Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 19:48

ЁЛҒОН ТЕХНОЛОГИЯСИ


ёки ҳукуматга керакли рақамлар қандай ҳисобланиши ҳақида “Бундай рақамларни қаердан олган у?” 8 февралдан бери кўпчилик ўзбекистонликлар бир-бирига мана шу саволни бериб, унга жавоб ахтариш, шу савол атрофида ўзаро баҳс-мунозаралар қилиш билан оворалар. Гап шундаки, айнан шу куни Ўзбекистон президенти Ислом Каримов 2007 йил якунларига бағишланган ҳукумат йиғилишида ҳаммани лол қолдириб, “Ўтган йили республикада хўжалик корхоналари ва бюджет ташкилотларида ишлайдиган кишиларнинг умумий ўртача ойлик маоши 210 АҚШ долларини ташкил қилди”, – деганди.

“Яхшидур аччиқ ҳақиқат, лек ширин ёлғон ёмон”

Бу гапни илк маротаба эшитганлар аввалига “Бўлиши мумкин эмас!”, “Ёлғон ҳам эви билан-да!”, “Оғзига келганини гапираверар экан-да бу!” - деб юришди.

Аслида одамларнинг бу аччиқ кинояларида жон бордек. Чунки бугунги кунда республикада 30 минг сўмга (тахминан 20 доллар) ишлаб юрганлар ҳам, 300 минг сўмга ишлаб юрганлар ҳам топилади.

Лекин бу сонларнинг ўртачаси 210 долларни ташкил қилмайди-ку! Тағин 300 минг олаётганлар жуда камчиликни ташкил қилса!

Мана шу нарсалар Ислом Каримов айтган рақамларга ишончсизлик билан қарашдан ташқари, одамларнинг бу ёлғонни “ишлаб чиқиш” технологиясига бўлган қизиқишини уйғотди.

“Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган”

Феврал ойи охирларига келиб улар “Нега энди ҳукуматдагилар ўртача ойлик маош миқдорини айнан 210 доллар қилиб ҳисоблаганлар?”, “Нега кўпроқ ёки камроқ эмас?” – деган саволларга жавоб қидира бошлашди.

Биз ҳам шу муаммо юзасидан ўзига хос журналистик суриштирув ўтказиш мақсадида республика Молия вазирлиги ва Миллий банкида ишлайдиган манбаларга мурожаат қилдик.

Уларнинг айтишича, ҳукумат мажлисидан бир ой олдин, яъни президентга маъруза тайёрлаш жараёнида молия вазирлиги раҳбарияти ва мутахассислари “210 доллар” деган юксак рақамни ишлаб чиқишда ўз ҳисобидан кунини кўраётган хорижий ва маҳаллий фирма, компания, корхоналарда ҳамда бюджет ташкилотларида ишлаётганларнинг ойлик маошларини қўшиб ҳисоблаганлар.

“Лекин шунда ҳам фуқароларнинг ўртача ойлик маоши 210 доллар чиқмади. Биринчи маротаба 90 доллар чиқди. Мутахассислар шу рақамни молия вазири Рустам Азимовга кўрсатишганида, у: “Бу жуда кам! Икки баравар кам! Катта (Ислом Каримов назарда тутилмоқда – ozodlik.org) ҳафа бўладилар! Бошқатдан ҳисобланглар!” – деб буюрган”, - дейди молия вазирлигидаги манба.

Унинг айтишича, молиячилар Азимовнинг бу топшириғини қандай қилиб бажаришни, яъни икки баравар катта рақамни қандай ҳисоблаб чиқишни билмасдан кўп овора бўлганлар. Шунда бу арифметик тажрибаларга Рустам Азимовнинг шахсан ўзи аралашиб, мутахассисларга ёлғон ишлаб чиқаришнинг антиқа “технологиясини” таклиф қилган.

“Қаловини топсанг қор ёнар”

“Бир ҳафтадан сўнг бизга вазирнинг шундай топшириғи келди. Унда республика аҳолисининг ўртача ойлик маошларини ҳисоблаб чиқишда хорижий ва маҳаллий корхоналарда ҳамда бюджет ташкилотларида ишлаётганларнинг маошларига чет элларда ишлаб, электрон пул ўтказиш тизимлари, асосан “Вестерн Юнион” орқали ўзбекистонлик гастербайтерлар жўнатган маблағларни қўшиб ҳисоблаш буюрилганди”, - дейди Ўзбекистон молия вазирлигида ишлаётган мутахассис.

Унинг айтишича, мана шу пуллар қўшиб ҳисоблангандан сўнг 210 АҚШ доллари деган рақамлар келиб чиққан. Мутахассиснинг фикрича, Каримов ва унинг ҳукумати кўкракларини кериб мақтанаётган юксак рақамларга аслида Каримовнинг ҳам, ҳукуматнинг ҳам дахли йўқ.

“Тўғрироғи бор. Чунки Каримов ва унинг ҳукумати ўзларининг бугунги сиёсатини юритмаганида ўзбекистонликлар иш ва пул излаб чет элларга кетишмасди, у ерлардан “Вестерн Юнион” орқали пул жўнатишмасди. Қарабсизки, 210 доллар деган фантастик рақам ҳам келиб чиқмасди”, - деб кулади молия вазирлигининг мутахассиси.

“Мардикорнинг топгани давлатнинг топганидан кўп”

Ўтган йили чет эллардан турли пул ўтказиш тизимлари орқали республикага, яъни фуқаролардан фуқароларга жўнатилган маблағларнинг умумий миқдори тахминан 3 миллиард 200 миллион АҚШ долларини ташкил қилган. Бу рақам, молия вазирлигидаги мутахассисга кўра, давлат бюджетининг киримлар қисми ҳажмидан ҳам зиёдроқдир.

“Яъни оддий гастербайтерлар Каримов ва унинг ҳукумати биргалашиб топаётган пулдан кўп пул топишмоқда”, - дейди ўзбекистонлик молиячи. Унинг гапларига кўра, молия вазири ва президент мардикорларнинг маблағларини ҳам ўзларига қўшиб ёзишдан, бу даромадларни ўзларининг ютуғи қилиб кўрсатишдан тортиниб- нетиб ўтиришмади.

“Куни мардикорларга қолган буларнинг!” – дея кулимсирайди Ўзбекистон Миллий банкида ишлайдиган иқтисодчи молия вазирлигидаги ҳамкасбининг гапларини тасдиқлаб. Унинг айтишича, бугунги кунда республикада тижорат дўконлари-ю супермаркетлар, барлар-у ресторанларнинг ёмғирдан кейинги қўзиқориндек кўпайишига ҳам гастербайтерлар юбораётган пуллар сабаб экан.

“Яъни истеъмолчида пул пайдо бўлган. Бу пуллар Каримов ёки Азимовнинг донолигидан эмас, ўзбек мардикорининг пешона теридан пайдо бўлган”, - дейди банк ходими.
XS
SM
MD
LG