Линклар

logo-print

Қонун бор, энди болалар ҳуқуқи ҳимояланадими?


Ўзбекистон Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси бола ҳуқуқлари тўғрисида қабул қилган икки қонундан бири “Энг ёмон кўринишдаги бола меҳнатидан фойдаланишни тақиқлаш ва уни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисидаги конвенциясини ратификация қилиш тўғрисида”дир.

Бу конвенция 1999 йилда Халқаро меҳнат ташкилотининг Женевада ўтган 87-сессиясида қабул қилинган эди. Орадан тўққиз йил ўтгач, Олий Мажлис томонидан ҳам бу ҳужжат тасдиқланди. Бу эса бундан буён Ўзбекистон халқаро конвенция талабларини ҳаётга тадбиқ этишни расман ўз зиммасига олганини англатади.

Ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячиси Ёдгор Турлибеков фикрича, ўзбек парламенти томонидан бу ҳужжатнинг ратификация қилиниши халқаро босим натижасидир. Чунки Ўзбекистонда пахта йиғим -теримида болалар меҳнатидан оммавий тарзда мажбурий фойдаланиш ҳолати Европа ҳамжамиятида катта шов-шувга сабаб бўлган, бунинг оқибатида Европанинг бир қанча йирик савдо ширкатлари ўзбек пахтасидан тайёрланган маҳсулотларни сотиб олишга блйкот эълон қилган эди.

“Йирик корпорация ва компаниялар Ўзбекистон пахта маҳсулотларидан ўзини олиб қочиши, уни ишлатмасликка қарор қилиши Ўзбекистонни қандайдир ваҳимага солганга ўхшайди”,- деди Ёдгор Турлибеков.

Халқаро конвенциянинг Олий Мажлис томонидан тасдиқланиши Ўзбекистон бундан буён пахта теримида болалар меҳнатидан фойдаланмаслигини англатадими?

Олий Мажлис депутати Муҳаммадюсуф Тешабоевнинг ўзбек матбуотига конвенциянинг қабул қилиниши борасида берган маълумотидан бу саволга жавоб олиб бўлмайди. Ғарб давлатларидан бирида яшаётган ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячиси Надежда Отаева эса бу саволга “ҳозирча йўқ”, деб жавоб беради.

“Менимча, кейинги икки йил мобайнида ҳам бола меҳнатидан фойдаланилади. Лекин бу жараён ҳар қачонгидан кўра яширинроқ тарзда амалга оширилади”,- дейди Надежда Отаева.

Ҳуқуқ ҳимоячиси ўз сўзларининг тасдиғи сифатида айрим рақамларни келтирди.

“2000 йилда бир тонна пахта 1000-1200 доллар атрофида эди. Ҳозир эса бир тонна пахтани Ўзбекистонда 700 долларга сотиб олиш мумкин. Бундан кўриниб турибдики, Ўзбекистон ҳукумати пахта таннархини тушириш сиёсатини юритмоқда. Бу сиёсатни эса болалар меҳнатидан фойдаланмасдан амалга ошириб бўлмайди. Бундан ташқари, Ўзбекистонга халқаро конвенция талабларини ҳаётга тадбиқ этишни таъминлаш ишларига камида икки йиллик муддат керак бўлади”,- деди Надежда Отаева.

Ўзбекистон расмийлари мамлакатда ҳукуматнинг бола меҳнатидан мажбурий фойдаланиш ҳолати йўқлигини билдириб келади. Олий Мажлис депутати М.Тешабоев эса расмий Тошкентга мойил “Пресс-ўз.инфо” сайтига Ўзбекистоннинг бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги миллий қонунчилиги халқаро конвенцияларга қараганда “анча мукаммал” эканини айтган. Бундан ташқари, депутат “Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги” қонун ҳам жорий йилдан бошлаб амал қила бошлаганини эслатиб ўтган.

Бироқ ҳуқуқ ҳимоячиси Ёдгор Турлибековнинг таъкидлашича, миллий қонунчиликнинг халқаро меъёрлардан мукаммал экани ҳам, “Бола ҳуқуқлари тўғрисида”ги қонуннинг ҳаётга тадбиқ этилиши ҳам Ўзбекистонда бола меҳнатидан фойдаланиш кўринишларини бартараф эта олмайди.
XS
SM
MD
LG