хўш, ёшларнинг ўзлари бу ҳақда қандай фикрда? Улар бу дастурнинг амалга ошишига қанчалик ишонади?

“Менимча, амалга ошмаса керак,- дейди Норвегияда яшаётган Феруза исмли қиз. - Чунки президентимиз тўртинчи марта тахтда қоляпти. У айтган нарсасини ҳеч қачон қилмаган. Умуман ëшларга ҳам, қарияларга ҳам, ëш болаларга ҳам берган ваъдалари устидан чиқмаган. Шунинг учун бу нарсага ишониш жуда қийин. У фақат қоғозда. Бошқа халқларга, бошқа давлатларга кўрсатиш учун қоғозга ëзилган нарса”.

Хоразмлик журналист Эрпўлат Бахт фикрича, аслида ҳукуматнинг ёшлар муаммоларини эътиборга олгани яхши. Лекин бу дастур фақат шаҳарларда бажарилиши мумкин. Қишлоқ ёшлари муаммолари эса барибир яна четда қолади.

“Ҳар қандай дастур қабул қилинганда у, аввало, ўз инъикосини пойтахтда кўрсатади. Масалан, ëшлар сиëсатини такомиллаштириш бўйича бугунгача амалга оширилиб келинаëтган ишлар пойтахт ва вилоятлар марказларида системали тарзда кўзга кўринади. Олис қишлоқларда ва марказдан йироқ бўлган ҳудудларда бу нарса кўзга ташланмайди”,- дейди журналист.

Кузатувчиларнинг айтишича, Ўзбекистон аҳолисининг қарийб 40 фоизи 18 ëшгача бўлган ёшлардан иборат. 30 ёшгача бўлганлар умумий аҳолининг 64 фоизини ташкил этади. Мамлакатдаги ишсизлик аксарият ёшларни мамлакатдан иш излаб, хорижий мамлакатларга чиқиб кетишга мажбур қилмоқда.

Хўш, президент имзо чеккан бу давлат дастури бу маммоларни ҳал қилишга қанчалик қодир?

Филология фанлари номзоди Абдулла Абдураззоқ “Ёшлар йили” дастуридан, очиғи, қаттиқ хавотир олаётганини билдирди.

“Чунки илгари Аëллар йили эълон қилинганда мардикор бозорлари аëллар билан тўлиб кетган эди. Болалар йили, дейилганда эса болаларга бериладиган нафақа кескин равишда қисқариб кетган эди. Ўқитувчилар йили, деган йил ҳам бўлди. Худди шу йили ўқитувчиларнинг жуда кўп имтиëзлари чекланди. Агар диққат билан кузатсангиз, қайсидир йил қайсидир соҳа йили, деб эълон қилинганда худди шу соҳага ҳужум бўлганини ва шу соҳа қийинчиликларга дучор қилинганини ҳар қандай одам кўриши мумкин. Ëшлар йилида ëшлар бошига катта кўргиликлар келишидан хавотирдаман. Уларнинг имкониятлари чекланади, йиғилиши мумкин бўлган жойлар чекланади, кузатувлар кучаяди. Шу пайтгача бўлиб келаëтган тескари ташвиқот кампанияси яна авж олиб кетишидан хавотирдаман”,- деди олим.
XS
SM
MD
LG