Линклар

К.Раббимов: “Каримов бундан кейин либерал ва жиддий ислоҳотлар ўтказишга қодир эмас”

  • Абдулла Искандар

Йўлнинг нарëғида туманлик...

Йўлнинг нарëғида туманлик...

“Қурултой” дастурининг “Ўзбекистоннинг ташқи сиëсатидаги ўзгаришлари мамлакатдаги ички вазият яхшиланишига олиб келадими” мавзуидаги бу галги эшиттиришида Ўзбекистондан собиқ дипломат Тошпўлат Йўлдошев ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Абдусалом Эргашев, сиëсатшунос Камолиддин Раббимов ҳамда АҚШдан “Ўзбек мухолифати тарихидан лавҳалар” китоби муаллифи Баҳодир Файз иштирок этади.

НАТО вакили Роберт Симмонснинг Ўзбекистон альянс аъзолари, жумладан, АҚШга ўз ҳарбий базаларидан фойдаланишга рухсат беришга тайëр экани тўғрисида баёнот бергандан сўнг Россия матбуотида “АҚШ қўшинлари ўзбек базаларига қайтмоқда”, “Ўзбекистон Хонободдаги базани НАТОга беришга тайëр”, “Ўзбекистон НАТО билан дўстликни тикламоқда” каби сарлавҳалар билан бир қатор мақолалар эълон қилинди. Бу мақолалар чоп этилганидан кейин Ўзбекистоннинг Россиядаги ҳарбий атташеси НАТО аскарларининг Хонобод ҳарбий базасига қайтиш эҳтимолини қисман рад этди. Бу ерда гап АҚШ 2005 йилгача фойдаланиб келган базани қайта очиш ҳақида эмас, балки ҳозир Германия фойдаланиб келаëтган базада АҚШ аскарларининг ҳарбий самолëтлардан чиқмасдан туриб ëқилғи қуйиш имкониятларидан фойдаланиш ҳақида бораëтган экан. Нима бўлишидан қатъи назар, бу омил ва Ўзбекистоннинг Европа Иттифоқи билан кенгроқ ҳамкорлиги Европа Ўзбекистонга қарши жазо чораларини енгиллаштиришга ишора қилганидан кейин Ўзбекистоннинг жавобий ҳаракати сифатида кўрилмоқда. Бир томондан, Россияда президент Владимир Путиннинг орқа планга кетиши, иккинчи томондан, АҚШдаги сайлов. Бу дунë сиëсий об-ҳавосидаги ўзгаришларга мосланишми?

Камолиддин Раббимов: Бир томондан, Тошкент ҳақиқатдан ҳам Ғарб билан муносабатларни яхшилаштиришга ҳаракат қиляпти. Иккинчидан, олдингидек илиқ муносабатлар энди тикланмайди. Чунки икки томоннинг сиëсий хотирасидаги бир-бирига шубҳали муносабат сақланиб қолган ва бу совуқлик эриëтгани йўқ. Фақатгина Тошкент изоляция ҳолатидан чиқишни хоҳлайди. Учинчидан, Афғонистонда бўлаëтган воқеа ва ҳодисалар. Афғонистонга АҚШ ҳам, Ғарб давлатлари ҳам, Ўзбекистон ҳам биринчи навбатда хавфсизлик нуқтаи-назардан ëндашяпти. Назаримда, Афғонистонда барқарорлик бўлишидан Тошкент манфаатдор. Бу жуда эҳтиëткорона муносабатлар. Бундан кейин расмий Тошкент ҳамма билан муносабатларни илиқлаштиришга ҳаракат қилади. Яъни кўп векторли геосиëсат олиб боришга интилади. Биз биров билан яхши бўлсак, қолганлар билан ëмон бўламиз, деган концепциядан бироз бўлса ҳам чекинишга ҳаракат қилади.

Озодлик: АҚШда бугун президентликка интилаëтган Жон Маккейннинг сиëсий хотираси келажакда роль ўйнаши мумкинми? Маълумки, Маккейн Ўзбекистонга борганида Каримов томонидан бироз таҳқирли муносабатга лойиқ кўрилган эди. Бу қадамлар эртага Маккейн президент бўлиб қолиши мумкин, деган ўйлар ортидан ташланаëтган бўлиши мумкинми?

