Линклар

“Газпром” Марказий Осиёнинг арзон газидан маҳрум бўлди

  • Алишер Сиддиқ

Марказий Осиёнинг газга бой давлатлари илк бор биргалашиб Россиянинг “Газпром” компаниясини арзон газдан маҳрум қилди. Улар келаси йилдан бошлаб газни Европа нархларида сотиши ҳақида Россияни огоҳлантирди.

Бугунги кунда “Газпром”га ҳар минг куб метр газни ўртача 150 АҚШ долларидан сотиб келаётган Ўзбекистон, Туркманистон ва Қозоғистон Европа нахларига ўтса, ўз даромадларини икки баробар кўпайтира олади. Расмийлар газ нархининг оширилиши миллий иқтисодий манфаатларга асосланганини билдирмоқда.

“Ўзбекнефтгаз” компанияси вакили Собир Салимовнинг айтишича, Россияга сотилаётган газ нархи пастлиги Ўзбекистон томонини доимо ўйлантириб келган.

“Маълумки, нархлар ҳар хил бўлиб кетган. Биз 120 десак, улар 300дан ҳам сотяпти. Ҳамма нарх мутаносиб бўлиши учун Ўзбекистон ўз позициясини мустаҳкамлаяпти”,- деди С.Салимов.

Унинг таъкидлашича, Ўзбекистонга айтган нархида қатъий тураверади. Россия эса охир-оқибат белгиланган янги нархни қабул қилишга мажбур бўлади.

Ўзбекистон томонининг бундай қатъий позициясини қозоғистонликлар ҳам бирдек қўллаб-қувватламоқда.

“Қозмунайгаз” компанияси вакили Аржон Такачаковнинг билдиришича, аслида Қозоғистон томони узоқ вақтдан буён ўз гази нархини оширишга ҳаракат қилиб келди.

“Биз истаган нархда ўз газимизни сота олмасдик. Мана, ниҳоят “Газпром” билан гаплашиб олдик. Бу умумий манфаатларимизга мос бўлгани учун ташаббус уччала давлатдан чиқди”,- деди А.Такачаков.

“Газпром” компанияси Марказий Осиё давлатларининг бундай асп юришига ўз муносабатини билдиришга шошилмаётир. Бироқ “Газпром” матбуот вакили Денис Игнатьев Марказий Осиё газининг янги нархидан энг кўп азият чекиши аниқ бўлган давлатга ишора қилди.

“Ҳозирча украиналик дўстларимиз билан сўзлашувларнинг янги даврасини бошладик. Менимча, бу сўзлашувлардан кейингина бирор муносабат билдиришимиз мумкин. Чунки нархларнинг кўтарилиши бевосита уларга таъсир қилади”,– деди Д.Игнатьев.

“Газпром” вакилининг таъкидича, компания Марказий Осиё газини Европа мамлакатларига эмас, постсовет давлатларга сотади.

Айни пайтда Европа давлатлари Россиядан олинадиган газ нархининг оширилишига тайёргарлик кўрмоқда.

Баъзи сиёсий шарҳловчилар фикрича, Европа Иттифоқи Марказий Осиё давлатларининг Россияга адолатли газ нархини ўрнатишини аввалдан хоҳлаб келган.

Европа Иттифоқи ҳузуридаги Осиё тадқиқотлари институти таҳлилчиси Жон Куиглей Марказий Осиёнинг янги нарх-наво сиёсати минтақадаги асосий ўйинчилар бўлмиш Россия ва Хитойни ЕИ билан рақобатлашишга мажбур қилишини билдирди.

“Шубҳасиз, европалик истеъмолчилар учун газ қимматлашади. Лекин ЕИни Марказий Осиёдаги сиёсий вазият ва энергетик хавфсизлик кўпроқ қизиқтиргани боис, Марказий Осиё давлатларининг бир ёқадан бош чиқариб “Газпром” ёки Хитой компаниялари таъсирини камайтираётгани яхшидир”,– дейди таҳлилчи.

Марказий Осиё газ нархини Европа нархлари даражасига кўтарса, газни арзон олиб қимматроққа сотадиган “Газпром” даромадларининг камайиши турган гап. Бироқ “Газпром” ҳамон Марказий Осиё газ экспортининг асосий қисмини назорат қилади. Зеро, Европага муқобил газ қувурларни қуриш лойиҳалари ҳамон узоқ истиқболда қолмоқда.

Қозоғистонлик таҳлилчи Дўсим Сатбоев сўзларига кўра, “Газпром” Марказий Осиё давлатлари талабларидан келиб чиқиб ўз нарх-наво сиёсатини оқлашга ҳаракат қилади.

“Сотувчи қимматроққа сотишни, истеъмолчи арзонроқ сотиб олишни истайди. Шу маънода, албатта, Европада хурсандчилик йўқ. Лекин “Газпром” билан иш қиладиган Европанинг қўлидан ҳеч нарса келмайди. Улар янги нархларга кўникишга мажбур бўлади”,- деди таҳлилчи.

Ўз иқтисодий манфаатларини кўзлаётган Марказий Осиё давлатлари газ нархи оширилишидан, шубҳасиз, ютади. Бироқ кўплаб бошқа масалаларда йиллар давомида келиша олмаётган Марказий Осиё давлатлари бирлашиб, газ борасида Москвага дадил шартларни қўйиши ҳамон шубҳали қолаётир.
XS
SM
MD
LG