Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 02:31

Томоша давом этади


Тошкентлик забардаст режиссёр Марк Вайл ўлимидан олти ой ўтиб “Илҳом” театри актёрлари шундай демоқда. Келаси ҳафтада театр жамоаси АҚШга ижодий сафарга жўнайди.

Театр асосчиси ва бадиий раҳбари Марк Вайл ўтган йил 6 сентябрь кечаси Тошкентда ўлдириб кетилганди. Ўзининг сўнгги “Орестея” спектаклининг якуний репитициясидан қайтаётганида режиссёр уйи остонасида номаълум шахс томонидан чавақланди. Марк Вайл жаррроҳлик столида ҳаётдан кўз юмар экан: “Нима бўлишидан қатъи назар, мен эртага янги театр мавсумини очаман”, деган эди.

Бугунги кунда марҳум режиссёрнинг барча ижодий режалари унинг ҳамкасблари томонидан амалга оширилмоқда.

“Марк Яковлевич ўлимидан кейин барчамиз мусибатни бошдан кечирдик ва театр кўп вақт ўзига кела олмади. Нима қилишни билмасдик. Лекин ҳаммасини енгиб ўтдик. Марк ишини давом эттиряпмиз”,- дейди театрнинг амалдаги раҳбари Борис Ғофуров.

Марк Вайлнинг ижодий раҳбарлиги остида “Шарқ-Ғарб”, “Илҳом-ХХ” каби халқаро театр фестиваллари ўтказилган. Марҳум ижодкор Тошкент, Москва, Болгария, собиқ Югославия ва АҚШга қадар ўз спектаклларини қўйишга муваффақ бўлган. Келаси ҳафтада “Илҳом” театри АҚШга гастролини бошлайди. Томошалардан бири АҚШдаги Ҳопкинс марказида бўлади.

“Театр жамоаси аввалгидай жозиба билан фаолиятини давом эттиришига ишончим катта”,- дейди Ҳопкинс театр санъати маркази раҳбари Маргарет Лоуренс.

Марк Вайл ўлимидан кейин машҳур “Илҳом” театрининг буюк бир даври якунланди ва уни илгариги миқёсда қайта тиклашнинг эҳтимол энди имкони ҳам йўқ, деганлар бўлган. Театрнинг айрим актёрлари ҳатто ишни ташлаб, ўзга давлатларга кетиш пайида эди.

“Шундай ҳиссиёт менда ҳам бўлганди,- дейди актёрлардан бири Максим Тюменев. - Лекин театрни ушлаб турган нарса йўқолди, деган туйғу нотўғри бўлиб чиқди. Айнан театрни ушлаб турган нарса қолди. Марк Вайл асос солган “Илҳом” театри бизни ушлаб турибди”.

Демак, Марк Вайл бошлаб берган томоша давом этади. Театрнинг АҚШ сафари дастуридан Абдулла Қодирий асари асосида саҳналаштирилган “Оппоқ, оппоқ қора лайлаклар” спектакли ҳам ўрин олган.
XS
SM
MD
LG