Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 20:12

А.Абдуқодир: “Уруш даврида ҳам ўзбеклар дунёга бу қадар тарқалмаган”


“Ўзбек дунёси” дастурининг бугунги сони географияси: Ўзбекистон, Норвегия ва Қирғизистон. “Ўзбек дунёси”нинг бугунги сонида тилга олинадиган ўзбеклар: Президент Ислом Каримов, таҳлилчи Комилжон Ашуров, публицист Абдулла Абдуқодир, тадбиркор Муҳаммадамин.

Ўзбекларга мурувват

“Ўзбек дунёси”нинг биринчи сони ҳавога узатилганидан буён ўзбек дунёси, аниқроғи ўзбекистонлик ўзбекнинг моддий дунёси 12 фоизга бойиди.

Янаям аниқроғи, 1 апрелдан бойийдиган бўлди.

Ўзбекистон президентининг 5 март кунги фармонига биноан ана шу санадан бошлаб ўзбекистонликлар оладиган иш ҳақи, пенсия, стипендия ва нафақалар 12 фоизга кўпаяди.

1 апрелдан бошлаб энг кам иш ҳақи 20 865 сўм (тахминан 16 доллар), энг кам пенсия эса 41 330 сўм (тахминан 32 доллар) бўлади.

Ўзбекистон президенти иш ҳақи, пенсия, стипендия ва нафақаларни сўнгги бор 3 ярим ой муқаддам, 2007 йилнинг 16 ноябрида 20 фоизга оширган эди.

Тез-тез оширилаётганига қарамай, маошлар барибир нарх-навонинг ортидан қувиб ета олмаяпти.

“Инфляциянинг ўзи ҳамма нарсани еб кетяпти. Ўтган йили рамазон ойида 1 кг буғдой 200-250 сўм эди. Бугун 1 кг буғдой 700 сўм. 3 баробар ошиб кетган. Нима деган гап бу? Ойлик маошларнигш оширилиши ҳеч қачон фойдага юрмайди. Ошди деб эълон қилинади. Бир ойдан кейин бу қўлга ë тегади ë тегмайди. Эълон қилинган куннинг эртасига бозорларда нархлар тўғриланиб туради”- дейди самарқандлик Комилжон Ашуров.

Демак, сўнгги рамазондан буён Ўзбекистонда иш ҳақи, пенсия, стипендия ва нафақалар 32 фоизга оширилди. Сўнгги рамазондан буён Ўзбекистонда буғдойнинг нархи 300 фоизга ошди.

Ўзлигини йўқотмаган ўзбек

“Қизиқ! Нега бизнинг раҳбарлар истеъфо вақтида яйраб хурсанд бўла олмайди?! Нечун улар жон-жаҳдлари билан амал курсисига ёпишиб оладилар?! Нечун амалда умрбод қолиш учун барча имкониятларини ишга солиб, ҳатто разилликлардан ҳам қайтмайдилар? Имкониятлари қолмагач, шоду хуррамлик билан эмас, худди кушхонага судралаётган буқадек бўзрайиб, амал курсиларини тарк этадилар. Нега?!..

Бу саволлар Абдулла Абдуқодир ўғлининг “Нажот қўрқувда!” публицистик асаридан олинди.

Анчадан бери ўзбек дунёсини ўйлантириб келаётган саволларни ўртага ташлаб, уларга жавоб излаган, бу саволлар атрофида фикр юритган фикри уйғоқ Абдулла Абдуқодир ўғли “Ўзбек дунёси” меҳмони.

“Нажот қўрқувда” асарида Абдулла Абдуқодир ўғли ўзини мана бундай таништирган:

“Ассалому алайкум, Ислом Абдуғаниевич! Қалайсиз? Мени танияпсизми?

Расмий исми-шарифим Абдулла Абдураззоқ, Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети доцентиман.

Мен ўша 1990 йилда устингиздан ҳукм чиқариб, бу ҳукмнинг бир нусхасини қўлингизга тутқазган ва ўшандан бери бу ҳукмнинг ижросини изчиллик билан кузатиб келаётган ҳукмдорингиз ва дунёдаги энг яқин дўстингиз Абдулла Абдуқодир ўғли бўламан.

Мен садоқатли дўст сифатида келажагингизни қутқариш бобидаги ҳаракатларимни давом эттирдим. Эвазига сиз менингдек дўстингизни қамадингиз.

