Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 18:32

Судларда қачон қонун устиворлиги бўлади?


Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи томонидан президент Ислом Каримов номига йўлланган очиқ хатда мамлакат суд тизимида қонунбузарликлар мунтазам давом этаётгани таъкидланади.

Гуруҳ раҳбари Суръат Икромовнинг “Озодлик”ка айтишича, жуда кўп суд жараёнлари ёпиқ тарзда ўтказилмоқда.

“Суд очиқ, деб эълон қилинганига қарамай, унга айбланувчиларнинг қариндошлари, журналистлар киритилмайди. Лекин сабаблари айтилмайди. Бу ерда Ўзбекистон процессуал кодексининг 19-моддаси бузиляпти. Суд очиқ, деб эълон қилинса, ҳамма киритилиши шарт. Улар кузатувчи сифатида шу судда ўтиради. Биз Олий суд раисига ҳам ариза ëзиб кўрдик. Лекин қанча жойга ëзмайлик, биттасига ҳам жавоб ололмаяпмиз”,- деди С.Икромов.

Тошкентлик таниқли имом Руҳиддин Фахрутдинов устидан ўтказилган судга ҳам унинг бирорта қариндоши қўйилмаган эди.

“Адвокат ва прокурордан ташқари ҳеч ким қўйилмади”,- дейди имомнинг отаси Фазлиддин ака.

Адвокат Руҳиддин Комилов ҳам Ўзбекистонда суд жараёнларидаги қонунбузарликлар ҳақида гапириб: “Фуқаролик ишими, жиноят ишими, маъмурий ишми - фарқи йўқ. Моддий ҳуқуқ нормалари инобатга олинаëтгани йўқ. Айб исботланмаган, лекин айби исботланди, деб суд ҳукм чиқаради”,- деди.

Айни пайтда қамоқхонада қолаётган фарғоналик ҳуқуқ ҳимоячиси Мўътабар Тожибоева билан боғлиқ суд жараёнида ҳам турли қонунбузилишлар бўлганини айтади унинг укаси Расул Тожибоев.

“М.Тожибоеванинг суди суд эмас, спектакль бўлди. Юқоридан буйруқ бўлгандан кейин судья ва прокурорлар роль ўйнаб берди. Шундай экан, уларнинг қонунни бузмасдан иложи йўқ. Ҳаммаси ўзидан қўрқади. Адвокатлар 100 фоиз оқлаб берган тақдирда ҳам уларнинг сўзи инобатга олинмади. Суд жараëнини камерага олиб туришган эди. М.Тожибоева фойдасига тааллуқли нарсалар айтила бошланганда судья камерани ўчиртириб қўйди. Унга қарши масалалар кўрилаëтганда камера ëқиб қўйиляпти. Мен бу ҳақда судьяга айтганимда, у мени суд залидан ҳайдаб чиқариб юборди”,- дейди Р.Тожибоев.

Суръат Икромов бу каби қонун бузилишлари ҳақида президент Ислом Каримов номига ёзилган очиқ хатда бир қатор талаблар қўйилганини билдирди.

“Вилоят, шаҳар, туман судларида очиқ, деб эълон қилинган судларга судланаëтган шахснинг яқин қариндошлари, бундан ташқари, ҳар қандай фуқаро кузатувчи сифатида қатнаштирилиши тўғрисида қандайдир фармонми, буйруқми берилса. Судни милиция қўриқлайди. Милициянинг судга келганларни киритиш-киритмасликка ҳаққи йўқ. Улар бинони қўриқлаши керак. Лекин, афсуски, суд раислари ва судьялар уларни ўз қўлида ишлайдиган одам, деб билади. Судьяларнинг буйруғи билан кимдир қўйилади, кимдир йўқ. Биз бунинг кўриб чиқилишини ҳам талаб қилганмиз”,- деди С.Икромов.

Ҳуқуқ ҳимоячилари ўз мурожаатлари инобатга олиниб, суд жараёнларида ўзгаришлар бўлишига умид қилмоқда.
XS
SM
MD
LG