Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:13

Озода Ёқубова: “Ҳали бирорта ҳуқуқ ҳимоячиси Жаслиққа жўнатилмаган эди”


“Озодлик” радиоси Ўзбекистон қамоқхоналарида қолаëтган сиëсий маҳбуслар турмуш ўртоқлари билан ўтказаётган туркум суҳбатларнинг бу галги меҳмони Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамияти вакили Аъзам Фармоновнинг турмуш ўртоғи, бугунда қувғинда юрган таниқли ҳуқуқ ҳимоячиси Толиб Ëқубовнинг қизи Озода Ëқубовадир.

Аъзам Фармонов Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамиятининг Сирдарë вилояти бўлимига раҳбарлик қилган. 2006 йил 29 апрель куни ҳибсга олинган. 2006 йилнинг 15 июнь куни Янгиер шаҳри суди уни Жиноят кодексининг 165-моддаси бўйича товламачиликда айблаб, 9 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилди.

Ўшандан бери А.Фармонов Ўзбекистон ҳукумати сиëсий, хусусан, диний эътиқоди учун қамалаëтганлар учун махсус қурган Қорақалпоғистондаги Жаслиқ қамоқхонасида сақланмоқда.

Унинг турмуш ўртоғи Озода Ëқубова “Озодлик” билан суҳбатда ҳуқуқ ҳимоячиси бўлган А.Фармоновнинг нега айнан “Борса келмас” номини олган Жаслиққа ташлангани сабабини кўп ҳам тушуна олмаслигини айтади.

Озода Ëқубова: Нимагалигини билмайман. Лекин суддан кейин Ховос турмасида ўтирган пайтларида олдига кирганимда: “Мени бошқа қамоқхоналардан излаб юрмагин. Мени тўғри Жаслиққа олиб кетишар экан. Менга шунақа деб айтишди”, деган эдилар. Мен бунга ишонмаган эдим. Тоштурмага бориб суриштирганимизда биз у кишини Жаслиққа олиб кетишганини билдик. Шундан кейин Жазони ижро этиш бош бошқармасига бошқа қамоқхонага кўчиришларини илтимос қилиб, бир-иккита шикоят аризаси ëздим. Лекин у ерда Фармоновни жазо ўташига тўсқинлик қиладиган ҳеч қандай ҳолатлар йўқ, деб жавоб беришди ва уни бошқа қамоқхонага кўчиришни рад этишди.

Озодлик: Жаслиқда шароитлар қанақа?

Озода Ëқубова: Жаслиқ шароитлари ҳаммага маълум. Маҳбуслар ишламайди. Эрталабдан кечгача панжарали хонада қамалиб ўтиришади. Хўжайинимда ҳам шу аҳвол. Бир соатга сайрга чиқишади.

Озодлик: Жаслиқда, менимча, диний айблар билан қамалганлар ва оғир жазога тортилганлар ўтиради-а?

Озода Ëқубова: Ҳа, худди шундай. Билмадим нимагадир шу ерга олиб келишди ва ҳалигача шу ерда сақлашяпти. Икки марта бордим ва иккаласида ҳам кўрсатишмади. Ўтган сафар борганимда президент номига, ИИВ номига, Жазони ижро этиш бош бошқармасига қийноқлар қўлланилгани ҳақида, қийноқлар тўхтатилиши ва эримни озод қилишларини сўраб шикоят хати ëзган эдим. Орадан уч ой ўтди, лекин борортасидан ҳам менга ҳали жавоб хати келмади. 8 февраль куни яна изоляторга ташлашибди ва 22 кун давомида ушлаб туришибди.

Озодлик: Нима сабабли?

Озода Ëқубова: Мен сўраганимда: “Хонамизга янги маҳбусни олиб келишди. Иккита маҳбус ғижиллашиб ўтирганида мен “жим бўлинглар¸тинч ўтирайлик”, деганим учун у иккаласи қолиб мени олиб кетишди”,- дедилар.