Аудиториямдан мосуво бўлдим. Ҳимояга тайёр турган докторлик диссертациям, менинг методик раҳбарлигим ва ҳаммуаллифлигимда тайёрланаётган еттита адабиёт дарслиги ва хрестоматияси, шунингдек, мактаб дастури ва қўлланмаси қолиб кетди. Қамоқдан чиққач, давом эттирдим яна ўша ҳаракатларимни. Яна қамалдим.

Қамоқдан чиққач, “Эрк” газетасида эълон қилган мақолаларим учун яна қамамоқчи бўлган эдингиз, миршаблар келганида АЛЛОҲнинг иродаси билан орқа эшикдан қочиб қутулдим”.

Абдулла Абдуқодир ўғли орқа эшикдан қочиб қутулганидан буён 10 йил ўтди.

10 йилдан бери Абдулла ака Норвегияда яшайди. Ёши 64га чиққан домла бадавлат Норвегия ҳукумати берадиган нафақани еб ётгани йўқ. У ишлаяпти. Абдулла акани иш жойидан топдик.

Озодлик: Домла, ҳозир нима билан бандсиз?

Абдулла Абдураззоқ: Ҳозир мен бу ерда умримда қилмаган ишларни қиляпман. Лекин ишимдан хурсандман. Ҳеч қачон бунақа устачилик қилмаганман. Лекин бунга сабаб шу бўлдики, мен яшаб турган уйнинг эгаси уйига тошдан зина қилдирди. У жуда қиммат пул тўлаганини айтди. Буни мен ҳам биламан-ку, деб ўйладим. 1 квадрат метр тошни девор қилиб урса ëки зина қилиб қўйса, шунга салкам 400 доллар олади. Қари бўлишимга қарамасдан, ëзда шунақа ишларни бошлаб қўйган эдим. Буюртмалар жуда ҳам кўп. Қишда ҳам тинчлик беришмаяпти. Бир ойда баъзан 5000-6000 долларгача топаман. Бу ерда ҳам ҳамманинг ўз орзу-ҳаваси бўлар экан. Менга бир катта миллионер телефон қилиб қолди. Дала-ҳовлимга тошдан бир девор қуриб берсанг, деди. Деворни қаерга қурай десам, жойини ўзинг танла, дейди. Девор менга эмас сенга керак, қаерга қурай десам, жойини ўзинг танлаб менга 10-15 квадрат метр девор қуриб бер, дейди. Мен ҳайрон бўлдим. “Одамлар сен қурган деворни мақташяпти. Дўстларим сен қурган деворни томоша қилмоқчи”, деди. Шунақа афандинамо ишлар ҳам бўлиб туради. Унга 20 квадрат метр девор уриб бердим. У менга салкам 10000 доллар тўлади.

Озодлик: Кейинги 10-15 йил ичида кўпчилик сиз каби тазйиқдан қочиб, кўпчилик иш излаб Ўзбекистондан ташқарига чиқиб кетяпти. Бир қарашда ачинадигандек, лекин бу ташқарилашда хайр ҳам йўқ эмасга ўхшайди. Агар хайр бўлса, бу хайр нимада?

Абдулла Абдураззоқ: Ислом Каримовни тарих олдидаги энг буюк хизмати нима деса, мени жавобим, бу шу қисмати билан тарихда қолади. Бу энди бироз киноя аралашган жавоб. Каримов шунча золимлик қилди, лекин Каримов туфайли ўзбек оламга шу даража тарқалдики, ҳатто уруш йилларида ҳам ўзбек бунақа тарқалган эмас. Бу ишда ўзбекка катта хайр бор. Ўзбеклар оламни кўряпти. Кеча И.Каримов айтаяпти: “Чет элларда 2500 ўртача маош. Лекин бунга нима беради? Ҳеч нарса бермайди. Бу ерда эса 100 долларга кўп нарса сотиб олиш мумкин”. Бунинг кулгили эканини иккита ўзбекдан биттаси билади. Чунки дунëни кўрди улар. Сабаби улар 2500 долларга 500 кг гўшт беришини ҳам билади. Картошка-пиëзни-ку тонналаб олса бўлади. И.Каримов иқтисодчи бўла туриб шундай қиëслаяптики, 2500 долларга у ëқда ҳеч нарса бермайди, бизда эса 100 долларга жуда кўп нарса беради. Бунинг ғирт ëлғон эканига ўзбекларнинг ақли етиб қоляпти. Бунга уларни жаҳон кўргани сабаб бўляпти. Ўзбекларнинг кўзи очилмас экан, шундай подшо ўзбек халқига лойиқ бўлиб қолаверади.