Баҳодир Файз: Бўлиши мумкин. Маккейн Ўзбекистонга борган ва Ўзбекистонни Жорж Бушдан кўра кўпроқ билади. Агар АҚШдаги сайловда республикачилар ғалаба қозонадиган бўлса, улар Ўзбекистонни билади. Лекин демократларда ҳам имконият катта. Яқинда иккита стратегия Барак Обама ва Ҳиллари Клинтон ўртасидаги суҳбат мавзуси бўлди. Асосий мавзу Кубадагига ўхшаган диктатор режимлар тўғрисида эди. Обама диктаторлар билан иложи борича яқин бўлишимиз керак, деган фикрда. Ҳиллари бўлса АҚШнинг позициясини сақлаб турган ҳолда диктаторлар билан бироз масофали яқинлашиш керак, деган фикрда. АҚШда ким президент бўлишидан қатъи назар, АҚШнинг сиëсати буларга нисбатан қарши тарафга ўзгармайди. Бу ерда Ўзбекистонни ўзини тутиши аҳамиятли бўлса керак.

Озодлик: Ўзбекистон билан ҳарбий ва бошқа соҳаларда қайта ҳамкорликни бошлаш Ғарб ва АҚШнинг Андижон воқеаларига нисбатан мавқеини ўзгартирганидан дарак, дейишимиз мумкинми?

Тошпўлат Йўлдошев: Ғарб позициясида маълум бир юмшоқликлар бор. Бу юмшоқликлар Ўзбекистонни изоляцияда сақлагандан кўра, иложи борича унга яқинлашиб, кенгроқ кўламда таъсир этиш позициясидир. Шу маънода, Ғарб мамлакатлари иложи борича диктатор тизими билан ҳамкорликни секин кенгайтириб, алоқаларни доимий сақлаш позициясида турибди.

Озодлик: Агар АҚШ хоҳласа, Каримов режимини бир кунда ўзгартириши мумкин. Аммо бу истак АҚШнинг биринчи режаси қаторида туриши керак, деб айтилади. Нимага АҚШ Андижон воқеалари ва Хонободдаги ҳарбий базадан намойишкорона қувилган бўлишига қарамай, масофали муносабатни афзал кўрмоқда?

Баҳодир Файз: АҚШ хоҳлагани билан бу ишларнинг бўлиши қийин. Албатта, бу истакдан келадиган манфаатнинг катта-кичиклигига боғлиқ. АҚШнинг Ўзбекистон режимини йиқитиш даражасига олиб келадиган катта манфаатлари йўқ. Ўрта Осиëда Хонободдаги базанинг алтернативлари ҳам бор. Бундан ташқари, Россия омили ҳам бор. АҚШ у ердаги режим билан ҳисоблашмоқчи бўлса, Россия омилини назарда тутиши керак. АҚШнинг Хонободдаги базага қайтиб киришга ва Ўзбекистондаги базалардан яна фойдаланишга умиди бор. Шунинг учун АҚШнинг Ўзбекистон билан алоқалар олиб бориш нияти бор.

Озодлик: Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Абдусалом Эргашев ва у аъзо бўлган гуруҳ баëнот билан чиқди. Уларнинг айтишича, ҳарбий базаларнинг Ўзбекистонда бўлиши ва АҚШ ҳамда Ғарб билан муносабатларнинг яхшиланиши ижобий ҳодиса. Ҳарбий базалар ва муносабатларнинг яхшиланиши Ўзбекистон ичидаги инсон ҳуқуқларига муносабатни яхшилайдими?

Абдусалом Эргашев: Албатта, бу табиий.

Озодлик: Нима табиий? Ташқи муносабатлар Ўзбекистондаги ички муносабатларни яхшилайдими?

Абдусалом Эргашев: Албатта, яхшилайди. Чунки бир қўл билан бир нарса бераëтганда Ғарб мамлакатлари ҳам иккинчи қўли билан бир нарса олишга ҳаракат қилади. Улар қилаëтган яхшиликларига нисбатан бир шартларни бажаришга мажбур қилади.

Озодлик: 2003 йилларда бу яхшиланиш бўлмади-ку? Ëки яхшимиди ўша пайтда?

Абдусалом Эргашев: Яхшимас эди. Лекин бугунгичалик ëмон ҳам эмас эди. АҚШ билан яқинлашган пайтда фуқаролик жамияти учун йўллар анча йўллар эди. Халқаро ташкилотлар кириб келган эди. Ўша ерларда фуқаролик жамияти ташкилотлари жамоа сифатида бир жойга йиғилиб, ҳукуматга ва Ғарб мамлакатларига баëнотлар тайëрлаши мумкин эди. Ҳозирги кунда шундай имконият Ўзбекистонда умуман йўқ. Ғарб мамлакатлари ҳар бир қилаëтган яқинлигида инсон ҳуқуқларига амал қилинишини, албатта, талаб қилади.

