Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:15

Кутилаётган катта умидлар “катта”ларни қизиқтирадими?


http://uza.uz/ru/images/426t.jpg Туркманистон президенти Қурбонқули Бердимуҳаммедовнинг Ўзбекистонга ташрифидан икки давлат чегарасида яшовчи аҳолининг умиди катта бўлаётир.

Маълумотларга кўра, Туркманистоннинг Ўзбекистон билан чегарадош Лебоб ва Тошҳовуз вилоятларида 700 мингдан зиёд ўзбек истиқомат қилади. Ўзбекистонда эса 160 минг этник туркман яшайди.

Хўш, Ўзбекистоннинг Туркманистон билан чегара ҳудудларида яшовчи аҳоли икки давлат раҳбарларининг учрашувидан нималарни кутмоқда?

Қорақалпоғистоннинг Туркманистон билан чегара ҳудудлари узунлиги 400 километрни ташкил қилади. Чегара муаммолари боис, азал-азалдан чегара нималигини билмай, оға-ини, қариндош-уруғ бўлиб кетган икки миллат ўртасидаги борди-келди тобора қийинлашаётгани кузатилади. Қорақалпоғистонликлар Туркманистон президентининг Тошкентга ташрифи натижасида айни муаммо барҳам топишига умид боғламоқда.

“Қорапалқоғистонликлар Туркманистон президентининг Тошкент сафаридан ўзаро ҳамкорлик билан бирга, асосан, чегаралар очилишини кутяпти. Бу тўғрида Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг ўтган йил октябрь ойидаги Ашхобод сафаридан сўнг келишув имзоланган. Лекин бу келишувларнинг реал натижалари кўринмаяпти. Шунинг учун туркман президентининг Тошкентга сафари якунида чегара муаммолари ҳал бўлишини кутишяпти”,- дейди қорақалпоғистонлик Солижон Абдураҳмонов.

Хоразмликлар ҳам икки давлат раҳбарларининг Тошкентдаги учрашуви чегара муаммоларига барҳам берар, деган умидда.

“Туркманистонга визасиз ўтиш илгари 6 кун бўлган бўлса, ҳозир 3 кун. Яна Ўзбекистон фуқаролари 8 доллар тўлаши керак. Жуда кўп оилаларнинг бу маблағни тўлашга қурби етмаслигини инобатга олсак, одамлар Туркманистон томони чегарадаги тўлов бекор қилинишини кутмоқда”,- дейди суҳбатдошлардан бири.

Демаркация муаммолари боис ҳам ўзбек-туркман чегара ҳудудларда яшовчи аҳоли кўпгина мушкулликларга дуч келди. Биргина Қорақалпоғистоннинг Шуманай туманида 2 минг аҳоли демаркация туфайли бошпанасиз қолди. Чегара ҳудудларидаги аҳоли Тошкентдаги учрашувдан кейин демаркация муаммолари ҳам ечим топишини истайди.

Кузатувчи Тўрабек Сано эса туркманистонликлар Ўзбекистонга ўтганида дуч келадиган асосий муаммога тўхталди.

“Муаммоларнинг бири ўзбек сўмининг конвертация қилинмаганидир. Улар Ўзбекистонга келиб Туркманистонга қайтар экан, ўзбек сўмини манатга айлантириш муаммосига дуч келади. Бу муаммо ҳал этилмаган ва учрашувдан кейин ҳам ҳал этилишига ишониш қийин”,- дейди Тўрабек Сано.

Марҳум туркманбоши Сапармурод Ниёзов даврида Туркманистондаги айрим ўзбек келинлари болалари билан Ўзбекистонга қайтариб юборилган эди.

“Туркманистонга келин бўлиб тушган қорапалпоғистонлик қизларни бироз муддатдан кейин Туркманистон томонининг тегишли ҳужжатларини расмийлаштирмаганлик баҳонасида чиқариб юбориш ҳолатлари кузатилмоқда. Бундай ҳолатлар Амударë, Чимбой туманларида, айниқса, туркманлар кўп яшайдиган Тўрткўл туманида бор”,- дейди С.Абдураҳмонов.

Эндиликда аҳоли келинлар ўз оилаларига қайтишига умид қилмоқда.

Шунингдек, С.Ниёзов даврида Туркманистондаги ўзбеклар камситилиб, тазйиқ ва таҳдидларга дуч келган. Мавжуд ўзбек мактаблари, ўзбек тилидаги газета-журналлар ёпилганди.

Кузатувчи Тўрабек Сано фикрича, айни муаммоларнинг тўла ечим топиши мушкулдир.

“Туркманистондаги ўзбеклар муаммоси ҳеч кимни қизиқтирмайди. Туркманистондаги ўзбекларни ўз вақтида уйларидан уриб чиқариб, мамлакат ичкарисига кўчиришганига ўзим гувоҳман. Туркманистондаги ўзбеклар муаммоси ечилиши қийин масала. Ислом Каримов ҳукумати ўзбек миллатининг қайғусини, дардини эшитмайди. Шунинг учун у бу талабларни Қ.Бердимуҳаммедов олдига қўйиши қийин”,- деди Т.Сано.
XS
SM
MD
LG