Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 07:36

“Қулдорлар” устидан суд бошланди


Россиянинг Орёл шаҳридаги Совет тумани суди ўзбекистонлик 24 мардикорни қул қилиб ишлатган россиялик уч тадбиркор устидан қўзғатилган жиноят ишини кўриб чиқишни бошлади.

Мардикорларнинг адвокати Дионисий Ломакиннинг “Озодлик”ка айтишича, судга тортилаётган тадбиркор оддий шахс эмас. У Орёл вилояти коррупцияга қарши кураш комиссияси аъзоси Алексей Пригуновдир. Ёнида эса икки ёрдамчиси. Унинг Ўзбекистонда ўз одами бўлиб, доим арзон ишчи кучи билан таъминлаб турган.

“Бу воқеалар ўтган йили бошланган эди. Ўзбекистонликларга 300 АҚШ доллари миқдорида ойлик, текин овқат ва ётар жой ваъда қилинган. Улар автомобиль ювиш шахобчасида ишлаган. Мардикорлар етиб келгандан сўнг уларнинг паспортлари олиб қўйилган ва ойлар давомида бир тийин ҳам иш ҳақи берилмасдан қулдай ишлатилган”,- деди адвокат.

Унинг сўзларига кўра, ўзбекистонлик мардикорлар исён ҳам кўтармоқчи бўлган. Лекин уларга қарши қаттиқ чоралар кўрилган.

“Исёнчилардан тўрт-беш нафари ўрмонга олиб борилиб роса калтаклаган. Автоматлардан ўқ узиб қўрқитишган. Бори шу, яна бир йил қулдай ишлаганларингдан сўнг уйларингга кетасанлар, деб айтишган”,- дейди Дионисий Ломакин.

Қул мардикорларнинг милицияга мурожаати ҳам натижа бермаган. Шунда улар йўлини топиб Россия Федерал хавфсизлик хизматига хабар берган ва бу хабар вилоят милициясига етказилган, шундан сўнггина ўзбекистонликлар қулликдан озод қилинган.

“Озодлик” мухбири улардан бири самарқандлик Отабек Ражабов билан суҳбатлашишга муваффақ бўлди.

Отабек Ражабов: Шароит жуда ëмон. Сув, машина: ўзингиз биласиз-ку. Энг зах бокслар ўзбекларга берилган.

Озодлик: Қаерда ëтардингизлар, овқатлар қанақа эди?

Отабек Ражабов: Овқатланишга фақат болалар нон ва “Роллтон” ейишарди. Болалар ишдан бош тортишган ва уларни кейин уришган. Уларни яна қўрқитишган. Ўрмонга олиб бориб, устларидан автоматдан ўқлар отишган.

Озодлик: Шароитларини тушунтириб берсангиз.

Отабек Ражабов: Битта кроват, матрас ва одеяло.

Озодлик: Битта жойда неча киши ëтардингиз?

Отабек Ражабов: 34-35 киши.

Озодлик: Битта хонадами бу?

Отабек Ражабов: Ҳа, битта катта залда.

Озодлик: Ювиниш, чўмилишчи?

Отабек Ражабов: Болалар чой-чақадан йиғса, ҳаммомга бориб келар эди. Унда ҳам борса. Бўлмаса юраверар эдик.

Озодлик: Ойлик бермаган бўлса, ниманинг ҳисобига яшагансизлар?

Отабек Ражабов: Озиқ-овқатга ҳар куни ëки кунора 100 рубль берар эди.

Озодлик: 100 рублга нима олиш мумкин?

Отабек Ражабов: “Роллтон”, нон. Бўлди, бошқа нима ҳам бериши мумкин.

Озодлик: Шу ерда қанча вақт ишладингизлар?

Отабек Ражабов: 7 ой.

Озодлик: 7 ой ойлик олмасдан ишлагансизлар-а?

Отабек Ражабов: Ҳа. Бизгача келиб бир ярим йилдан бери ойликсиз ишлаб юрганлар бор.

Озодлик: Орëлда ўзбекистонлик мардикорлар қанча?

Отабек Ражабов: Унисини билмадим.

Озодлик: Ўзбекистонлик мардикорлар кўпми, демоқчиман?

Отабек Ражабов: Ҳа, жуда ҳам кўп.

Айни пайтда ўзбек мардикор йигитлари Москвадаги Халқаро муҳожирлик ташкилоти кўмагида шифохонада даволанмоқда. Суд жараёни тугагандан сўнг улар Ўзбекистонга юборилади.
XS
SM
MD
LG