Озодлик: Ўзбекистонда Ғарб ва АҚШ базаларининг жойлаштирилишига сизнинг муносабатингиз қандай?

Абдусалом Эргашев: Мана, Афғонистонда бир неча йиллардан бери нотинчлик. Шу таҳликанинг бутун дунëга Ўрта Осиë орқали ëйилмаслиги учун ижобий ҳаракат, деб ўйлайман.

Озодлик: 2005 йили Ўзбекистон Сенати аъзолари бир овоздан АҚШ ҳукуматини айблаган эди. Ўзбекистон Сенатининг мартабали мулозимаси Фарруха Муҳиддинова ўшанда ҳарбий базаларнинг Ўзбекистонда туриши низолар сабабчиси бўлганини айтган эди. “Ҳар қандай ҳудудда бирор-бир ҳарбий база пайдо бўлса, унга қарши бўлган ва уни йўқ қилишга қаратилган кучлар ҳам пайдо бўлиши муқаррардир. Шунинг учун Марказий Осиëда жойлашган ҳарбий базалар қанча кам бўлса ва уларнинг бу ерда мавжуд бўлишига барҳам берилса, бунинг ўзи шу минтақада, шу ҳудудда тинчлик ва барқарорлик ўрнатишга қўшилган энг катта ҳисса бўлади”, деган эди у. Фарруха Муҳиддинова тўтиқушга ўхшаб сайраëтган бўлса ҳам тўғри гап айтаëтгани йўқми?

Баҳодир Файз: Ҳозирги глобал дунëда бир давлатнинг бошқа бир давлатдаги базаси вақтинчалик бўлиши керак. Бу агар давомли ҳарбий базага айланадиган бўлса, унда тушунмовчиликлар келиб чиқади. Масалан, Германия ва шунга ўхшаган баъзи давлатларда АҚШ ҳарбий базаси бор. Туркияда НАТО ҳарбий базаси бор. Энди бу шу ердаги шарт-шароитлардан келиб чиққан ҳолда ташкил қилинган. Ўзбекистонда ҳам Ўрта Осиëнинг шартларидан келиб чиққан ҳолда, дейлик Афғонистон масаласи ва у ердаги қалтис вазиятлар туфайли нафақат АҚШнинг, балки НАТОнинг ҳарбий базаси ҳам қолиши мумкин. Лекин Ўзбекистон Германиядагига ўхшаб ишғол қилинган давлат сифатида эмас, балки ўз манфаатларидан келиб чиққан ҳолда НАТОга база ажратиши мумкин. Бу депутатлар айтганидек, жуда унчалик хавфли эмас.

Камолиддин Раббимов: Биринчидан, Фарруха Муҳиддинова тўғри айтяпти.

Озодлик: Тўғрисини айтган? Бу киши бугун шунинг тескарисини ҳам айтиши мумкин.

Камолиддин Раббимов: Мен расмий Тошкент бу соҳадаги позициясини қайта кўриб чиқади, деб ўйламайман. Бу ҳақда жуда интенсив ахборот оқимлари пайдо бўляпти. Лекин Ўзбекистон стратегик хулоса чиқардики, бундан кейин бирор-бир давлатга ҳарбий база берилмайди. Термиздаги пункт ҳарбий база мақомига эга эмас. Бу ерга НАТО самолëтлари қўнади ва Афғонистонга учиб ўтади. Ëки шу ердан транспорт орқали нарсалари олиб кетилади. Бу ерда доимий равишда маълум сондаги аскарлар ва шунга ўхшаган бир штаб йўқ. Шу нуқтаи-назардан, Термиздаги пунктни ҳарбий база, деб айтиш, менимча, нотўғри. Умуман олганда, бундан кейин Хонобод, назаримда, Каримов ҳокимиятда бўлар экан, ҳеч кимга берилмайди. Чунки бу ҳақиқатдан ҳам зиддиятли муаммолар келтириб чиқарди. Бу Ўзбекистоннинг минтақавий давлатлар, жумладан, Россия, Хитой билан муносабатини анча чегаралаштириб қўйди. Ғарб билан муносабатларга ҳеч ким қарши эмас. Биз бундай хатти-ҳаракатларни қўллаб-қувватлаймиз. Ўзбекистон шу пайтгача дехотомик геосиëсий тафаккурга эга эди. Яъни Москва билан яқин бўлса, унинг барча мухолифлари билан мухолифат кайфиятда бўлиш ëки Вашингтон билан яқин бўлса, унинг мухолифлари билан совуқ муносабатда бўлиш. Ўтган 15 йил бундай моделнинг лаëқатсизлигини кўрсатди. Қозоғистоннинг кўп векторли сиëсати эса ўзининг самарали эканини кўрсатди. Шунинг учун менинг ишончим комил, Каримов даврида Хонобод ҳеч кимга тақдим қилинмайди.

