Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 17:55

ИШ ҲАҚИ ВА ПЕНСИЯЛАР МИҚДОРИ ОШГАНИДАН АҲОЛИ ХУРСАНДМИ?


Шаҳриёр 2008 йилнинг 6 март куни Ўзбекистон Республикаси президентининг “Иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ва ижтимоий нафақалар миқдорини ошириш тўғрисида”ги фармони мамлакат оммавий ахборот воситаларида чоп қилинди. Ушбу фармонда 2008 йилнинг 1 апрелидан бошлаб бюджет муассасалари ва ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи, стипендиялар, пенсиялар ҳамда ижтимоий нафақалар миқдори ўрта ҳисобда 1,12 баравар оширилиши таъкидланган.

Масъул ходим изоҳи

Дастлаб биз айни фармон юзасидан изоҳ олиш учун пойтахтдаги ижтимоий таъминот бўлимларидан бирига боғландик. Биз билан мулоқотда бўлган суҳбатдошимиз ушбу фармон, энг аввало, Ўзбекистон меҳнат қонунчилигида белгиланган тартибда (яъни аёллар 20 йил иш стажига, эркаклар 25 йил иш стажига эга бўлган тақдирда) пенсияга чиққан ҳамда белгиланган иш стажига эга бўлмаган ижтимоий қатлам вакиллари учун тааллуқли эканини маълум қилди. Унинг айтишича, Ўзбекистонда энг кам иш ҳақи шу пайтгача 18630 сўм эди, ушбу фармонга мувофиқ 1 апрелдан бошлаб 20865 сўмни ташкил этади. “Шунингдек, мамлакатда ёшга доир пенсия 36900 сўм эди, 1 апрелдан бошлаб эса 41330 сўмга етади”, - дея таъкидлади у.

Ижтимоий таъминот бўлими ходимининг яна маълум қилишича, ушбу фармоннинг учинчи бандида гап баъзи имтиёзли ижтимоий қатлам, яъни Улуғ Ватан уруши, Афғонистон уруши қатнашчилари, давлат томонидан турли фахрий унвонларга сазовор бўлган фуқаролар ҳамда кўп болали оилалар ва икки ёшгача фарзанд боқаётган аёллар оладиган ойлик тўловлар ҳақида бормоқда.

Суҳбатдошимизнинг маълум қилишича, бу тўловларга қўшиладиган устама ва қўшимча ҳақлар тўловларнинг миқдоридан келиб чиқиб эмас, балки фақат Ўзбекистондаги энг кам иш ҳақи миқдоридан келиб чиққан ҳолда белгиланади. Унинг айтишича, масалан, 50000 сўм пенсия оладиган уруш ёки санъат фахрийсининг устама ҳақи 5000 сўмгачани ташкил этиши мумкин.

“Маош ошди, энди нархлар ҳам ошадими?”

Мавзуни ўрганиш жараёнида биз мамлакат фуқароларининг президент чиқарган фармондан зиғирча ҳам қувонмаганларига, билъакс қаттиқ хавотирга тушаётганларига гувоҳ бўлдик. Бу борада фикр билдирган турли ёшдаги ўзбекистонликлар гап нимада эканини тушунар-тушунмас, Ўзбекистонда иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ва қўшимча ҳақларнинг ошиши одатий ҳол эканини таъкидладилар ҳамда ўзларини иш ҳақининг ошишидан кўра 1 апрелдан бошлаб қандай хизматлар ва маҳсулотлар қийматининг қанчага ошиб кетиши қизиқтиришини маълум қилдилар.

- Ойликларнинг, пенсияларнинг икки ёки уч минг сўмга оширилиши Ўзбекистон шароитида жуда кулгили, - деб фикр билдирди бир ўзбек онахони. - Ахир маошлар номигагина оширилгани билан биринчи апрелдан бошлаб Ўзбекистонда аҳолининг кундалик истеъмол моллари, йўлкира, коммунал тўловлар ва умуман, барча нарсаларнинг нархи бир неча баравар ошиши кўп кўрилди-ку.

Унинг айтишича, президент 1 апрелдан бошлаб ойликларни ошираркан, мамлакатдаги ижтимоий-иқтисодий муаммоларнинг янада кескинлашуви учун шароит яратиб, Ўзбекистон аёллари байрамига жуда катта совға тайёрлаган.

Майда савдогарлик билан шуғулланувчи бир гуруҳ суҳбатдошларимиз ҳукумат бу тахлит маошларни ошириб, аҳолига “кўмак” берганидан кўра, ҳозирда халқнинг ўз кунини ўзи кўриши учун шароит яратиб берса, яхшироқ бўлишини таъкидладилар. “Ахир Ўзбекистондаги энг кам иш ҳақининг ўзи билан ўлмай яшашнинг ҳеч ҳам иложи йўқ-да”, дея фикр билдирдилар улар қизишиб.
XS
SM
MD
LG