Линклар

Юсуф Жума адвокатдан воз кечди...ми?

  • Садриддин Ашур

Адвокат Руҳиддин Комилов бухоролик диссидент шоир, айни пайтда ҳибсда сақланаётган Юсуф Жума ёзма ариза билан унинг хизматидан воз кечганини билдирганини маълум қилди.

Р.Комиловнинг айтишича, аризани унга Бухоро вилоятининг Қоракўл тумани терговчиси Раҳимов тақдим этган.

“Аризада Ю.Жума адвокатлар хизматидан воз кечиши, ҳуқуқларини ўзи ҳимоя қила олишини билдирган. Гапнинг очиғи, мен Ю.Жума билан учрашишга ҳаракат қилганим йўқ. Чунки учрашишга уриниш бефойда. Мен ишонсам ҳам, ишонмасам ҳам ариза мавжуд. Бу вазиятда менинг бошқа хатти-ҳаракатларни амалга оширишга ҳуқуқим йўқ”,- деди Р.Комилов.

Адвокат бундан бир неча кун олдин, яъни 7 мартда қамоқхонада Юсуф Жума билан учрашган эди. Ўшанда Юсуф Жума унга нисбатан жисмоний ва руҳий қийноқлар қўлланилаётгани ҳақида адвокатга ёзма ариза ёзиб берганди. Лекин,адвокатнинг билдиришича, қамоқхонадан чиқаётганида нозирлар тинтув ўтказиб, ундан ишга тааллуқли бўлган бир қанча ҳужжатларни ва Юсуф Жума ёзган аризани тортиб олган эди. Нозирлар томонидан адвокатга дўқ-пўписалар ҳам қилинган.

Юсуф Жуманинг Ўзбекистондан ташқарида яшаётган ўғли Алишер отасининг аризани ўз ихтиёри билан ёзганига ишонмайди. У отасига қийноқлар қўлланилиб, ариза мажбуран ёздириб олинганини таъкидламоқда.

“Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамияти аъзоси Абдураҳмон Ташанов ўз тажрибасида бундай ҳолатлар кўп бўлганини айтди.

“Жамоатчи ҳимоясини таклиф қилган жуда кўпгина шахслар мени рад қилишга мажбур бўлган. Суд, тергов тугагандан кейин мен ўша шахслар билан учрашганимда улар ўзларига қийноқлар ва босим бўлганини гапириб берган. Демак, Юсуф Жума адвокат ҳимоясидан воз кечаëтган экан, бу ерда ўзига яраша сабаблар бор. Яъни Юсуф Жумага руҳий, маънавий, жисмоний қийноқлар қўлланилаëтган бўлса, у шу сабабли адвокат хизматидан воз кечган бўлиши мумкин. Аслида биз Юсуф Жуманинг характерини биламиз. Ҳатто “Эзгулик” жамияти Васила Иноятовани жамоатчи ҳимоячи этиб тайинлаган. Лекин бунга прокуратура рухсат бермади”,- деди А.Ташанов.

Унинг сўзларига кўра, бундай қилинишдан асосий мақсад Юсуф Жумани ташқи дунёдан, ҳар қандай ахборотлардан умуман узиб қўйиш ва шу йўл билан маҳбусни руҳан синдиришдир.

Ўз шеърларида доим президент Ислом Каримов ва у юритаётган сиёсатни танқид қилиб келган Юсуф Жума ўтган йил декабрда Бухорода оилавий норозилик пикетини ўтказганидан бир неча кун ўтиб ҳибсга олинган эди. Юсуф Жума ўғли Машрабнинг ноҳақ ҳибсга олингани, маҳаллий телевидениеда оиласига қарши мазмундаги кўрсатувлар уюштирилаётганига қарши норозилик амалиёти ўтказганини билдирганди.

Ҳозир шоир ва унинг икки ўғли қамоқда. Турмуш ўртоғига ва қизига жиноят иши очилган. Юсуф Жуманинг озодликдаги оила аъзолари таъқиблардан қочиб мамлакатни тарк этишга мажбур бўлган.
XS
SM
MD
LG