Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 01:27

Судлар оқлашни унутган...ми?


АҚШ Давлат Департаментининг 2007 йилда жаҳон мамлaкатларидаги инсон ҳуқуқлари вазиятига оид эълон қилинган ҳисоботида, хусусан, Ўзбекистон суд тизимидаги қонунбузарликлар ҳақида тўғри айтилгани таъкидланмоқда.

Ҳисобот муаллифлари фикрича, бугун Ўзбекистонда ўтказиладиган судларда оқлов ҳукми деярли чиқарилмайди. Умуман, дейилади ҳужжатда, ҳукумат гумонлаётган шахс расмийлар томонидан ҳибсга олинган дақиқаданоқ жиноятчи сифатида кўрилади ва унга айбсизлик презумпцияси тадбиқ қилинмайди.

Суд чиқарган ҳукм давлат қораловчиси тавсия қилган жазодан юмшоқроқ бўлса, прокурор юқори судга шикоят қилиш ҳуқуқига эга. Чиқарилган ҳукмлар эса айбланувчи ва гувоҳларнинг қийноқлар, таҳдидлар ёки бошқа турдаги босимлар остида олингани айтиладиган иқрори ёки кўрсатмаларига асосланади, дея таъкидланади ҳисоботда.

Ҳозирча Ўзбекистон расмий идоралари бу ҳисобот юзасидан фикр билдиришга ошиқаётгани йўқ. Хусусан, Омбудсман идораси вакили “Озодлик” билан суҳбатда Омбудсман ҳужжат билан танишиб чиқишга улгурмаганини билдирди.

Ўзбекистон Омбудсманидан фарқли ўлароқ, кузатувчи ва таҳлилчилар йиллик ҳисобот билан танишиб чиқишга улгурди.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Суръат Икромовнинг таъкидлашича, мамлакат суд тизимида расмийлар йўл қўяётган қонунбузарликлар туфайли мутлақ айбсиз фуқароларнинг жазога тортилиши кўпайиб кетган.

“Судлар Жиноят-процессуал кодексига мутлақо зид равишда иш юритади. Мана, ҳозир бир нечта судлар бор. Шундай қилинганки, ишлар буйруқ бўйича ëки кимнидир хоҳиши билан олиб бориляпти. Яъни мутлақо айбсиз одамлар айбланиб, ишлар бир тарафлама кўриб чиқиляпти. Бундан ташқари, ҳозир айрим адвокатларга тазйиқлар бошланиб кетган”,- деди С.Икромов.

Ўзбекистонлик адвокат Руҳиддин Комилов ҳам мамлакат суд тизимида айбланувчига нисбатан айбсизлик презумпцияси тадбиқ этилмаслиги ҳақидаги АҚШ Давлат департаменти хулосаларини тасдиқлайди.

“Бунга тўлиқ қўшиламан. Бизда хатга тушдинг, ўтга тушдинг. Айбсизлик презумпцияси бизда ишламайдиган модда. Бу конституцияда ҳам белгиланган. Конституцияда кўп нарса яхши ëзилган-ку, лекин ҳамма нарса амали билан чиройли”,- деди Р.Комилов.

Давлат департаменти ҳисоботида айтилишича, айбланувчилар судда иштирок этиш, ўзларини ҳимоя қилиш ва адвокат ёллаш ҳуқуқига эга. Баъзи ҳолларда, жумладан, диний сабабларга кўра судланаётганлар учун ҳукумат давлат ҳимоячисини тақдим қилади. Лекин давлат адвокатлари ўз мижозлари эмас, давлат қораловчиси манфаатларига хизмат қилади. Бунинг натижасида эса ўтган йил давомида судга тортилган бирорта ўзбекистонликнинг оқлангани кузатилмади.
XS
SM
MD
LG