Тошпўлат Йўлдошев: Мен озгина қўшимча қилмоқчи эдим. Энди Хонободни том маънода ҳарбий база, деб айтиш мумкин эмас эди. Бу транзит нуқта. АҚШликлар 3 йил давомида Хонобод базасини кенгайтириб, унга катта ҳажмдаги оғир самолëтлар қўнадиган қилган эди. У дунëдаги талабларга жавоб берадиган аэродромга айлантирилган эди. Олдин у Афғонистондаги уруш амалиëтларини амалга ошириш учун фойдаланган эди. Кейинчалик уни Афғонистонни кўтариш учун ҳам ишлатишмоқчи бўлишди. Мен ўйлайманки, шундай замонавий бир аэродоромнинг ишламай қолиши Ўзбекистонни ўзи учун зарарли. Шунинг учун, менимча, Ўзбекистон ҳукумати Хонобод базасини база сифатида эмас, балки транзит сифатида фойдаланиш учун кейинчалик бериши мумкин.

Озодлик: Бу нарса, яъни Ғарб билан яқинлашув бугун Россиянинг жиғига тегяпти-ку...

Тошпўлат Йўлдошев: Россия Ғарб мамлакатларига ва АҚШга совуқ уруш эълон қилган. Улар ҳамма ерда АҚШ манфаатларига қарши курашиб келмоқда. Шунинг учун Ўзбекистоннинг Ғарб билан алоқаларини ривожланиши Кремлнинг жиғига тегяпти. Ўзбекистоннинг Ғарб билан алоқалари яхшиланаëтгани борасида биринчи маълумотлар чиқа бошлагандан кейин Кремлда тўполон кўтарилиб, Ўзбекистонга танқид ëғила бошлади. Ғарб билан бўладиган алоқалар Ўзбекистон учун муҳим, албатта. Ўзбекистон раҳбарияти ва хусусан, Ислом Каримов ҳам ички томондан, ҳам ташқи томондан жуда қаттиқ босимга учраяпти. Шуларнинг ҳаммасини ҳисобга олган ҳолда кўп қиррали ташқи сиëсатни олиб боришга мажбур бўлгандан кейинги қадамлардан бири.

Озодлик: Бир вақтлар Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчиси бўлган ва ҳозир Ўзбекистон Сенатининг халқаро алоқалар қўмитасида ишлаëтган Содиқ Сафоев “базаларнинг жойлаштирилиши сиëсий ўйинлар”, деган фикр билдирганди. АҚШнинг Марказий Осиëда бир ўйин иддаоси борми?

Баҳодир Файз: АҚШнинг бутун дунëда катта ўйин мақсади бор. Афғонистон назаридан Ўзбекистон АҚШ учун муҳим. Масалан, Грузия, Украинада, Қирғизистонда бўлиб ўтган инқилобларда АҚШни айблашди. Инқилоб натижасида ҳокимиятга келганларни АҚШ тарафдори, дейишди. Табиийки, катта давлатларнинг ҳар бир жойда буюк ўйинлари ëки стратегияси бўлади.

Озодлик: Иккинчи жаҳон урушидан кейин Ғарб давлатлари учун “Маршалл режаси” бор эди ва бу режа асосида Ғарб давлатлари бугунги фаровонликка эришди. Бу АҚШнинг катта ўйини ва режаси эди. АҚШнинг Марказий Осиëга ва Ўзбекистонга нисбатан шунақа бир режаси борми?

