Линклар

КИТОБ ЎҚИЛМАЙДИГАН ДАМЛАР


Шаҳриёр Тошкент шаҳридаги туманлар марказлари атрофида, бозорлар, бекатлар олдиларида майда савдогарчилик билан машғул кўплаб фуқароларни кўриш ҳозирда мутлақо янгилик эмас. Одатда, ёйма бозор савдогарлари ҳар хил уй гуллари, эски ошхона буюмлари, эҳтиёт қисмлар ва асосан, писта, қурут, сигарет, сақич ва турли-туман конфетларни доналаб сотиб ўтиришади. Бироқ ана шундайлар орасида эски китобларини сотиш учун турнақатор бўлиб ўтирадиганлар сони ҳам анча кўпайиб қолди пойтахтда.

Сотилаётган китоблар орасида сиз ўзбек мумтоз адабиёти намуналаридан тортиб, россиялик ва европалик адибларнинг замонавий ва мумтоз асарларигача, техник ва маълум соҳага оид китоблардан тортиб, саломатликка доир китоблару ўқув адабиётларигача учратишингиз мумкин. Ана шундай китоблар савдосини бир оз кузатиб тургач, уларга талабгорлар кам эканини пайқадик. Сўнгра шундай эски китоблар сотувчиларидан бири - кекса отахонни суҳбатга тортдик.

“Кўзи ёшлуларинг ҳолин на билсин мардуми ғофил...”

Унинг айтишича, сотаётган китобларнинг кўпчилиги ўзи ёшлигида китоб шайдоси бўлган кезларида йиққан китоблардир. Бироқ ҳозирда унинг оиласида бу китобларни ўқийдиган одам йўқ. “Қолаверса, - дея таъкидлади яна у, - менинг китоб сотишимга аҳолининг эски китобларни кераксиз қоғоз сифатида макулатурага топшираётганини кўриб чидаб туролмаслигим сабаб бўлди”.

Отахоннинг айтишича, ҳозирда кўплаб фуқаролар эскирган ёки ўзи фойдаланиб бўлган китобларни кераксиз қоғозлар бўлимига топширади. Бундай ўлимга маҳкум китоблар орасида баъзан жаҳон адабиётининг ноёб дурдоналари ҳам учрайди. “Ахир китоб ўқиш учун чиқарилган, вақт ўтгани билан китоб мазмуни ёки сатрлар ўзгариб қолмайди-ку! Бир пайтлар у жуда юқори баҳоланган бўлса, нега энди йиллар ўтиб, у ҳожатхона қоғози бўлиб хизмат килиши керак”, деди тутоқиб яна у.

Биз сотувчи амакидан: “Ўзбекистонда эски китобларни сотиб оладиган дўконлар йўқми?” - деб сўрадик. “Охирги пайтларда китоб дўконлари камайиб кетган, бунинг устига ҳамма китоб дуконларида ҳам эски китоблар сотиладиган букинистик бўлим мавжуд эмас, - деб жавоб берди у.

“Узоқнинг донидан яқиннинг сомони яхши”

“Энг ёмони, бундай бўлимлар китобни жуда арзон, макулатура нархидан ( 1кг қоғоз 120-200 сўм атрофида қабул қилинади) сал қимматроқ баҳолайди. Бунинг устига, фақат икки ой муддатга дўкон пештахтасига қўяди, китоблар пулини эса улар сотилган тақдирдагина тўлайди. Мижозлар учун эса китоблари сотилса ҳам, сотилмаса ҳам дўконга сотувга қўйилгани учун маълум миқдорда пул тўлашдан кўра, уларни макулатурага топшириб, ўша заҳоти пулини олиб кетавериш қулайроқ”, - деди китоб сотувчи амаки.
У кўп ҳолларда ана шундай кераксиз қоғоз сифатида топширилаётган китобларни саралаб ажратиб олишини ва уларни тирикчилик учун эмас, савоб учунгина сотишини айтди.

“Кимгадир ёқар лола, ким атиргул шайдоси…”

Китоб сотувчи амаки ундаги китоблар нархи 200-300 сўмдан ошмаслигини, китоб дўконларида эса айни китоблар бир неча баробар қиммат сотилишини ҳам қистириб ўтди.
Китобсевар суҳбатдошимиздан асосан қандай китоблар харидоргирлигини сўраганимизда, у кулиб: “Ҳозирда ўзбекистонликларни кўпроқ кулинария, халқ табобати ва тор соҳа мутахассислигига оид китобларгина қизиқтиради”, деб жавоб берди.

“Мени мен истаган ўз суҳбатига аржуманд этмас…”

Мавзуни ўрганиш чоғида биз Тошкент шаҳридаги йирик эски китоблар бўлимига ҳам бордик ва эски китобларни топшириш тартиби, нарх-навосини суриштирдик. Буккинист ходим бунинг учун дастлаб сотиладиган китоблар рўйхатини тақдим этиш лозимлигини айтди. Китоб қоғозининг сифати, китобнинг аҳволи, харидоргирлиги уни баҳолаш меъёрлар бўлиб ҳисобланар экан. “Шу боис китобни кўрмай туриб, унга баҳо бериш қийин”, деб таъкидлади ходим. Унинг маълум қилишича, ҳозирда кўпроқ саргузашт асарлар, олди-қочди ҳикоялар, дарсликларга қўшимча адабиётлар ва тил ўрганувчилар учун чиқарилган қўлланмаларга талаб кўпроқ эканини, шеърият ва айниқса мумтоз адабиётга деярли эҳтиёж йўқлигини айтди.
XS
SM
MD
LG