Линклар

ЖАҲОН БАНКИ ЎЗБЕКИСТОНГА 300 МИЛЛИОН ДОЛЛАР ҚАРЗ БЕРМОҚЧИ


Баҳодир Абдуғани Жаҳон банкининг Тошкент ваколатхонасидаги манбаларнинг айтишича, ушбу халқаро молия ташкилоти 2008 йилдан 2010 йилгача Ўзбекистонга тахминан 300 миллион АҚШ доллари миқдорида қарз беришни режалаштираяпти.

Манбага кўра, банк ҳар йили Ўзбекистоннинг икки-уч инвестицион лойиҳасини молиялаштиради. Суғориш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, коммунал хизматлар сифатини ошириш соҳаларига оид бу лойиҳаларнинг йиллик қиймати 90-100 миллион долларни ташкил қилади.

Шартлар қандай бўлади?

300 миллион долларлик қарз Ўзбекистонга 40 йил муддатга 0,75 фоиз тўлаш шарти билан берилади. Шундан дастлабки 10 йили имтиёз даври бўлади, яъни дастлабки 10 йилда республика олинган пулларнинг ўзини ҳам, фоизларини ҳам қайтармайди.

Жаҳон банки ваколатхонаси ходимининг айтишича, Ўзбекистонга молиявий ёрдам кўрсатиш масаласи Жаҳон банки директорлар кенгашининг шу йил май ойида бўлиб ўтадиган йиғилишида кўриб чиқилади.

Кунлар билан бирга муносабатлар ҳам илий бошлади

Кузатувчиларнинг фикрларига кўра, банкнинг Ўзбекистонга кўмаклашиш истаги АҚШ ва республика ҳукумати ўртасидаги алоқаларнинг илий бошлагани билан боғлиқ.

Дарҳақиқат, шу кунгача ушбу нуфузли молиявий ташкилот Ўзбекистонга ёрдам кўрсатмаслигини такрорлаб келаётганди. Масалан, 2006 йил март ойида ЖБ шундай баёнот берганди. Ўшанда банк раҳбарлари Ўзбекистонга фақат техник ёрдам кўрсатиш билан кифояланишларини айтгандилар.

Муносабатлар ёмонлашувининг сабаби нима эди?

Бундай баёнотлар эса ўз вақтида Америка-Ўзбекистон алоқаларининг совуқлашиши билан боғлиқ эди. 2005 йил май ойида содир бўлган Андижон воқеаларигача Жаҳон банки ва расмий Тошкент ўртасидаги муносабатлар ёмон эмасди.

Ўзбекистон Жаҳон банкига 1995 йилда аъзо бўлган. 1995 йилдан шу кунгача республика банкдан жами 654 миллион АҚШ доллари миқдорида қарз олган.

Энди ушбу рақам янада катталашиши мумкин. Чунки банк яна расмий Тошкентга ёрдам қўлларини чўзяпти.
XS
SM
MD
LG