Линклар

logo-print

Намойишда қатнашгани учун ҳам айбланиш мумкин


Тошкент вилояти жиноят ишлари суди Ўзбекистон ҳукуматига қарши Лондонда ўтказилган норозилик акцияларида иштирок этганликда айбланган Алишер Убайдуллаев ишини апелляция тартибида кўриб чиқишни бошлади.

30 ёшли А.Убайдуллаев Андижон воқеалари муносабати билан Ўзбекистоннинг Лондондаги элчихонаси олдида бўлиб ўтган норозилик акциясида қатнашганликда гумон қилиниб, Ўзбекистонга қайтгач ҳибсга олинганди.

Дастлабки суд ҳукмига кўра, А.Убайдуллаев конституциявий тузумга тажовуз қилиш ва “Ҳизб ут-таҳрир” ҳаракатига алоқадорликда айбланиб, 5 йил муддатга озодликдан маҳрум этилган.

Алишерга судда отаси Омон Убайдуллаев ҳимоячилик қиляпти.

“Терговда қатнашган гувоҳлардан бирортаси унинг айбдорлигини тасдиқламади. Ҳаммаси тергов давомида ўзларига тазйиқ ўтказилгани, қўрқитилганини айтди. Улар дастлабки судда тергов жараëнида берган гувоҳликларидан қайтди. Шунга қарамай, судья 5 йил берди. Нимага берганига мен ҳам ҳайронман”,- деди О.Убайдуллаев.

У апелляция тартибидаги суд жараёнида ўғлининг оқланишига ишонади. Чунки ўғли Алишер тергов давомидаги қийноқлар натижасида сохта жиноятни бўйнига олишга мажбур бўлганини айтади у.

“Тоштурмада уни бир камерадан иккинчи камерага ўтказиб, 4 та одам урган. Эрталаб ўғлимнинг олдига борсам боши оғрияпти, оëғи оқсаяпти, бадани моматалоқ бўлиб кетган. Калтаклаганлар ўзлари Миллий хавфсизлик хизматига ишлашини айтиб, ундан зарур кўрсатмаларини олиб, кейин қўйиб юборган. Мен бу ҳақда дарҳол турма бошлиғи Эркин Одилов ва прокуратурага ëздим. Ҳеч қанақа чора кўрилмади. Ҳеч қанақа жавоб ҳам келмади”,- деди О.Убайдуллаев.

“Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамияти раиси Васила Иноятова Алишер Убайдуллаевга очилган жиноят иши материаллари сиёсийлаштирилган ва сохта мотивлар билан асослантирилган, деб ҳисоблайди.

“Бу йигит “Ҳизб ут-таҳрир”нинг Лондондаги аъзолари билан учрашгани, Андижон воқеалари муносабати билан Ўзбекистон элчихонаси олдида намойишлар ўтказгани тўғрисидаги кўрсатмалар берилган. Андижон воқеларидан кейин, айниқса, ҳуқуқ ҳимоячилари, мухолифат вакиллари ва журналистлар Ўзбекистонни ташлаб чиқиб кетишга мажбур бўлган. Улар ҳозир Ўзбекистонда бўлаëтган қонунбузарликлар, зўравонликлар, сайловдаги нодемократик хатти-ҳаракатлар бўйича ўша ерда турли тадбир ва намойишлар ўтказмоқда. Мен буни ўша ерда қатнашаëтган ўзбекистонликларга таҳдид, деб биламан. Алишерни намойишда қатнашгани учун, ўзининг конституциявий ҳуқуқларидан фойдалангани учун 5 йилга қамаш билан Ўзбекистон ҳукумати бундан кейин конституциявий ҳуқуқлардан фойдаланмаслик лозим, деган таҳдидни билдирмоқда”,- деди В.Иноятова.
XS
SM
MD
LG