Линклар

logo-print

Республикачилар номзоди аниқ, демократлар эса танловни давом эттиради

  • Фаррух Юсуфий

http://gdb.rferl.org/A5C707BD-DED8-4F63-967A-F9CEF4BBD97C_w203.jpg --> http://gdb.rferl.org/A5C707BD-DED8-4F63-967A-F9CEF4BBD97C_mw800_mh600.jpg Демократик партиядан АҚШ президентлигига даъвогар Ҳиллари Клинтон Техас ва Огайо штатларида ўтказилган дастлабки сайловларда муҳим ғалабани қўлга киритди. Бу эса демократлардан ягона номзод бўлиш учун кураш янада қизишидан дарак беради.

4 март кунги дастлабки сайловлар натижаси Ҳ.Клинтоннинг сайловолди кампанияси тақдирини ҳал этишини таҳлилчилар бир неча ҳафтадан бери айтиб келаётган эди. У йирик штатлар бўлмиш Техас ва Огайода мағлубиятга учраганда президентликка номзодликни ўзининг асосий рақиби Барака Обамага ютқазганини тан олишдан бошқа иложи қолмас эди. Чунки Демократик партиянинг бундан аввалги 11 та “праймериз”ида Ҳ.Клинтон Б.Обамага ютқазиб келаётганди. Бундан ташқари, уни молия билан қўллаб-қувватлаётганлар сони ҳам камайиб, Клинтон хоним ўз кампанияси учун шахсий жамғармасидан ишлатишга мажбур бўлди.

Сешанба куни эса нью-йорклик сенатор хоним вазиятни ўз фойдасига ўзгартиришга эришди. Огайода қатъий ғалабани қўлга киритиб, Техасда ҳам катта фарқ билан бўлмаса-да, қўли устун келган Ҳ.Клинтон ўз тарафдорлари олдида қилган чиқишида кураш давом этажагини таъкидлади.

Огайо ва Техас штатлари демократлар ичидаги курашда кўп нарсани ҳал қилади. Ҳ.Клинтон Род-Айланд штатидаги сайловда ҳам кўпчилик овозни олди. Вермонтдаги овоз беришда эса Б.Обаманинг қўли баланд келди.

Лекин Клинтон хонимнинг ғалабаси кураш узил-кесил унинг фойдасига ҳал этилди, дегани эмас ва ҳозирча демократ рақибларнинг вазияти дуранг, деб айтиш мумкин.

Сешанба кунги сайловлар бошланишидан аввал Б.Обама ўз тарафдорлари олдида қилган чиқишида Ҳ.Клинтон қандай натижага эришишидан қатъи назар, якуний натижани ўз фойдасига ҳал эта олмаслигини таъкидлади.

“Бугунги сайлов қандай натижа билан якунланишидан қатъи назар, делегатлар сонидаги етакчиликни сақлаб қоламиз. Яъни бугун эрталаб делегатлар сонидаги фарқ қандай бўлган бўлса, шундайлигича сақланиб қолади ва номзодликни қўлга киритиш йўлидан оғмаймиз”,- деди иллинойслик қора танли сенатор.

Сўнгги “праймериз”дан кейин демократларнинг номзоди ким бўлиши августнинг охирида ўтказиладиган партия қурултойида ҳал этилишини аниқ айтиш мумкин.

Бу қурултойда дастлабки овоз беришлар давомида ҳар даъвогар ўз активига ёзиб қўйган делегатлар овоз беради. Лекин мавжуд вазиятда Б.Обама ва Ҳ.Клинтон делегатлар сони бўйича деярли бир хил натижаларни кўрсатишини башорат қилиш мумкин ва уларнинг овозлари номзодлик масаласини ҳал этиш учун етарли бўлмайди.

Бу вазиятда партиянинг қурултойда қатнашадиган етакчилари ёки “суперделегатлар” сайловолди кампаниясининг қандай борганига қараб масалани ҳал қилади. Қайси номзод “суперделегат”ларнинг кўпчилик овозини олса, демократлардан президентликка номзодликни ҳам қўлга киритади.

Шунингдек, сешанба куни ноябрдаги президентлик сайловида демократ номзодга ким рақиблик қилиши аниқ бўлди. Республикачи сенатор Жон Маккейн ўтказилган дастлабки сайловларда эришган умумий натижалар номзодлик масаласини ҳал қилди. У етарлича делагатлар овозини тўплаб бўлгандан кейин унинг ягона рақиби Майк Ҳаккаби курашдан чиққанини эълон қилди.

Энди республикачи номзод ўз партиясининг 1– 4 сентябрь кунларига белгиланган қурултойига қадар сафдошларини ўз атрофида бирлаштириш ҳамда энди ҳеч нарсани ҳал этмаса-да, қолган штатлардаги дастлабки сайловларга тайёргарлик кўриш билан шуғулланади.

Бундан фарқли, демократ даъвогарлар Ҳ.Клинтон ва Б.Обама қолган “праймериз”ларда ҳар бир делегат учун кескин курашни давом эттиради. Бу курашнинг қандай якунланишини эса ҳозирча башорат қилиш қийин.
XS
SM
MD
LG