Линклар

Янги машиналар нархи бойларни ҳам чўчитади

  • Фаррух Юсуфий

http://tbn0.google.com/images?q=tbn:HQyul6VeTK5baM:http://www.iwpc.org/library/Logos/GM%2520Logo.jpg 20 март куни Ўзбекистонда “Женерал Моторс Ўзбекистон” қўшма корхонаси расман иш бошлайди. “ЎзДэуАвто” ширкати ўрнига очилаётган қўшма корхона келаси беш йилга барча турдаги солиқлардан озод этиладиган бўлди.

Ўзбекистон президенти Ислом Каримов “Хорижий сармояни жалб этган ҳолда “General Motors Uzbekistan” қўшма корхонасини ташкил қилиш тўғрисида” фармон имзолаганини хабар қилган ахборот агентликларининг ёзишича, янги корхонанинг низом капитали 266 миллион АҚШ долларига тенг бўлади ва беш йилга барча солиқлардан озод этилади.

Бироқ Ўзбекистон расмий матбуоти И.Каримовнинг фармони ҳақида хабар тарқатгани йўқ.

“Ўзавтосаноат” компаниясининг ўз исми ошкор этилишини истамаган мутасаддилари ҳам янги ширкат солиқлардан озод этилиши ҳақидаги хабарларни тасдиқламади, лекин инкор ҳам қилмади.

Уларнинг билдиришича, “General Motors Uzbekistan” қўшма корхонаснинг расмий очилиш маросими 20 март куни бўлиб ўтади. Шу сабабдан мавзуга оид барча саволларга 20 мартдан кейин жавоб берилишини таъкидлади “Ўзавтосаноат” ширкати вакиллари.

“ЖМ Ўзбекистон” қўшма корхонаси ҳали расман очилмаган бўлса-да, Асакадаги заводда автомобилларни йиғиш ишларини бошлаб юборган. “Ўзавтосаноат” расмийси “Озодлик” билан суҳбатда ҳозир “Шевроле” русумли автомобилларнинг учта модели конвейердан чиқа бошлаганини билдирди.

Бу хабарни Тошкентдаги автосалонлардан бирининг директори ҳам тасдиқлади.

“Ҳозир “Такума”, “Эпика” ва “Каптива” номида учта модел чиқа бошлади. Бу машиналар мамлакат бўйича бешта жойга берилган, холос. Булар Андижон, Тошкент, Қорақалпоғистон, Самарқанд ва шу томонлар. Яъни регионлар бўйича беришди. Янги автомашиналар чиқа бошласа, ишларимиз анча юришиб қолишига умид қиляпмиз”,- дейди автосалон хўжайини.

Шундай қилиб, режалар катта, “General Motors”нинг “Шевроле” русумли автомобиллари харидори чаққон бўлишига умидлар бор.

Лекин янги машиналарнинг нархи қанча бўлади ва улар оммабоп бўладими?

“Ҳозир бу машиналар чекланмаган миқдорда савдога чиқарилган. “Такума” 32 миллион, “Эпика” 44 миллион, “Каптива” 52 миллион сўм туради”,- деди автосалон директори.

Бу ҳали Ўзбекистон автосалонлари учун одатий бўлган “шапкаси”ни ҳисобламаганда.

“Масалан, бугун “Нексия” дўконда 13 миллион 800 минг, “Дамас” 10 миллион 449 минг, “Матиз” 9 миллион 100 минг сўм туради. Бозорда эса “Нексия” 13.000-13.500 доллар”,- дейди автосалон директори.

Демак, янги “Нексия”нинг давлат нархи ва бозордаги нархи ўртасидаги фарқ қарийб беш миллион сўмдан ортиқ.

Нима бўлганда ҳам автосалон хўжайинлари янги машиналарнинг сотувга чиқишини қизиқиш билан кутмоқда. Президентнинг “General Motors Uzbekistan”ни солиқлардан озод қилиш фармони ҳам янги корхонанинг оғирини енгил қилишига умидлар ҳам йўқ эмас.

Унинг оммабоплиги оддий ўзбекистонлик у ёқда турсин, автосалон хўжайини каби ўзига тўқ тадбикор учун ҳам нархи тўғри келиши бошқа масала.

“Нархи тушадими ëки йўқми, бунисини билмадик. Ҳозирча янги машинадан олмайман. Чунки қиммат”- дейди автосалон хўжайини.
XS
SM
MD
LG