Линклар

logo-print

ИПОТЕКА КРЕДИТИ КИМЛАРГА НАСИБ ҚИЛАЯПТИ?


Шаҳриёр Ўн саккиз ёшли Дилноза барча қизлар каби ширин орзу-хаёллар билан турмушга узатилди. Куёв бўлмишнинг Тошкентдаги қайсидир туман судида судья ёрдамчиси лавозимида ишлаши Дилнозанинг оиласидагиларга айни муддаодай кўринганди. Улар: “Куёв топармон-тутармон экан, қизимизни ҳеч нарсадан кам қилмайди”, деган ўйда хурсанд эдилар. Бироқ Дилнозанинг бахтли онлари узоққа чўзилмади.

“Бир балоси бўлмаса...”

“Тўйимиздан 10 кун ўтар-ўтмас турмуш ўртоғим аллақандай ҳужжатларни олиб келиб, менга қўл қўйдирдилар. Мен азалдан ҳам тортинчоқ эдим, янги келинлигимда-ку бундай ёзув-чизувларни ҳатто ўқишга ҳам уялардим, шунинг учун кўрсатилган жойга имзо чекиб беравердим”, - дейди суҳбатдошимиз.
Кўзларида ёшлик сурури ўрнига алам ёшлари йилтиллаб турган суҳбатдошимизнинг давом этишича, у турмуш ўртоғининг аввалдан пишитилган режасига мувофиқ керакли ҳужжатларга имзо қўйгач, тўйдан бир ой ўтар-ўтмас уни ўз ота уйига келтириб қўйганлар. Маълум бўлишича, куёв Дилнозага ипотека банклари орқали бериладиган имтиёзли кредитга эга бўлиш мақсадидагина уйланган.

“Мен дардимни кимга айтаман...”

“Нега фақат ёш оилалар учун бериладиган имтиёзли кредитлар бугун йўлини қилган “уддабурон”ларнинг қўлига ўтиб кетмоқда, нега кредит берувчи банклар кредит олувчиларнинг ғаразли мақсадсиз ана шундай кредит олаётганларини ўрганиб чиқувчи қандайдир механизмни ишлаб чиқмаганлар?” - дейишади ёшгина қизларининг бахтсизлигидан ғамга ботган Дилнозанинг ота-онаси. Уларга кўра, ҳозирда ёш оилалар учун бериладиган бундай имтиёзли кредитларни нафақат ёш келин-куёвлар, балки кўплаб “учарлар” йўлини қилиб олишиб, бундан яхшигина фойда ҳам кўрмоқдалар.

“Шул эрур айбим, Фалоний, мардуми бегонаман...”

Яна суҳбатдошларимизнинг айтишларича, ҳозирда ёшларнинг бундай кредит олишлари кундан-кунга қийинлашиб бормоқда экан. Уларнинг таъкидлашларича, агар 30 га тўлмаган оила бошлиқларининг банк ёки бирон ҳокимият органларида таниш-билиши бўлмаса, бу оилалар ипотека кредитини олиш учун кўп йиллар кутишларига тўғри келади. “Биз ҳам қизимизнинг бошига тушган бахтсизликдан сўнггина президент фармони ана шундай ноқонуний йўллар билан бажарилаётганига гувоҳ бўлдик”, дейишди яна улар.
“Ҳаммасиям майли-я”, - дейишади яна Дилнозанинг ота-онаси, - “аммо маънавияти азалдан юксак саналган ўзбекларнинг ипотека олиш имконини қўлдан бой бермаслик учун бугунги кунда инсон тақдирини гаровга қўйиши ҳечам ақлга cиғмайди”.

“Бақамти гаплашайлик...”

Суҳбатдошларимизнинг сўзлари ҳақиқатга нечоғли яқин эканини аниқлаш мақсадида дастлаб Тошкент шаҳридаги Ипотека банки филиалларидан бирига сим қоқдик ва ёш оила учун имтиёзли кредит олиш тартиби билан танишмоқчи эканимизни билдирдик. Банк ходими, агар имтиёзли кредит уй-жой ёки автомобиль сотиб олиш учун олинадиган бўлса, ҳозирда бундай кредитлар учун лимит йўқлигини, қолаверса, бундай кредит олиш масаласини фақат банк масъули билан юзма-юз учрашувда ҳал этиш мумкинлигини маълум қилди. Унинг айтишича, бундай кредит учун 2009 йилнинг бошларига қадар лимитлар тўлиб бўлган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон президентининг 2006 йил кузида ёш оилаларни маънавий-моддий қўллаб-қувватлаш мақсадида чиқарилган имтиёзли кредитлар бериш тўғрисидаги фармонига мувофиқ ипотека кредитлари 30 ёшга тўлмаган мижознинг молиявий имкониятларига қараб, 3 йилдан 15 йилгача муддатга берилади. Бунда дастлаб сотиб олинаётган кўчмас мулк нархининг 25 фоизи тўланиши лозим ва бундай кредитларнинг йиллик фоиз ставкаси 12-16 фоизни ташкил этади.
XS
SM
MD
LG