Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 20:50

Яна анжуманбозлик бошланди...ми?


5 март куни Ўзбекистондаги Минтақавий сиёсат жамғармаси АҚШнинг иккита тадқиқот маркази билан ҳамкорликда “Ўлим жазосини бекор қилиш ва қамоққа олишда санкция бериш ҳуқуқини судларга ўтказиш – суд-ҳуқуқ тизимини либераллаштиришнинг муҳим босқичи” мавзуида халқаро анжуман ўтказади.

5-7 март кунлари Тошкентда бўладиган йиғинда маҳаллий сиёсатшунослар АҚШнинг Шарқий Кентукки университети ва Янги демократиялар институтидан келган ҳамкасбларига Ўзбекистонда барча соҳалар қаторида суд ва ҳуқуқ соҳасида ҳам изчил ислоҳотлар амалга оширилаётганини танлаб олинган мавзу мисолида уқтиришга ҳаракат қилади.

Анжуман Ўзбекистон-АҚШ муносабатлари тикланаётган пайтда ўтказилмоқда. Америка ва ўзбек сиёсатшунослари тўпланиб, Ўзбекистонда ислоҳотлар амалга оширилаётганини муҳокама қилиши ҳам бежиз эмас, демоқда таҳлилчилар.

Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси Крэйг Мюррей 2002 йилда ҳам Вашингтон билан Каримов режими ўртасида яқин алоқалар ўрнатила бошлаганида шунга ўхшаш тадбирлар тез-тез ўтказиб турилганини эслайди.

“Биз яна Американинг Ўзбекистонда парда орти сиёсатига гувоҳ бўляпмиз. Америкаликлар яна ўзини гўлликка солиб, президент Каримовнинг ислоҳотчи сиёсатчи экани, Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларига оид вазият яхшиланаётгани ва умуман вазият ижобий эканига бошқаларни ҳам ишонтиришга ҳаракат қилади. 5-6 йил аввал ҳам Вашингтон билан Тошкент ўртасидаги яқинлик ана шу усул билан ривожлангани гувоҳи бўлган эдик”,- дейди К.Мюррей.

Лекин америкаликлар Ислом Каримовнинг қандай сиёсатчи эканини ёддан чиқарган кўринади, дейди К.Мюррей. Унинг ўлим жазосини бекор қилиш ва қамоққа олишда санкция бериш ҳуқуқини судларга ўтказиш қарори неча пулга тенглиги алоҳида масала, лекин Вашингтон-Тошкент муносабатлари буткул совуқлашишига асосий сабаб, хусусан, АҚШ ҳарбийларини Ўзбекистондан айнан Каримов ҳайдаб чиқарганини била туриб, унга яна ишониш ва мамлакатда ижобий ўзгаришлар кузатилаётганини айтиш сиёсий гўлликдан бошқа нарса эмас.

Ўзбекистонлик сиёсий шарҳловчи, “Сиёсат” таҳлил маркази раҳбари Ғофуржон Жамолов собиқ элчининг фикрига қўшилмаслигини айтади. У АҚШ билан Ўзбекистон муносабатлари ҳеч қачон совуқлашмаганини таъкидлади.

“Муносабатларда, қайсидир маънода, тадбирлар ва учрашувлар тартибида узилишлар бўлган бўлиши мумкин. Лекин Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида икки томонлама муносабатларда, мен буни дадил айта оламан, ҳеч қандай узилишлар бўлмаган ва бу алоқалар давом этяпти”,- деди Ғ.Жамолов ва чоршанба куни бошланадиган анжуман ҳам алоқаларнинг ҳар қачонгидан ҳам олий даражада эканидан далолат беришини қўшимча қилди.

Минтақавий сиёсат жамғармаси вакиллари эса бошланажак халқаро анжуман ҳақида “Озодлик” мухбири билан гаплашишни истамади.

Шу кунларда Ўзбекистон бу йил одатдагидан қаттиқ келган ва чўзилиб кетган қиш чилласидан эсон-омон чиқиб олди. Бундан кейин об-ҳавонинг барқарор илиб бориши башорат қилиняпти.

Гидрометеорологлардан фарқли ўлароқ, таҳлилчилар Тошкент-Вашингтон муносабатларидаги илиқлик барқарор бўлишига шубҳа билан қарамоқда.

“Каримов фақат Каримовнинг манфаатини ўйлайди, бунга шубҳа йўқ. У фақатгина Россия билан бўлиш ўзининг ҳукмронлиги учун хавфсиз эмаслигини яхши тушунади ва америкаликларни бу хавфнинг олдини олиш усули сифатида кўради. Бундан ташқари, Каримов оиласи давлатдан ўмарган пулларнинг катта қисми Ғарб банкларида сақланади. Бугун Россия билан Америка ўртасидаги муносабатлар совуқлашиб бораётгани вазиятида Каримовга ўхшаган ҳукмдорлар худди совуқ уруш даврларидаги каби қудратли давлатлар ўртасидаги зиддиятлар ҳисобига омон қолишга ҳаракат қилади”,- дейди собиқ элчиси Крейг Мюррей.
XS
SM
MD
LG