Озодлик: Мана, шанба куни қайтиб келибсиз. Қийноқларни тилга олдингиз. Қийноқлар ҳали ҳам қўлланилаëтган эканми?

Озода Ëқубова: Охирги сафар изоляторга тушганларида қийноқ қўлланилмабди. 15 кун қўлига кишан солиб изоляторда ушлашган. 7 кун карантинда ушлашган. Карантинда қўлга кишан солиш мумкин эмас экан, лекин унинг қўлига у ерда ҳам кишан солишибди. Буни ҳатто 159-модда билан қамалганларга ҳам қўллашмас экан.

Озодлик: Соғлиқлари қанақа?

Озода Ëқубова: Изолятордан чиққандан кейин даволашибди. Соғлиғи яхши бўлмагани учун мен ўзим ҳам дори-дармон жўнатган эдим. Бу сафар соғлиғи ўтган сафаргидан яхши. Ўтган сафар қулоқларидан йиринг оқиб, оëқлари оғриб, мазаси бўлмасдан ëтган эдилар. Ўтган сафар изоляторга тушганларида қаттиқ қийноққа солишган. 5 та одам 2 кун давомида тинимсиз дубинка билан урган.

Озодлик: Хўжайинингизга қўлланилаëтган қийноқларнинг асл сабаби нима деб ўйлайсиз?

Озода Ëқубова: Бунинг асосий сабаби ҳуқуқ ҳимоячиси бўлганлиги, Толиб Ëқубовнинг куëви, яъни менинг хўжайиним бўлганлиги. Ҳали бирорта ҳуқуқ ҳимоячиси Жаслиққа жўнатилмаган. Хўжайинимни эса жўнатишди.

Озодлик: Бунақа қилиш билан улар кимларгадир қанақадир сигнал беришмоқчими?

Озода Ëқубова: Шунақа шекилли. Чунки мен Фармоновга турмушга чиққанимдан бери бизнинг оиламизга бўлаëтган тазйиқ тўхтагани йўқ. 2005 йилда ҳатто уйларимизгача ëқиб юборишди. Охири ўзларини ноқонуний қамоққа олиб....(ўксиниб йиғлади)

Озодлик: Озодахон, яна неча йиллари қолди?

Озода Ëқубова: (йиғлаб) Яна 7 йил қолди.

Озодлик: Битта ҳуқуқ ҳимоячисига 9 йил бериб, Жаслиққа жўнатадиган ҳукумат ҳақида нима дейсиз?

Озода Ëқубова: (ўксиниб йиғлаб) Ҳуқуқ ҳимоячисини концлагерда жазо ўташи ҳали тарихда ҳам бўлмаган бўлса керак. 16 февраль куни чақириб, амнистияга туширилмаганини айтиб мажбурлаб қўл қўйдиришган.

Озодлик: Амнистияга тушмаганликларини нима деб тушунтиришибди?

Озода Ëқубова: Изоляторга ташланганлиги ва қоидани бузгансан, деб айтишибди.

Озодлик: Амнистиядан ўзи умид бормиди?

Озода Ëқубова: Ҳуқуқ ҳимоячилари озод этилганлиги ва Ўзбекистон ҳамда ЕИ муносабатлари озгина яхшиланаганлиги сабабли озгина умидим бор эди. Лекин Ўзбекистон ҳукумати ҳали ҳам ҳуқуқ ҳимоячиларига нисбатан тазйиқни давом эттираëтганга ўхшайди.

Тиканли симнинг бу ëғидаги ҳаëт... Иккита кичик гўдаги билан ëлғиз қолган Озода Ëқубова ўз умри ҳар уч ойда икки боласини бағрига босиб, Устюрт чўлларидаги қўрқинч қамоқхонага қатнаш билан ўтаëтгани, яқин келажакда ўз эрига нисбатан адолат қарор топишига нисбатан умиди шамдек сўниб бораëтганини айтади.

Озода Ëқубова: Иккита фарзандим бор.

Озодлик: Неча ëшда улар?

