Линклар

Кутилган ғалабага муносабатлар

  • Замира Шукур

Россияда 2 март куни бўлиб ўтган президент сайловида, кутилганидек, амалдаги давлат раҳбари Владимир Путин ўзига ворис сифатида танлаган Дмитрий Медведев ҳеч бир қийинчиликсиз ғалаба қозонди.

Россия Марказий сайлов комиссияси Д.Медеведевнинг 70 фоиздан кўпроқ овоз билан президентликка сайланганини эълон қилганидан сўнг халқаро жамоатчилик бу воқеага муносабат билдира бошлади.

Ҳозирча демократик Ғарбнинг Россиядаги президент сайловига муносабатини совуққина, дейиш мумкин. Зотан, сайловни кузатиш бўйича Ғарбда энг нуфузли саналган Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Россия сайловига ўз кузатувчилар миссиясини юбормади.

Бу сайловни кузатган саноқли мустақил гуруҳларидан бири бўлган Европа кенгашининг парламентлараро ассамблеяси кузатувчилари миссияси раҳбари Андреас Грос Россия овоз берувчиларининг демократик потенциали якшанба куни рўëбга чиқмаганини билдирди.




“Оммавий ахборот воситалари, умумиятла эса жамоатчилик секторида номзодларнинг барчаси учун бир хил имкон бериш вазияти яхшиланмади. Бу эса сайловнинг қанчалар адолатли ўтганини шубҳа остига қўяди”,- деди А.Гросс.

Д.Медведевнинг Россия президентлигига сайланишини ҳамма олдиндан билиб турган бўлса-да, Буюк Британия парламенти депутати Нигел Эйванснинг айтишича, унинг 70 фоиздан ошиқ овоз билан сайлангани барибир кутилмаган ҳодиса бўлган.

Сайловга муносабатини ўз матбуот котиби орқали ўқиб эшиттирган Европа комиссияси раиси Хосе Мануэл Баррозу Д.Медведевнинг президентлиги даврида ЕИ ва Россия ўртасидаги муносабатлар яхшиланишига умид билдирди.

“Президент Дмитрий Медведев раҳбарлиги даврида Россия Федерацияси ва ЕИ нафақат умумий манфаатлар, балки умумий қадриятларга асосланган ўзаро стратегик шерикликни йўлга қўямиз”,- дейилади баёнотда.

Атлантиканинг нариги томони – Вашингтон ҳали Д.Медведевга табрик номаси йўлламай туриб, мухолифатдаги партия етакчилари сайловни кескин танқид қилди.

АҚШ президентлиги учун ўз партиясидан номзодликка сайланиш учун кескин кураш олиб бораëтган Ҳиллари Клинтон Д.Медведевнинг сайланишини “Россиянинг демократик қадриятлардан ортга чекинишидаги бурилиш нуқтаси”, дея атаган бўлса, Оқ уйга яна бир даъвогар Барак Обама бу сайловнинг на эркин ва на адолатли эканини таъкидлади.

Ҳозирча жаҳон пойтахтлари, хусусан, расмий Тошкентда Д.Медведевга ëзилган табрик номалари тегишли имзоларни кутиб турган бўлса, мустақил кузатувчилар Россиядаги сайловга ўз муносабатларини очиқ ифодаламоқда.

Мухолифатдаги “Эрк” демократик партияси лидери Муҳаммад Солиҳ гарчи Д.Медведевнинг В.Путин сайлаган ворис экани ҳаммага аëн бўлса-да, унинг президентликка келиши на Россия ва на постсовет ҳудудлари учун ëмон аломат каби кўринмаëтир, деган фикрда.

“Медведев Россия эмас, Путин сайлаган одам. Уни Путин тавсия қилди ва Путиннинг рус аҳолиси ичида обрўси катта бўлгани уни ҳокимиятга олиб келди. Лекин Медведевнинг ўзини тутишида, гапиришида ва фикрларида мен мутаносиблик кўрдим. Ҳар ҳолда Медведевнинг келиши Россия учун ëмон бўлмаса керак. Унинг юзида бир инсон сифатида тажоввузкорлик, ташқарига ëмон энергия тарқатмайдиган шахсият кўрдим. Бу, албатта, субъектив бир баҳолаш бўлиши мумкин, лекин шахс сифатида унинг сиëсати катта роль ўйнайди. Агар Медведев мен ўйлагандай ва менга туюлгандай бир шахсият бўлса, албатта, бунинг таъсири нафақат Россиянинг ички сиëсатига, балки ташқи сиëсатига ҳам бўлади”,- деди Муҳаммад Солиҳ.

Ўзбек мухолифати етакчилари бири Д.Медведев каби зиëли бир шахснинг президентликка келиши Россиянинг МОдаги авторитар режимлар, хусусан, Каримов режимига муносабатига ўз таҳририни киритишига ҳозирча фақат умид қилиш мумкинлигини қўшимча қилади.

“Умид қиламизки, Медведев Россия каби буюк бир давлатнинг президенти сифатида диктаторларга бўйин эгмайди. Диктаторларнинг инжиқликларини кўтариб юрмайди. Ўзининг мустақил сиëсати билан Россияни демократик йўналишга солади. Агар шундай бўлса, Ўзбекистондаги бугунги зулмга ҳеч бўлмаганда ëрдамчи бўлмайди. Бизга демократия қуриш учун ëрдам беришига умид қилиш учун ҳеч қандай сабаб йўқ. Аммо ҳеч бўлмаса, зулмга ëрдам бермайди. Биринчи босқичда, менимча, биз шу мутавозе умид билан чеклансак бўлади”,- деди Муҳаммад Солиҳ.

Москвада истиқомат қилувчи мустақил журналист Санобар Шерматова Д.Медведев ҳам ички, ҳам ташқи сиëсатда ўзи ваъда қилгани каби Путин сиëсатини давом эттиражаги ва Ўзбекистон-Россия муносабатларида айтарлик ўзгариш қилмаслигига ишонажагини айтади.




“Чунки муносабатлар тизими аллақачон қуриб бўлинган, ҳар иккала томон ҳам ўзаро муносабатлардаги устивор жиҳатларни белгилаб бўлган. Шу боис, на Москва ва на Тошкент Кремль раҳбари ўзгаргани билан ўзаро муносабатлар тизимини қайта кўриб чиқмайди, деган фикрдаман”,- деди Санобар Шерматова.
XS
SM
MD
LG