Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 02:00

Ойлик ошди, навбат бозоргами?


Ўзбекистон президентининг 5 мартдаги фармонига мувофиқ, 1 апрелдан бошлаб бюджет ташкилотлари ишчи-хизматчиларининг ойлик маошлари, нафақа ва стипендиялар миқдори 12 фоиз оширилади.

Бу кейинги саккиз ой мобайнида Ўзбекистон президентиниг айни мазмундаги учинчи фармонидир.

Президентнинг янги фармонига кўра, 1 апрелдан бошлаб Ўзбекистон ҳудудидаги энг кам иш ҳақи 20 865 сўм (тахминан 16 АҚШ доллари атрофида), ёшга доир пенсиялар 41 330 сўм, ягона тариф сеткаси бўйича бошланғич разряд ойига 20 865 сўм, болаликдан ногиронларга бериладиган нафақа ойига 41 330 сўм, зарур иш стажига эга бўлмаган кекса ёшдаги ва меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга бериладиган нафақа ойига 25 030 сўмни ташкил этади.

Ўзбекистон президентининг шу мазмундаги фармонларида бу каби тадбирлар аҳолининг даромадлари ва турмуш даражасини муттасил ошириб бориш, фуқароларга ижтимоий мададни кучайтириш мақсадида амалга оширилаётгани таъкидланади.

Уч ой аввал, 2007 йилнинг 16 ноябрида ойлик, пенсия ва стипендиялар 20 фоиз оширилганида бозордаги нарх-наво икки-уч баробар қимматлаб кетгани кузатилган.

Ўзбекистонлик таҳлилчи Комрон Алиев бу гал ҳам шундай ҳолат кузатилиши мумкинлигини айтади.

“Ўзбекистонда умуман маошларнинг даражаси паст. Шунинг учун ҳукумат хоҳлайдими ëки йўқми, уни кўтаришга мажбур. Нарх-наволар ва истеъмол товарлари нархи кўтарилиши тўхтамасдан давом этяпти. Масалан, гўштнинг нархи бундан бир йил олдин 3000-3500 сўм атрофида бўлган бўлса, ҳозир 6500-7000 атрофида. Ëғларнинг нархи 2 баробар кўтарилган. Пахта ëғидан ташқари чет элдан келадиган ëғлар 3500 сўмдан кам эмас. Бу кам таъминланган оилалар ва фақат маошга қараб яшайдиган оилалар учун ниҳоятда қийинчилик туғдиради,- деди К.Алиев.

Самарқандлик Комилжон Ашуров ҳам ойлик маошлар оширилиши аҳоли зарарига бўлаётганини таъкидлайди.

“Инфляциянинг ўзи ҳамма нарсани еб кетяпти. Бу фойда эмас, аксинча зарар бўляпти. Ўтган йили рамазон ойида 1 кг буғдой 200-250 сўм эди. Ҳозир эса 700 сўм. 3 баробар ошиб кетган. Чунки инфляция суръати ойлик маош ўсишига ҳеч тўғри келмаяпти”,- дейди К.Ашуров.

Кузатувчи Тўрабек Сано фикрича, Ўзбекистонда ойлик маошлар ҳисобига кун кўриш мумкин эмас.

“Ойлик ошириш нисбийдир. Бу ҳам ўйланган навбатдаги режалардан бири. Нарх-наво ошгандан кейин, албатта, ëқилғи қимматлашади, йўлкира қимматлашади, қолаверса, озиқ-овқат маҳсулотлари нархи ошади. Бу халқ фаровонлигига олиб келмайди. Ойлик ошгани билан бу халқаро меъëрлардан анча паст. Яъни БМТнинг тараққиëт дастури белгилаган миқдордан ҳам паст”,- деди кузатувчи.

Таҳлилчиларнинг таъкидлашича, Ўзбекистон аҳолисининг турмуш даражасини кўтариш учун ойликларни ошириш эмас, балки аҳолига иқтисодий эркинлик бериш лозим, акс ҳолда аҳолининг қашшоқлик даражаси ошиб бораверади.
XS
SM
MD
LG