Озодлик: Мана, сиз муҳожиротдасиз. Сизнинг дунëнгизда нур кўпми ëки соя кўпми?

Абдулла Абдураззоқ: Агар ўтган умрим яна такрорланса, яна шундай бўлиб ўтишини Аллоҳдан жойнамоз устида сўрайман. Чунки Аллоҳдан қўрқиб бошқасидан қўрқмасангиз, манфаатнинг кетидан қувмасангиз, Аллоҳнинг ўзи йўқ жойдан бериб қўяди. Ердаги битта тошни қўйиб берсам, моддий томондан ўзимга оиламга етадиган даражада бўляпти. Бошқа томондан, мен бу ерда инсон билан табиат ўртасидаги мувозанатни сақлашга уринишларни кўрдим. Турли урф-одатларни, турли миллатларни, айниқса, давлат қурилиши тизимини, мактаб тизимини ўргандим. Ана шундай ютуқли жойларини ўзимизга тадбиқ қилсак, жуда кўп гўзал ишлар бўлиши ҳақида кўп ўйлайман. Мен нурли жиҳатлари кўпроқ, деб биламан.

Абдулла аканинг асосий дунёси: оиласи, 6 фарзанди ва 16 набираси Ўзбекистонда қолган.

Ўзига бек ўзбек

Ўшлик фермер Муҳаммадамин ўзига ўзи бек ўзбеклардан бири. “Ўзбек дунёси” саволларига жавоб берар экан, Муҳаммадамин мана буларни айтиб берди:

“Фермерлик ишини ривожлантиришимизга, авваламбор, ўзимизда иштиëқ бўлган. Болалигимиздан уйда мол, қўй боқиб юриб, шундан қизиқиш уйғонган. Катта бўлганимиздан кейин мен биринчи бўлиб ферма қилишни орзу-ҳавас қилдим. Ишни кичкина молхона қилиб, олтита ҳайвон билан бошлаганман. Бир куни биттаси менга маслаҳат бериб, Байтушин деган жойда банкдан кредит олиб фермани ривожлантирдик. Ўша пайтда фермам жуда чиройли ривожланди. Ўзимга етарли бўлди. Ортганини эса кам таъминланган оилаларга бериб ëрдам беришни бошладим. Адашмасам, 2004 йили АҚШнинг Қирғизистондаги элчиси Ян Стивинг келиб, у ҳам менинг фермамга катта қизиқиш билдирди. Ҳозир фермамда имконим катта. Кенгайтириш учун ҳатто бўш жойларим ҳам бор. Бугунги кунда 32 та ҳайвоним бор. Ўзимнинг фарзандларимдан ташқари 3 та одам иш билан таъминланган. Меҳр қўйган нарсангга Худо баракасини беради, деган гап бор. 2004 йили оқсил касаллиги тарқалиб кетди. Шу бизнинг ҳайвонларга ҳам келиб тегди. Шу пайтда бозордан янги олиб келган ҳўкизим бор эди. Бу ҳўкиз жуда ëмон касалланди. Болаларим ҳам, ишчиларим ҳам сўйиб кўмиб ташлайлик, дейишди. Бу ҳайвон худди одам сингари кўзга қараб туради-да. Мен ўзим уни даволайман, дедим.Ветеринарга ҳам ишончим қолмади. Сўйиб кўмиб ташлайлик, деди. Шундан кейин 3-4 кун ҳеч нарса емади, ичмади. Мен кейин дорихонага бориб икки қути глюкоза олдим. Томир орқали глюкозани ҳўкизга юбордим. Бир ҳафтадан кейин яхши бўлишни бошлади. Шунақа семиришни бошладики. Болаларим сизни берган меҳрингизни орқасидан Худо сизга беряпти, дада, дейишди. Бу ҳўкиз касал бўлмаган ҳайвонларимга нисбатан 25-30 фоиз ортиқ даромад берди”.
XS
SM
MD
LG