Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 18:22

Грузия масаласи сайловдан сўнг муҳокама қилинади


Европа Иттифоқи ташқи ишлар вазирлари Грузия билан эркин савдо ва виза тартибини енгиллатиш масаласини мамлакатда парламент сайлови ўтганидан сўнг муҳокама қилишга қарор қилди.

ЕИ ташқи ишлар вазирлари Россия Грузиянинг исёнкор Абхазия ўлкасига нисбатан жорий қилган савдо санкциясини бекор қилгани борасида хавотир билдирилди.

Ҳозир ЕИга раислик қилаётган Словения ташқи ишлар вазири Дмитрий Рупел Россия ва МДҲдаги айрим мамлакатларнинг Косовони Абхазия билан қиёслаши ўринсиз эканини қайд этди.

ЕИ ўтган ой Сербиядан ажралиб чиққан Косово мустақиллигини тан олган. Д.Рупел вазирларнинг Брюсселдаги йиғилишида бу масала батафсил муҳокама қилинмаганини айтди.

ЕЕининг ташқи алоқалар комиссари Бенита Ферреро-Валднер йиғилиш арафасида воқеалар ривожидан ташвиш билдириб, барча томонни оғир-босиқ бўлишга чақирди.

“Биз барча ҳамкорларимизни минтақада вазият кескинлашишига сабаб бўлувчи, шунингдек, Тбилиси ва Москва ҳамда Тбилиси ва Сухуми ўртасидаги ишончга путур етказиши мумкин бўлган ҳар қандай хатти-ҳаракат ёки баёнотлар беришдан тийилишга чақирамиз”, – деди ЕИ расмийси.

Грузия парламенти раиси Нино Буржанадзе ўтган ҳафтада “Озодлик”ка берган интервьюсида Россия Абхазияни “ўзига қўшиб олиш”га тайёрланаётганини айтган эди. Брюсселга ташрифи чоғида Нино Буржанадзе ўз хавотирини АҚШ давлат котиби Кондолиза Райс ва Ферреро-Валднер ҳамда ЕИнинг бошқа юқори лавозимли расмийларига билдирди.

Россия Косово мустақиллиги дунёнинг бошқа минтақаларидаги исёнкор ўлкаларга намуна бўлиши мумкинлигидан огоҳлантирган эди. ЕИ эса Косово воқеаси бошқалар учун намуна бўлмаслигига умид билдирди.

Грузияни қўллаб-қувватлаш мақсадида ўтган ойда Швеция ва Польша ҳукуматлари ЕИнинг бошқа аъзоларига мурожаат қилиб, апрель ойида Грузияда ўтказиладиган парламент сайловида ЕИ Тбилисига ёрдам бериши кераклигини маълум қилган эди. Мурожжатда ЕИ Грузия билан эркин савдо ва виза тартибини енгиллатиш борасида зудлик билан музокара бошлаши таклиф қилинган.

Швеция ва Польша “Грузиянинг дўстлари”, деб аталаётган гуруҳга етакчилик қилмоқда. Болтиқбўйининг уч давлати, Чехия, Болгария ва Руминия ҳам шу гуруҳ аъзоларидир. Бироқ дипломатлар Грузия билан яқин алоқада бўлиш, айниқса, виза тартибини енгиллатишга қарши бўлган ЕИ давлатлари сони улардан кўп эканини айтмоқда.

Бенита Ферреро-Валднер Грузия тарафдорлари, айниқса, виза масаласида қаттиқ қаршиликка учрашини айтди.

“Виза тартибини енгиллатиш масаласини, албатта, ЕИга аъзо барча давлатлар қўллаб-қувватлаши керак бўлади. Биз бу жараёнда муҳим рол ўйнашимиз керак. Мен шахсан бунинг тарафдориман” – деди ЕИ расмийси.

Бу масала Грузия учун жуда муҳим. Чунки исёнкор Абхазия ва Жанубий Осетия фуқароларининг тахминан 70 фоизига Россия паспортлари берилган. Россия ЕИ билан виза тартибини енгиллаштириш ҳақида аллақачон келишувга эришган. Ўз навбатида, бу Грузия фуқароларини исёнкор Абхазия ва жанубий осетияликлар олдида ноқулай вазиятда қолдирган.
XS
SM
MD
LG