Баҳодир Файз: Менимча, доктрина сифатида унақа режаси бўлмаса керак. АҚШнинг ўз стратегик институтлари бор. Ëки тигтаг қурилишлари бор.
Булар АҚШнинг ҳокимиятдаги ҳукуматига фикр бериб туради. Булар стратегия ишлаб чиқади ва Ташқи ишлар вазирлигига ëки амалдаги ҳукуматга тақдим қилади. Стратегиянинг қайси бири буларга маъқул келса, шу танланиб йўлга чиқилади.

Озодлик: Куни-кеча Германия газеталари “ЕИнинг Маршалл режаси”, деган битта мақола чиқарди. Бу режага кўра, ЕИ Марказий Осиëда конструктив мулоқот сиëсати билан бирор нарсага эришмоқчи. Бу катта гапми ëки бунинг тагида бир мазмун борми?

Камолиддин Раббимов: Ҳозир Ғарбнинг Марказий Осиëдаги стратегияси ҳақида гап кетяпти. Албатта, мана шундай стратегия мавжуд. Умуман ҳозирги кунда бутун дунë миқëсида геосиëсий кучлар нисбати ўзгариш арафасида турибди. Яъни Ироқ кампаниясидан сўнг АҚШ анча заифлашди. Кейинги 6 йил ичида Россия ўзининг салоҳиятини анча тиклаб олди. Россиянинг буюк салтанатга айланиш стратегияси мавжуд. Россия энергетик империя орқали ўз салоҳиятини тиклаб олмоқчи. Бунинг учун Россия собиқ Иттифоқ ҳудудидан ўтадиган газ ва нефть лойиҳаларини максимал даражада назорат қилиш ва уни Ғарбга сотиш орқали катта иқтисодий ва сиëсий дивидентлар олиш мақсадида. Шу нуқтаи-назардан, Марказий Осиë устидаги назорат Россия тақдири учун жуда катта аҳамиятга эга. Кейинги пайтда ЕИ ҳам Марказий Осиë билан мулоқот олиб боришга маҳкум. Агар Ўзбекистон Ғарбнинг лойиҳаларида иштирок этмаса, уларнинг лойиҳалари чилпарчин бўлади. Бугунги кунда АҚШ ва ЕИ Марказий Осиëда Россияни айланиб ўтадиган газ ва нефть лойиҳаларини ишга солмоқчи. Бу ҳам Ғарбнинг узоқ муддатли манфаатларини ўз ичига қамраб олган. Бугунги кунда Ғарб Россияга қарам бўлишни хоҳламайди. АҚШнинг ҳозирги кунда ички ва ташқи давлатлардан қарзи кунига 2 миллиард долларни ташкил қилмоқда. Бу рақам АҚШнинг бир йиллик ялпи ички маҳсулотига тенг бўлиб қолди. Яъни АҚШнинг қарзи 9-10 триллион долларга яқинлашиб қолди. Бу демократлар назарида энг катта муаммо. Россиянинг борган сари қудратли бўлиб бориши ва унинг демократик тилда сўзлашмаëтгани Ғарбни қўрқитади. Ҳозир дунëда ашаддий кураш кетяпти. Ўтган йили Германия бошчилигида ЕИнинг Марказий Осиëга нисбатан стратегияси қабул қилинди. АҚШ ëрқин доктрина сифатида бирор ҳужжат қабул қилмаган бўлса-да, АҚШнинг Марказий Осиëдаги манфаатларини намоëн қиладиган ўнлаб ҳужжатлар мавжуд.

Озодлик: Шу ўринда Содиқ Сафоевнинг 2005 йилдаги қуйидаги фикрларига қулоқ солсак: “Ҳарбий контингентнинг сақланиб қолиши бу заминда ҳарбий мусобақа омили бўлиши аниқ. Шу боис, бу барқарорлик издан чиқишига сабаб бўлиши мумкин”. Базалар барқарорлик омилими ëки барқарорликни издан чиқарадими? 2005 йилда АҚШ ўзбек базасидан кетгандан кейин сиëсий вазият барқарор бўлдими?

