Линклар

Милиция амалдорларининг шошқалоқлиги қотилларга қўл келди


Хондамир http://tbn0.google.com/images?q=tbn:DYA3s55apCIBSM:http://news.ferghana.ru/photos/2007_10/al1.jpg Қирғизистон ички ишлар вазири ўринбосари Жениш Жақипов журналист Алишер Соипов ўлимига бевосита алоқадор икки қотилнинг фотороботи милициянинг айрим раҳбарлари шошқалоқлиги билан ошкор этилгани сабабли жиноятчилар жуфтакни ростлагани, энди уларни қўлга олиш қийин бўлаётганини билдирди.

У қотилларни жиноят изи совумай қўлга олиш имконияти бўлгани, лекин милициянинг айрим раҳбарлари калтабинлиги буни пучга чиқарганини таъкидлади.

“Милициянинг бир-икки амалдори шошқалоқлик билан ҳисобот учун шундай қилиш керак, деб Алишер Соиповни ўлдирганларнинг қочиб кетишига шароит яратиб берган. Жҳон тажрибасида жиноятчилар қўлга олинмагунча ёки бутунлай йўқ қилинмагунча, фотороботни ОАВ орқали жамоатчиликка маълум қилиш ҳамда бошқа маълумотларни тарқатиш тақиқланади. Энди ҳамма ишни қайтадан бошлашга тўғри келяпти. Бироқ бу иш қотилларни ушлашда қийинчилик туғдириши аниқ”,- дейди Жениш Жақипов.

“Қирғиз Туусу” газетасининг Ўшдаги вакиласи Жипар Ақунова фикрича, жиноятчилар қочиб кетгани шунчаки баҳона, холос. Милиция раҳбарлари шу баҳонада осонгина қутилиб кетмоқчи.

“Аввал ҳам Эрнис Назалов исмли журналист ўлдириб кетилганди ва бу жиноят очилмай қолганди. Ҳозир ҳам Алишер Соипов иши бўйича ҳеч нарса айтишмаяпти. Журналистларнинг тақдири хавф остида қолмоқда. Бошқа журналистларга ҳам суиқасд қилинмаслигига ким кафолат бера олади”,– дейди Жипар Ақунов.

Айни пайтда А.Соипов иши билан боғлиқ терговнинг қайтадан бошлангани айтилмоқда. Марҳумнинг ҳамкасблари яна Ўшдаги уюшган жиноятчиликка қарши ҳудудий бўлимга чақирилиб, бошқатдан кўрсатма бермоқда.

Алишер билан бирга ишлаган ўшлик мустақил журналист Даврон Насибхонов шу кунда журналистлар милицияга чақирилиб, 5-6 соатлаб ушлаб турилгани, уларга турли босимлар ўтказилаётганини айтади.

“Бошлиқ олдига кирганимда менга: “Сенларни қамаб ташлаш керак”, деб таҳдид қилгандек бўлди. Мен ундан қайта-қайта: “Мени қамаш кераклиги ҳақидаги гапни расман айтяпсизми”, десам у: “Ҳа, сени қамаб ташлаш керак, чунки сен биласан, сен яширяпсан”, дегандек гапларни айтди. Албатта, бу мени руҳан чўктириш ва мабодо ниманидир яшираётган бўлсам, қўрққанимдан шу нарсани айтиб беришим учун қўлланилган усул бўлса керак. Лекин бу нарса менда бошқа бир фикр уйғотди: “Агар бу иш қайта очилган экан, албатта, қандайдир натижа билан ёпилиши керак”. Тахминим тўғри бўлса, агар А.Соипов журналистлик фаолияти туфайли ўлдирилгани версияси биринчи планга чиқмаса, ўз-ўзидан бу иш қайсидир гуруҳ ёки шахснинг бўйнига сунъий равишда қўйилиб ёпилиш эҳтимоли бор ва мен шундан қўрқаман”,- дейди мустақил журналист Даврон Насибхонов.

“Америка овози” ва “Озодлик” радиолари, “Фарғона.ру” ахборот агентлиги билан ҳамкорлик қилган, “Сиёсат” газетаси ношири бўлган 26 ёшли Алишер Соипов 2007 йилнинг 24 октябрь куни Ўш марказида ўлдириб кетилганди.
XS
SM
MD
LG