Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 17:04

Қозоғистонга хорижлик малакали ишчилар керак


Қозоғистон ҳукумати мамлакатга хорижлик малакали мутахассисларни жалб этишдан манфаатдор эканини маълум қилди. Ҳозир ҳукумат ҳар йили 60 мингта шундай ишчини қабул қилишга тайёрлигини билдирмоқда.

Шу мақсадда ҳукумат ўтган йилнинг декабрь ойида хорижлик малакали ишчи кучини ишга ёллаш учун маҳаллий иш берувчиларга бир қанча енгилликлар яратди. Илгари иш берувчидан хорижликни ишга қабул қилиш учун жами 14 та ҳужжат талаб қилинган бўлса, ҳозир у 9 та ҳужжат тайёрлайди. Шунингдек, кузатувчилар хориж фуқаросини ишга ёллашга қўйилган талаблар ҳам енгил ва тушунарли экани таъкидламоқда.

Қозоғистон меҳнат ва ижтимоий таъминот вазири ўринбосари Серик Абденов четдан ишчи кучини жалб қилиш дастури фақат малакали кадрлар учун мўлжалланганини билдирди.

“Ҳозир хориж фуқаросини ишга қабул қилишдан аввал уларни балл тизими асосида имтиҳондан ўтказамиз. Агар хориж фуқароси бу имтиҳондан ўтса, биз унга Қозоғистон ҳудудида ишлашга рухсат берамиз, акс ҳолда унинг ишлашига йўл қўйилмайди”,- деди вазир ўринбосари.

Унинг айтишича, ҳозир Қозоғистон нефть билан боғлиқ соҳалар, қурилиш ва хизмат кўрсатиш соҳаларига мутахассислар жалб қилмоқда. Қозоғистонда ишлашга рухсат берилаётган меҳнат муҳожирлари сони бўйича биринчи ўринни Туркия фуқаролари эгалламоқда. Иккинчи ўринда эса хитойликлар турибди. Шунингдек, Буюк Британия, Венгрия, Қирғизистон, Ўзбекистон ва Тожикистоннинг кўплаб фуқароларига ҳам ишлашга рухсат бериляпти.

Баъзи кузатувчилар ҳукуматнинг бу ҳаракатлари меҳнат бозоридаги иш жойи тақчиллигига дуч келаётган қозоғистонликларнинг норозилигига сабаб бўлишидан хавфсирамоқда.

“Биринчидан, Қозоғистон чет эллик мутахассисларга зор бўлиб қолган Африка давлати эмас, бизда малакали кадрлар етарли. Бунинг ўрнига маҳаллий ишчиларнинг малакасини янада ошириб, ишсизларга иш ўринлари яратиб бериш керак. Менимча, маҳаллий аҳоли қолиб, хорижликларга шароит яратиб бериш меҳнат бозоридаги мавжуд норозиликларни янада кескинлаштириши мумкин”,- дейди сиёсатшунос Жасарал Қувонишали.

Бироқ бунга жавобан Меҳнат ва ижтимоий таъминот вазирлиги мамлакат яқин орада дунёдаги ривожланган 50 давлат рўйхатидан ўрин олишни кўзлагани янги технологиялар ва чет эллик сармоядорларнинг Қозоғистонга кўпроқ кириб келишига, малакали меҳнат муҳожирларига эҳтиёж сезишига сабаб бўлаётганини қайд этмоқда.
XS
SM
MD
LG