Тошпўлат Йўлдошев: Йўқ, қайтанга беқарор бўлди. Беқарорликнинг олдини олиш учун Ўзбекистон раҳбарияти, хусусан, Ислом Каримов Ғарб мамлакатлари билан алоқаларни яхшилашга ҳаракат қиляпти. Мана, “Маршалл режаси” Европа стратегияси тўғрисида гапирилди. Буларнинг ҳаммаси дунë хомашë бозорини эгаллаш ва уни назорат қилиш устида кетяпти. Бу ерда Ғарб билан Россия ўртасида, Ғарб билан Хитой ўртасида рақобат бор. Икки ҳафта олдин Германиядан Ўзбекистонга катта бир бизнес делегацияси келди. Буларнинг тактикаси Хитой ва Россияникидан мутлақо фарқ қиляпти. Булар хомашëни Ўзбекистондан олиб чиқиб кетиш эмас, балки уни Ўзбекистоннинг ўзида маҳсулот сифатида ишлаб чиқариб экспорт қилишни ва олиб кетишни режа қиляпти. Яъни улар Ўзбекистонга сифат жиҳатдан мутлақо бошқача ҳамкорликни таклиф қиляпти. Халқни ўйлаб булар мана шу Марказий Осиë учун ўз стратегиясини амалга оширяпти. Худди шу стратегияга АҚШ ҳам келиб қўшиляпти. Осиë учун стратегиянинг тагида 1 миллиард доллардан ортиқроқ маблағ бор. Ўзбекистондаги ҳозирги ҳаракатлар бошқа мамлакатлар рақобатининг бир самараси. Лекин Ғарбнинг Ўзбекистонга қиладиган муомаласи, унинг ҳамкорлиги Ўзбекистон учун фойда бўлади. Айни пайтда Ўзбекистонда ижтимоий тангликка чек қўйишга, аҳволни яхшилашга, ишсизлик кўламини камайтиришга, мардикорлар чет элга чиқиб кетишининг олдини олишга олиб келадиган бир омил ҳисобланади.

Озодлик: Ўзбекистоннинг кўзга ташланаëтган кўп векторли сиëсати мамлакат ичидаги сиëсий, иқтисодий, инсон ҳуқуқлари ва демократия билан боғлиқ вазиятни яхшиланишига олиб келадими?

Камолиддин Раббимов: Мен қисман Абдусалом аканинг фикрига қўшиламан. Назаримда, Абдусалом ака айтмоқчи эдики, Ғарб Ўзбекистоннинг ичида бўлиши Ўзбекистон ҳукуматини маълум бир даражада ушлаб турадики, репрессия, инсон ҳуқуқларининг тотал бузилиши ва қонунбузарликлар камроқ бўлади. Чунки Ғарб мулоқот орқали ҳокимиятни бундай хатти-ҳаракатлардан ушлаб туради, деган фикр билдирилди. Мен бу фикрга қўшиламан.

Озодлик: Медведевнинг Россияда ҳукумат тепасига келиши ва Путиннинг орқа планга ўтиши Ўзбекистондаги сиëсий об-ҳавога қандай таъсир қилади?

Камолиддин Раббимов: Медведев даврида ҳам коллектив бошқарув тизими сақланиб қолади. Бу ерда шартли ном билан айтиш мумкин бўлган “Собиқ КГБчилар гуруҳи” бор. Бу гуруҳнинг биринчи шахси ўзгаряпти, холос. Лекин Россиянинг ташқи ва ички сиëсатдаги ҳаракати катта ўзгаришга учрамайди.

Озодлик: Демак, Ўзбекистонда ҳам эски ҳаммом, эски тос бўлиб қолаверади?

Камолиддин Раббимов: Ўзбекистон алоҳида масала. Каримов ҳокимиятда бўлар экан, Ўзбекистонда катта ислоҳотлар амалга ошмайди. Чунки Каримов шундай бир паллага киряптики, борган сари консерватизм кучайиб бораверади. Каримов бундан кейин либерал ва жиддий ислоҳотлар ўтказишга қодир эмас.

Озодлик: Ташқи сиëсий ўзгаришлар Ўзбекистон ички об-ҳавосини ўзгартира оладими? Яъни инсон ҳуқуқлари, иқтисод, одамларнинг ҳаëт даражаси...

Тошпўлат Йўлдошев: Ташқи таъсирни мен иккига бўлардим: Ғарб томонидан бўладиган таъсир ва Россия ҳамда Хитой томонидан бўладиган таъсир. Ғарб томонидан бўладиган таъсир озгина бўлса ҳам Ўзбекистондаги аҳволни яхшилаш, халққа ëрдам бериш, инсон ҳуқуқларига, журналистларга, эркинликка бўлаëтган таъқибни камайтиришга уриниш. Россияга келадиган бўлсак, Путиннинг тизими ва сиëсати Ўзбекистонга ҳеч қандай ëрдам бермайди. У Ўзбекистондаги диктатурани янада мустаҳкамлашга ëрдам беради.
XS
SM
MD
LG