Линклар

logo-print

Ҳуқуқ ҳимоячилари мулоқот тарафдори

  • Сарвар Усмон

Жаҳон мамлакатларида инсон ҳуқуқлари аҳволига доир АҚШ Давлат департаменти тайёрлаган ҳисоботнинг Тошкентда бўлиб ўтган тақдимотида “Эзгулик” жамияти раҳбари Васила Иноятова ташкилоти инсон ҳуқуқлари соҳасида Ғарб билан Ўзбекистон ўртасида мулоқот бўлиши тарафдори эканини билдирди.

Ушбу маросим АҚШнинг Тошкентдаги элчихонасида бўлиб ўтди. Хорижий дипломатик ваколатхоналар, инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ва сиёсий партиялар вакиллари иштирок этган мазкур тадбирда “Эзгулик” жамияти ҳам ўз йиллик ҳисоботини тақдим этди.

“Эзгулик” вакили Абдураҳмон Ташанов Давлат департаменти ҳисоботи билан танишишга улгурганлар унда Ўзбекистондаги вазият анчагина қаттиқ танқид остига олинганини таъкидлаганини билдирди.

“Тақдимот маросимида АҚШ ва Ғарб билан муносабатлар ўзгаришлар палласига келгани туфайли суҳбатнинг асосий мавзуи Европа Иттифоқи Ўзбекистонга қарши қўлламоқчи бўлаëтган ëки узайтирилиши кутилаëтган санкцияларга қаратилди. Шу жумладан, АҚШ элчиси Ричард Норланд кўпчилик йиғилиш қатнашчиларига мурожаат қилиб: “АҚШ ва Ғарб санкциялар қўллагани яхшими ëки муносабатларни тиклаганими”, деган савол қўйиб, ҳатто буни овозга қўйишга ҳам тўғри келди. Ўша ерда кўпчилик йиғилиш қатнашчилари: “Албатта, санкциялар бекор қилингани яхши. Чунки бу маълум даражада мамлакатни изоляция қилиб қўйди”, деган фикрни айтди”,- деди А.Ташанов.

“Озодлик” мухбири элчихонадаги учрашувда иштирок этмаган баъзи ҳуқуқ ҳимоячилари билан ҳам суҳбатлашди.

Сирдарёлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Исроилжон Ризаевнинг билдиришича, 2007 йилда вилоятда инсон ҳуқуқлари соҳасида баъзи ижобий ўзгаришлар ҳам рўй берган.

“Ҳуқуқ ҳимоячиларига тазйиқлар, босимлар, ҳибс этишлар 2007 йилда 2005 ва 2006 йилларга нисбатан кўп бўлмади. Бундан ташқари, 2007 йил 30 ноябрдаги амнистия бўйича баъзи ҳуқуқ ҳимоячилари, жумладан, “Эзгулик”нинг вилоятимиздан бўлган аъзоси Карим Бозорбоев ҳам озодликка чиқди. Шунингдек, олдинги йилларда кичик тадбиркорларга, фермерларга бўлаëтган тазйиқлар жуда авж олган бўлса, 2007 йилда бу борада ҳам ижобий силжишлар бор”,- деди И.Ризаев.

Жиззахлик ҳуқуқ ҳимоячиларидан бири Маъмуржон Азимов ҳам баъзи ижобий ўзгаришларни эътироф этган ҳолда: “Сайлов мобайнида эркин фикр билдириш ҳуқуқи чегаралаб ташлангани тўғрисида гапирган бўлардим. Ҳақиқатдан ҳам 2007 йилда жуда оғир бўлди. Айниқса, сайлов олдидан қўрқув остида ушлаб туриш учун фуқароларни ҳам, ҳуқуқ ҳимоячиларини ҳам қаттиқ назорат остига олишди”,- деди.

Маъмуржон Азимовнинг бу гапларига ижобий ўзгаришларни эътироф этаётган сирдарёлик Исроилжон Ризаев айтган мана бу гап далил бўлиши мумкин:

“Инсон ҳуқуқлари жамиятининг Сирдарë вилояти бўлими раиси Аъзам Фармонов ва Мирзаобод тумани бўлими аъзоси Алишер Кароматов амнистияга тушгани йўқ”.
XS
SM
MD
LG