Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 20:24

Ўзбекистон яна ишончли “орқа” изламоқда


Мустақилликнинг ўтган 16 йилида Ўзбекистон ҳукумати АҚШ билан стратегик шерик бўлишга ҳам, алоқаларни батамом узиб ташлашга ҳам улгурди. Энди эса ҳеч нарса бўлмагандек, алоқалар яна тикланаётгани айтилмоқда.

Сиёсатшуносларнинг айтишича, Ўзбекистон мустақилликка эришганидан сўнг интенсив равишда геосиёсий ориентир излади ва бу изланиш 90-йилларнинг ўрталаригача давом этди. Шундан сўнг Ўзбекистон Ғарбга қараб мўлжал ола бошлади.

Сиёсатшунос Камолиддин Раббимовнинг сўзларига кўра, 90-йиллардан 2005 йилгача Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатидаги стратегик йўналиши Ғарбга, жумладан, АҚШга қаратилган эди.

“Биз биламизки, АҚШ Ўзбекистон мустақиллигини биринчилардан бўлиб тан олган давлатлардан. 90-йиллар давомида Ислом Каримов ҳам АҚШга бир неча марта сафар қилган эди. 1997 йилда президентнинг “Ўзбекистон: 21-аср бўсағасида” номли китоби чиққанди. Ўша китобда ҳам Ўзбекистоннинг геосиëсий ориентири Ғарбга қаратилгани жуда қаттиқ таъкидланган эди”,- дейди К.Раббимов.

Ўзбекистоннинг АҚШга яқинлиги 2001 йил 11 сентябрдаги Америкадаги портлашларидан сўнг мустаҳкамланди. Орадан бир мунча вақт ўтмай, Ўзбекистон АҚШ билан стратегик шериклик ҳақидаги шартномани имзолади. Хонободдаги аэродром эса АҚШ ҳарбийларига берилди.

Камолиддин Раббимовнинг таъкидлашича, Ўзбекистоннинг АҚШ ва умуман Ғарбдан ҳадиксирашини келтириб чиқарган асосан учта омил бор. Биринчиси, бу Ўзбекистоннинг Грузия, Украина ва Қирғизистонда рўй берган рангли инқилоблардан чўчиши билан боғлиқ.

Сиёсатшунос Тошпўлат Йўлдошев Ўзбекистонни АҚШдан совуб боришига сабаб бўлган иккинчи омил АҚШ ва Ғарб давлатлари Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари ҳолатини доим танқид қилиб келгани эканини билдирди.

“Ўзбекистон-АҚШ муносабатларининг ривожланиши ҳар хил босқичлардан ўтди. Муносабатларни ривожлантирган ҳам, муаммоларни пайдо қилган ҳам И.Каримов бошчилигидаги раҳбарият бўлди. Булар ташқи сиëсатда маълум бир стратегия ўйлаб чиққан ëки маълум бир йўналиш олган, деб бўлмайди. Буларда стратегиянинг ўзи йўқ. Шамол у ëққа бурса, у ëққа қараб, бу ëққа бурса, бу ëққа қараб кетади”,- деди Т.Йўлдошев.

Сиёсатшунос Камолиддин Раббимов асосий - учинчи омил Андижон фожеаси эканини билдирди. Мана шу омиллар натижасида кейинги 3 йил Ўзбекистон-Ғарб, айниқса, Ўзбекистон-АҚШ муносабатларида совуқлик даври бўлган.

Ислом Каримов Андижон воқеаларидан сўнг расмий Москва билан стратегик шериклик шартномасини имзолади. АҚШ ва Ғарб ҳужумидан ҳимоя излади, президент таъбири билан айтганда: “Ўзбекистон, албатта, ҳар томонлама ишончли, таянч ва суянч бўлган орқага суяниши керак”.

Ишончли орқа эса Россия эди. Ва Россиянинг ишончли ҳимоясида президент АҚШни Хонободдаги базадан қувиб солди.

“Қўпол бўлса ҳам гапиришим керак: ким бизларга думини кўтарадиган бўлса, бу дум худди Россияга қарши кўтарилгандай ҳисобланади”- деган эди И.Каримов ўша вақтларда.

Бугун Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида яна илиқлик пайдо бўла бошлади. Бунга АҚШ ҳам, Ўзбекистон ҳам янги стратегия бўйича ёндаша бошлади.

“АҚШ босим ўтказиш ўз самарасини бермайди, деган хулосага келди. Қанчалик кўп босим ўтказилса, Ўзбекистон ҳукумати ўз манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида муқобил геосиëсий ориентир излайди. Яъни Россия ва Хитой тарафга қараб оғишув кучаяди. Шу нуқтаи-назардан қараганда, иккинчи марта бўлаëтган илиқлашувда коррекцияни кузатиш мумкин. Яъни олдинги бўлган сиëсат такрорланмайди. Ўзбекистон ҳукумати ички сиëсатда анча эҳтиëткор бўлишга ҳаракат қилади. Олиб борилаëтган вазиятни назорат қилиш сиëсатини имкон қадар расмийлаштиришнинг юмшоқроқ формалари изланади”,- дейди Камолиддин Раббимов.
XS
SM
MD
LG