Линклар

Талаба ўқийдими ёки “жосуслик” қиладими?

  • Фаррух Юсуфий

Тошкент жаҳон иқтисодиёти ва дипломатияси университети талабаси “Ўзметроном” сайтида эълон қилинган очиқ хатида билим даргоҳида талабаларнинг чет элга ўқишга чиқишига қўйилган тўсиқлар, ўзбек махсус хизматлари уларни бир-бирига чақимчилик қилишга ёллашга уринаётгани каби муаммолар ҳақида ёзади.

Мактубга айтилишича, университетнинг халқаро бўлимига Миллий хавфсизлик хизмати ходими раҳбарлик қилади ва унинг асосий вазифаси талабаларни қаттиқ назорат этиш ва улар орасидан “чақимчиларни” ёллашдан иборат.

Мактуб муаллифи фикрича, бошқа университетларда бундай ҳолат камдан-кам учрайди.

Лекин “Озодлик”ка шахслари ошкор этилмаслиги шарти билан гапирган талабалар ҳозир нафақат Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатияси университети, балки Ўзбекистоннинг нуфузи пастроқ бўлган бошқа билим даргоҳларида ҳам бундай муаммолар йўқ эмаслигини билдирди.

Андижон давлат университети битирувчиси Хуршид бугун Европа мамлакатларидан бирида магистратурада ўқийди. “Озодлик” билан суҳбатда у ўзи ўқиган факультетда ҳам МХХга маълумот етказиб турадиган домлалар бўлганини эслайди.

Бундан икки-уч йил аввал Ўзбекистонда талабаларни АҚШ ва Европадаги университетларга ўқишга юборадиган бир нечта халқаро дастур фаолият юритган. Бундан ташқари, Ўзбекистон ҳукумати ҳомийлик қилган “Умид” дастури бўйича ҳам кўплаб талабалар АҚШ, Буюк Британия ва Германия каби мамлакатларга юборилар эди.

Козимбек “Умид” дастури бўйича Лондонда ўқигани кетишдан аввал Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатияси университетининг халқаро ҳуқуқ факультетида ўқиган. Талабаларни, хусусан, чет элга кетаётганларни чақимчиликка ўргатиш ўша пайтларда ҳам бор бўлганини айтади Козимбек.

“Шахсан мен суҳбатдан ўтмаганман, лекин яқин танишларим суҳбатдан ўтган. Уларнинг олдига масалани очиқ қўйишган. Яъни борганларингдан кейин шу ëқдаги ўзбек талабалари ҳақида бизларга маълумот бериб турасизлар, агар ëрдам берсангиз, биз ҳам сизларга енгиллик қилиб берамиз, дейишган,- деди Козимбек ва МХХ нафақат талабаларни, балки хорижга ишга кетаётган кишиларни ҳам ёллашини билишини қўшимча қилди. - Яқин танишим чет элга ишлашга чиқмоқчи бўлганида унга ҳам худди шунақа талаблар қўйишган. Уни МХХга 3 марта чақиришган. Лекин босим ўтказишмаган. Фақат ватанпарварлик ҳақида гапиришган. Агар МХХ билан ҳамкорлик қиладиган бўлса, келажакда унинг карьерасига ëрдам берилиши айтилган. Президентга кўтарилишга номзод бўлган одамларни рўйхати берилар экан ва МХХнинг тавсияси билан улар кўтарилар экан”.

Ғарб билан муносабатлар бузилганидан кейин АКСЕЛС, АЙРЕКС ва Британия кенгаши каби ташкилотлар таълим дастурларининг Ўзбекистондаги фаолияти ёпилган.

Ҳукуматнинг “Умид” дастури ҳам ҳозир талабаларни чет элга юбормайди.
Козимбек бунинг асосий сабабларидан бири Ғарб университетларида магистратурани тугатган ва Ўзбекистонда ўз келажаги истиқболларини кўрмаган талабалар ватанига қайтишни истамагани бўлганини билдирди.

“Ўзметроном”да эълон қилинган очиқ хат муаллифи бўлган талаба Жаҳон иқтисодиëти ва дипломатияси университети маъмурияти томонидан хорижда ўқишни истаган талабалар Ўзбекистонга қайтганда ўзлари билан, албатта, “демократия”, “инсон ҳуқуқлари” ва “эркинлик ҳисси” каби бизга ёт ғояларни олиб келадиган “потенциал жосус”, деб кўрилишини ёзади.

Лекин “огоҳлик - давр талаби” шиори долзарблиги кун сайин ошиб бораётган Ўзбекистонда бошқа университетлар талабалари ҳам “демократия” ва “эркинлик ҳисси” каби “олабўжилар” билан қўрқитилмоқда.
XS
SM
MD
LG