Линклар

Депутат аёлнинг ишдан кетиши сабаблари нимада?

  • Сарвар Усмон

Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси аъзоси Матлуба Бурхонова депутатлик мандатини ўз хоҳиши билан топширгани тўғрисидаги хабарларни парламентнинг баъзи вакиллари тасдиқлади.

Қонунчилик палатаси депутати Жасур Акромов “Озодлик” мухбири билан суҳбатда М.Бурхонова ўз аризасига кўра мандатини топширганини тасдиқлади. Бироқ унинг одам савдоси билан шуғуллангани ҳақида пайдо бўлган гапларга изоҳ билдиришни истамади.

Шунингдек, бошқа бир депутат ҳам М.Бурхонова депутатликдан кетганини тасдиқлади, лекин бунинг ортидаги сабабларга тўхталишни маъқул топмади.

М.Бурхонова депутатликдан кетгач, Навоий вилоятидаги сайлов ҳавзаси сайловчилари унинг ўрнига янги депутат сайлаши керак. Марказий сайлов комиссияси вакили сайлов қачон бўлиши тўғрисидаги саволга жавоб беришни ҳам лозим топмади.

Эндиликда собиқ депутат М.Бурхонова Ўзбекистон либерал демократик партияси сиёсий кенгаши аъзосидир.

Бироқ ЎзЛДПнинг “Озодлик” билан суҳбатлашган вакили М.Бурхонова депутатлик мандатини ҳали топширмаганини маълум қилди. Шунингдек, қачон топшириши ҳақидаги саволга ҳам тайинли жавоб қайтармади.

М.Бурхоновага боғлиқ миш-мишлар ҳақида Ўзбекистондан ташқаридаги нашрлар, хусусан, “Московский комсомолец” газетаси ҳам ўзининг 18 январь сонида ёзиб чиққан, депутатнинг ўғли, 29 ёшли Ботир Умуров Тошкент туманларидан бири суди томонидан ҳужжатларни қалбакилаштирганликда ҳамда одам ўғирлаганликда айбдор топилиб, 8 йилга озодликдан маҳрум қилинганини билдирганди.

М.Бурхонованинг яна бир ўғли, Ўзбекистон Бош прокуратураси терговчиси, 33га кирган Темур Умуров 2007 йил августида ишдан ҳайдалган.

Газетанинг ёзишича, депутатнинг ўзи одам савдоси билан шуғулланган жиноий гуруҳга кўмак кўрсатганликда гумон қилинаётган эди.

Бироқ ўша кунлардаёқ сайтлардан бири М.Бурхонованинг хати мазмунини эълон қилган.

Унда айтилишича, депутат ўзи ҳақда турли нашрларда эълон қилинган маълумотларни “хавфсизлик хизматлари тарқатаётган бўҳтон”, деб атаган.
XS
SM
MD
LG