Линклар

logo-print

Абдуғани Камалиев 11 йилга қамалди

  • Замира Шукур

http://tbn0.google.com/images?q=tbn:T6DBQFeeCN3QoM:http://volyn.com.ua/photos/r-3147.jpg Европа инсон ҳуқуқлари суди қарорига қарамай, Россиядан Ўзбекистонга экстрадиция қилинган диндор Абдуғани Камалиев Наманган вилоятининг Уйчи тумани суди томонидан 11 йилга қамоқ жазосига ҳукм қилингани маълум бўлди.

А.Камалиев 1997 йилдан Россияда яшаган ва Россия фуқаролигини олган. Ўзбекистон ҳуқуқ идоралари томонидан конституциявий тузумга тажовуз қилиш ва ноқонуний диний ташкилотлар тузиш каби айблар бўйича қидирувга берилган А.Камалиев 2007 йил декабрда яширин равишда Ўзбекистонга экстрадиция қилинган эди.

Ҳуқуқ ҳимоячиларининг таъкидлашича, А.Камалиев тақдири Россия ва Ўзбекистон ҳукуматларининг инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро нормаларни очиқчасига оëқ-ости қилаëтганининг навбатдаги ëрқин мисолидир.

Асл исм-шарифи Абдуғани Турсунов бўлган бу шахс 1997 йилда Россияга келиб, бу ерда Маймуна Камалиевга уйлангач, 2000 йилда Абдуғани Камалиев, деган янги фамилия билан Россия фуқаролигини олган.
Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идораларининг бир неча йилга чўзилган уринишларидан сўнг Россия фуқаролиги бекор этилиб, Ўзбекистонга қайтарилган Камалиев 26 февраль куни суд томонидан узоқ муддатга озодликдан маҳрум қилинди.

Суд жараëнида қатнашган А.Камалиевнинг яқинларидан бири унинг судда бу каби оғир айбларни рад қилганини айтади.

“Судда у ваҳҳобийликда айбланди. Унақа ваҳҳобийлик қилмаган. Айби йўқлигини айтди. Бир-икки жойга даъватга борганда болаларга Қуръон ўргатган, холос”,- деди маҳкумнинг яқинларидан бири.

А.Камалиевнинг Россияда яшаëтган турмуш ўртоғи Маймуна Камалиева эрининг мутлақ айбсиз экани ва унинг айбсизлигини исботлаш учун кўплаб идораларга мурожаат қилаëтганини билдирди.

“Ҳамма ердан сўраяпман. Ҳамма ерга хат жўнатдим. Ҳалигача жавоб келмади. Ўзбекистон эримга қўйган айблар ëлғон”,- деди Маймуна Камалиева.




1997 йилдан бери Россияда яшаб, бу ерда, аëлининг айтишича, ҳеч қандай диний фаолият билан шуғулланмасдан, фақат қурилишда ишлаб келган Абдуғани Камалиевни нима учун Ўзбекистон ҳукумати бунча узоқ вақт таъқиб қилди ва 10 йиллик қидирувдан сўнг уни ниҳоят қамоққа ташлади?

Бу саволга жавоб берар экан, А.Камалиев ҳимояси билан шуғулланиб келган Россиядаги “Фуқаровий кўмак” ташкилоти вакиласи Елена Рябинина у 1991 йилда Наманганда юз берган машҳур норозилик митингида қатнашган бўлиши эҳтимолга жуда яқин эканини таъкидлади.

“Тоҳир Йўлдош бошчилигидаги бу намойишга президент Ислом Каримов шахсан келган ва намойишчилар важоҳатидан ранги оқариб кетгани кўпчиликка маълум. Бу митинг видеотасвирга ëзиб олинган ва унга тушиб қолган ҳар бир қатнашчи кейин бирма-бир қамоққа олиниб, оғир айбларда айбланган эди. А.Камалиевнинг ҳам айнан шу видеотасвир асосида қидирувга берилганини тахмин қилиш қийин эмас”,- дейди Е.Рябинина.

А.Камалиев яқинлари сўзларига кўра, у суддан сўнг ҳам ҳозирча Уйчи тумани ҳибсхонасида ушланмоқда ва ўзига нисбатан муносабат ҳақида шикоят қилмаган.

“Кўриб келдик. Шароити яхши, хоналари иссиқ, қийинчилик йўқ эканини айтди. Қийнамаётган эканлар”,- деди яқинлари.

Маймуна Камалиева эса ўз эрининг айбсизлигини исботлаш илинжида халқаро ташкилотларга мурожаат йўллаëтган бир пайтда Абдуғани Камалиев, яқинларининг билдиришича, ўз устидан чиқарилган ҳукмдан шикоят қилиб, апелляция судига мурожаат қилишни ҳам истамаяпти.

Елена Рябинина эса яқинларининг бундай гапларига қарамай, А.Камалиевнинг диний айблар бўйича қамалган аксар маҳбуслар каби қамоқда қийноққа солинаëтган бўлишини айтади ва унинг қийноқлар кундалик нормага айланган Ўзбекистон қамоқхонасига тушишида Россия ҳуқуқ-тартибот идораларини айблайди.

“Россиянинг Камалиев тақдиридаги ролини жирканч, деб баҳолайман. Унинг Страсбург суди қарорига зид равишда Ўзбекистонга бериб юборилишини ҳам, Европа судига Россия расмийлари берган сурбетларча жавобни ҳам жирканч ва ахлоқсиз, дейишдан бошқа сўз топа олмайман”,- дейди россиялик ҳуқуқ ҳимоячиси.
XS
SM
MD
LG