Озода Ëқубова: Катта фарзандим 4 ëшига қараб кетди. Кичкинам хўжайиним қамалгандан бир ҳафтадан кейин туғилди. Ҳозир 2 ëшда.

Озодлик: Кичкина болалар билан Жаслиққа қатнаш қанақа бўляпти?

Озода Ëқубова: Қийин бўляпти. Барибир отаси. Кўргиси келади, олиб кел дейди. Мажбур олиб бораман.

Озодлик: Болалар бунақа шароитларни кўриб қўрқиб кетмаяптими?

Озода Ëқубова: Болаларим ҳали кичкина. Катта бўлса тушунади. Ҳали кичкина барибир, дадасини соғинади, деб олиб бораман.

Озодлик: Сиз ҳам ҳар уч ойда кўрасизми?

Озода Ëқубова: Ҳа. Бу сафар 21 февраль куни борган бўлсам, 25 февраль куни киргизишди. Уч кун киргизишмаганидан кейин ИИБга бориб: “Мени нимага киргизмайсизлар. Совуқда мен ëш болаларим билан ўтирибман. Бўлмаса мени паспортимни беринглар, мен кетаман”, деб жанжал кўтардим. Сиз эртага кирар экансиз, дейишганидан кейин мажбур яна қолдим. 25 февраль куни уч кунлик учрашув беришди.

Озодлик: Тирикчилигингиз қанақа ўтяпти? Жаслиққа боришнинг ўзи бўлмаса керак. Бунинг устига иккита болангиз бор.

Озода Ëқубова: Бозорга чиқиб, ўзим у-бу нарса сотаман. Уйдагилар ëрдам беришади.

Озодлик: Бозорда милиция тарафидан сизга босим бўлмайдими?

Озода Ëқубова: (йиғлаб) Бунақа босимларга ўрганиб кетганман мен. Нима қиляпти, уйига кимлар келяпти, деб сўраб-суриштиришади.

Озодлик: Болаларингиз дадасига нимага бунақа қилишганини ҳали тушунмайди-а?

Озода Ëқубова: Йўқ, ҳали тушунишмайди. Дадамизни кўргани борамиз, деб қўйишади энди. Пешонага ëзилгани бўлади, албатта.

Озодлик: Қийналиб кетганингизда нима деб ўзингизни юпатасиз?

Озода Ëқубова: Болаларим бор. Шу нарсага кўникишим керак, деб ўзимни юпатаман. Яқинларим бор. Улар мени ташлаб қўйишгани йўқ.

Озодлик: Маҳалланинг муносабати яхшими?

Озода Ëқубова: Ҳа, яхши.

Озодлик: 7 йил қанақа ўтишини тасаввур қиляпсизми ëки эртага амнистия қўлланилишидан умидингиз борми?

Озода Ëқубова: Бунисини билмадим энди. Умид қиламиз, тезроқ чиқишини, тезроқ болаларининг олдига келишини Худодан сўраймиз. Худо инсоф берсин.

Озодлик: Кимга инсоф берсин? Ким ҳал қилади буни?

Озода Ëқубова: Албатта, ҳаммасини тепадагилар ҳал қилади. Халқаро ташкилотлардан ëрдам кутамиз.

Озодлик: Мурожаат қилиб турасизми ўзингиз?

Озода Ëқубова: Ҳа, ëрдам сўраб мурожаат қилиб тураман. Элчихоналардан сўраб туришади. Озодликка тезроқ чиқишини умид қиламан. Бошқа ҳуқуқ ҳимоячилари каби амнистия қўлланилишини кутаман.

Озодлик: Нимага хўжайинингизга амнистия қўлланилмади, деб ўйлайсиз?

Озода Ëқубова: Атайлабдан қоидани буздинг, деб қўллашмаган. Ноқонуний қамашганлиги учун балки ўзларидан қўрқишадими. Судлари ҳам ëпиқ ўтган. Балки у кишидан қўрқишар.
XS
SM
MD
LG