Линклар

Ким ким билан ҳисоблашишга мажбур бўляпти?

  • Садриддин Ашур

Уч йиллик уринишлардан сўнг Халқаро қизил хоч ва қизил ярим ой жамиятига Ўзбекистон қамоқхоналарига киришга ижозат берилди, “Ҳьюман райтс уотч” ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ўз фаолиятини қайта бошлаш арафасида.

Бундан аввалроқ эса бир қанча инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари қамоқдан озод этилганди.

Хўш, Ғарб Ўзбекистон билан ҳисоблашишга мажбур бўляптими ёки Ўзбекистон Ғарб билан?

Сиёсатшунос Камолиддин Раббимов фикрича, Андижон воқеаларидан кейинги уч йил давомида расмий Тошкент дунё ҳамжамияти, хусусан, Ғарб томонидан бўлаётган ишончсизликдан, инсон ҳуқуқлари масаласи доим танқид қилиб келинаётганидан чарчади, яъни ҳолсизланди.

“Инсон ҳуқуқларининг бузилиши ва жамиятнинг назорат қилиб турилиши расмий Тошкент томонидан ҳокимиятни назорат қилишнинг шарти сифатида қаралади. Шу нуқтаи назардан, албатта, Тошкент ўз имижи ҳақида ўйлайди”,- деди К.Раббимов ва лекин стратегик нуқтаи назардан қараганда, бу билан Ўзбекистонда жиддий ислоҳотлар бошланди, дейиш нотўғри бўлишини, бу ҳокимиятнинг манфаатлари сақланган ҳолда ҳокимият обрў-эътиборини қайтадан тиклашга бўлган хатти-ҳаракат эканини таъкидлади.

Мухолифатдаги “Эрк” демократик партияси раиси Муҳаммад Солиҳ эса Ўзбекистон ҳукумати Ғарбга яқинлашиш сиёсатини юритаётганининг биринчи сабаби Россия ёки Хитойга қилинган бир ишорат эканини билдирди.

“Яъни агар сиз бизнинг ҳозирги олиб бораётган сиёсатимизни доим қўллаб турмасангиз, биз аввал қўллаб турган дўстларимизни топишимиз мумкин, деган ишорат. Ўзбекистон Ғарб билан алоқаларини яхшилаши кераклигининг иккинчи сабаби иқтисодийдир. Гарчи Ғарб томонидан Ўзбекистон таъсирли даражада изоляция қилинмаган бўлса ҳам ҳар ҳолда ярим ёки чорак даражада очиқ бўлиш Ўзбекистон иқтисодиётига фойдаси борлигини Каримовнинг ўзи ҳам тушуниб турибди. Буни Андижон воқеаларидан кейин рамзий даражада бўлса ҳам Европа Иттифоқи қўйган кичик санкцияларнинг таъсиридан ҳам билса бўлади. Буни Каримов кўрди ва қолган етти йил ҳукмронлигида у Ғарбни минимум душман қилмаслик ва максимум дўст қилиш тактикасига ўтяпти”,- дейди Муҳаммад Солиҳ.

Cиёсатшунос Тошпўлат Йўлдошев таъкидича, Ўзбекистон ҳукумати сўнгги уч йил ичида ички ва ташқи сиёсатда катта хатоларга йўл қўйди. Ғарб билан мулоқотга киришишни ана шу хатоларни тузатишдаги ижобий қадам, деса бўлади.

“БМТ доирасида Ўзбекистонга ниҳоятда оғир санкциялар қўйиш масаласи ўтган йилнинг ноябрь ойида кўриб чиқилди. Бу қанақа санкциялар бўлади, қанақа чоралар кўрилади, буларнинг ҳаммаси Ўзбекистон раҳбариятига аён. Ўзбекистон ҳукумати кейинги вақтларда қилаётган бундай ҳаракатларини ички ва босим самараси сифатида кўриш мумкин. Қизил хоч ташкилотига Ўзбекистон қамоқхоналарига киришига рухсат этилиши, ҲРУга аккредитация берилиши кутилаётгани ана шулар жумласидандир. Албатта, бу олдинга қўйилган қаламлар ҳисобланади, лекин бу қадамларнинг ҳаммаси мажбурий, зеро, ҳукуматнинг бошқа имконияти йўқ”,- деди Т.Йўлдошев.
XS
SM
MD
LG