Линклар

Ўзбекистонлик аёллар ҳомиладорликдан қандай сақланаяптилар?


Шаҳриёр Ўзбекистонда гинекологлар аёлларга ҳомиладорликдан сақланиш учун замонавий контрацепция воситаларини тавсия қила бошлаганларига ҳам бир неча йил бўлди. Бироқ ана шундай имкониятдан фойдаланаётган кўплаб ўзбек аёлларининг эътироф этишларича, мазкур воситалар уларнинг саломатлигига жиддий зарар етказмокда. Бундай таблеткаларни ичиш оқибатида баъзи аёлларда ҳаддан зиёд семириш ёки озиш, баъзан эса бачадондан сурункали қон кетиш ҳоллари рўй бермоқда.

“Дорини ҳам ўзбекчасига ичишаяпти”

Биз пойтахтдаги оилавий поликлиника олий тоифали шифокори билан айни ҳолатлар юзасидан суҳбатлашганимизда у кўплаб ўзбек аёлларида қатъий жадвал асосида ичиладиган контрацептив таблеткалардан фойдаланиш малакаси ҳали ҳам йўқлигини афсус билан таъкидлади. Унга кўра, кўпчилик аёллар бундай ҳапдориларни қўлланмада кўрсатилганидек ичмайдилар ва таркибида озгина бўлса-да гормонлари бор бу таблеткалар пала-партиш ичилиши турли нохуш оқибатларни келтириб чиқараяпти.

“Ўзбек аёллари учун ҳозирда энг қулай ва оммабоп контрацептив восита сифатида нимани тавсия этасиз?” деган саволимизга суҳбатдошимиз: “Албатта, имкон бўлса, биринчи навбатда, физиологик йўл, яъни қовуқ ичи ҳароратини ўлчаб, тақвим усули билан сақланишни тавсия қилган бўлардим”, дея жавоб берди. Унинг айтишича, уй юмушларига кўмилиб яшаётган ўзбекистонлик аёллар учун энг безиён ва қулай восита шу. “Бироқ”, - дейди яна аёллар шифокори, - “бу воситадан ҳам кўп аёллар тўғри фойдалана олмайдилар. Ҳамсуҳбат шифокор ҳозирда Ўзбекистондаги оилавий поликлиникаларда аёлларга вақтинча ёки бутунлай ҳомиладорликдан сақланиш учун кўплаб хорижий давлатлардан инсонпарварлик ёрдами сифатида келтирилган контрацептив таблеткалар ҳамда бачадон ичи воситаларининг текинга берилиши ва ўрнатилишини ҳам алоҳида таъкидлаб ўтди.

“Чўнтак кўтарса қани эди...”

Суҳбатимиз давомида шифокор ҳозирда кўп аёллар, одатда, бачадон ичи воситалари – спиралларни афзал кўришларини, бироқ маҳаллий аёлларда жуда кўп учраётган камқонлик, бачадон ва тухумдон сурункали касалликлари бундай воситани қўлламасликни тақозо этишини маълум қилди. Яна унинг айтишича, гинекологлар кўпинча аёлларга DIANE-35, REGULON, NOVINET каби таблеткаларни тавсия этадилар, бироқ бу ҳапдориларни ўзбек аёллари кўпчилиги сотиб олишга қурблари етмайди, шунинг учун ҳам улар таъқиқларга қарамай, кўп ҳолларда бачадон ичи воситаларидан фойдаланадилар, бу эса аксар ҳолларда ёмон оқибатларга олиб келади.

Гинекологлар тавсия этадиган бу контрацептив воситалар Тошкент шаҳридаги дорихоналарда 7000 сўмдан 15000 сўмгача туради, аммо баъзи оилавий поликлиникаларда текинга берилиши лозим бўлган ва танқис ҳисобланадиган “Регевидон” контрацептив таблеткаси анча арзон бўлиб, унинг нархи 3500 сўмни ташкил этади.

“Шифокорларнинг ўзлари ҳам баъзан бундай арзон таблеткалар кўпинча нохуш оқибатларга олиб келишини таъкидлашиб, бизга номи ҳам, нархи ҳам “улуғ” бўлган дориларни тавсия қилишади, - дейди ўзбек келинларидан бири, - лекин бундай қиммат ҳапдориларни ой сайин сотиб олиб, мунтазам жадвал асосида ичишга бизнинг на иқтисодий аҳволимиз йўл беради, на оилавий шароитимиз”.

“Хасис икки ҳисса кўп тўлайди”

Суҳбатимиз чоғида аёллар шифокори кўпчилик ўзбек аёлларининг ўз саломатликларига мутлақо лоқайд эканини қайд этаркан, уларнинг контрацептив воситалардан асло фойдаланмаслик ёки нотўғри фойдаланиш оқибатида йўқотилган саломатликларини тиклаш учун кейинчалик янада кўпроқ маблағ сарфлашларига тўғри келаётганини қайта-қайта таъкидлади.
XS
SM
MD
LG